Бугун Coca-Cola Суперлиганинг 16-туридан ўрин олган “Металлург” ҳамда “Пахтакор” ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади. Доимгидек, чемпионлик учун асосий фаворит саналган “Пахтакор”нинг ушбу қарама-қаршиликда ҳам имконияти юқори ҳисобланмоқда.

Мазкур клубларнинг ўзаро тўқнашувларида ҳам “шерлар”нинг яққол устунлигини кўриш мумкин. Шу кунгача ўтказилган 46 та ўйиннинг 38 тасида “Пахтакор” ғалаба қозонган. “Металлург” эса фақат 4 тагина баҳсда жиддий рақибини тиз чўктира олган холос. Шунингдек, яна 4 та беллашувда томонлар дурангга рози бўлган. Тўплар нисбати ҳам шунга яраша, “Металлург” 35 та гол уриб, ўз дарвозасидан 121 та тўп олиб чиққан.

Охирги 8 та учрашувдан бери фақат “Пахтакор”нинг қўли баланд келмоқда. Бекободликлар сўнгги бор 2016 йилнинг 9 сентябрь куни 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Бундан ташқари, анчадан бери бу жамоалар ўртасидаги баҳсда дуранг ҳам қайд этилмай қўйган. Бунга қадар, 2011 йилги мавсумда “Пахтакор” майдонида ўтказилган учрашувда ҳисоб очилмаганди. Эътиборлиси, мазкур жамоалар ўртасидаги охирги учта ўйинда “Пахтакор” фақат 2:1 ҳисобида муваффақият қозонмоқда.

Ушбу беллашув бугун “Металлург” стадионида соат 19:00 да бошланади. “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)