Миллатлар Лигасида ҳафта рамзий терма жамоаси

Миллатлар Лигаси жорий мавсумини ҳам бошлаб олдик. Анча қийин старт дейишимиз мумкин. Ярим йиллик танаффусдан сўнг терма жамоаларнинг ўзаро тил топишиб кетиши вақт талаб қилди. Бу айниқса 1-турда кўриниб қолди. Кичик бир муддат мобайнида ушбу турнир нақадар керак экан деган саволлар ҳам пайдо бўлди. Кейинроқ эса бу гумонлар ҳам аста-секин барҳам топди.
Иккинчи турда биз аста-секин жамоаларни таний бошладик. Грандлар ўз ўйинини топиб олди. Биз эса ҳар иккала турни ҳам ҳисобга олишимиз лозим. Бошладик!

1

Мураббий: Дидье Дешам

Француз бош мураббийини Миллатлар Лигаси жорий ҳафтасида чинакам ғолиб мураббий, дея оламиз. Сабаби, у бир нечта экспериментларини амалга ошириб олиш баробарида керакли натижаларни ҳам қўлга киритди. Кеча Хорватияга қарши муҳим баҳсда майдонга тушганига қарамай, кичик жароҳат хавфи остидаги Мбаппени майдонга туширмади. Етакчиларисиз ҳам 100 фоизлик натижа қайд эта олган Дешамни олқишласак арзийди.

Дешам

Дарвозабон: Давид Де Хеа

А лига жамоалари орасидан гол ўтказиб юбормаган дарвозабонни топиш мушкул. Биргина Жордан Пикфорд ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди. Хорватия терма жамоаси посбони Ливакович ушбу ҳафтанинг энг зўр сэйвларини амалга оширган бўлса-да, амалда 8 та гол ўтказиб юборди. Де Хеа эса 2 та учрашувда 1 тагина тўпни дарвозасидан олиб чиқди. Вернер гол урган вазиятда Пау Торрес ҳужумчини очиқчасига ўтказиб юборган ва Рамоснинг улкан гавдаси МЮ посбони кўзларини тўсиб қўйганди.
Ҳа, де Хеа пости олдида украинлар кам пайдо бўлишди. Аммо ажойиб ўйин намойиш этган испанлардан иложи борича кўпроқ вакилларни рамзий терма жамоамизга киритишга қарор қилдик.

Де Хеа 1

Марказий ҳимоячи: Жейсон Денайер

“Лион” таркибидаги муваффақиятли мавсумдан олдин ҳам Денайер Бельгия терма жамоасига жалб қилинар, бироқ катта рақобат сабаб захирада қолиб кетарди. Энди у терма жамоа миқёсида ҳам ўзига хос ўринга эга бўлиб бормоқда. “Оғир артиллерия” типидаги ҳимоячи саналадиган Жейсон Данияга қарши ғоят муҳим учрашувда тезкор гол киритиб, жамоасига хотиржамлик тақдим этди.

Денайер

Марказий ҳимоячи: Леонардо Бонуччи

Ҳимоя ва итальянлар: нақадар уйғун бу сўзлар! Боснияга қарши учрашувда ғалабали сериясини якунлаган Манчини шогирдлари учун энг муҳими мағлубиятсиз серия давом этмоқда. Ҳар иккала учрашувда ҳам ҳимоя марказида бўлган Бонуччи итальянларнинг гуруҳда пешқадамга айланиб олишига катта ҳисса қўшди.

Бонуччи

Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос

“Эл капитано” бўлмаса, рамзий терма жамоа тўкис бўладими?! Бу қадар голеадор ҳимоячини яна қаердан топасиз. Ҳали футбол ўйнаб юрган пайтидаёқ бу қадар улкан мақтовларга муносиб кўрилган ушбу ҳимоячи орадан бир неча 10 йил ўтиб, яхшигина эҳтиром билан эсланади. Унинг истеъдоди қийматини Месси ва Роналду билан бир даврда ўйнагани ва улардан бирига йиллар давомида елкадош, бошқасига муносиб рақиб бўлгани янада ошириб юборади.

рамос_1

Ўнг қанот лотерали: Жоау Канселу

Португалияликларни анча кутиб қолганингиз табиий. 6 кун давом этган Миллатлар лигаси биринчи ва иккинчи турларининг энг ёрқин жамоаси сўзсиз Португалия. “Манчестер Сити” футболчисининг Хорватияга урган голи биринчи турнинг энг чиройли голлари қаторидан жой олди. Гвардиола жамоасида бундай таваккал зарбаларни ҳимоячилар камдан-кам йўллашади. Компанининг мана шундай зарбаси “Лестер” дарвозасини ишғол қилгани ва ўша гол орқали “Ман Сити” чемпион бўлгани бошқа масала. Канселу “шаҳарликлар” таркибида Винсент эришган обрўни топиб улгургани йўқ. Терма жамоада эса Гвардиола йўқ!

канселу

Чап қанот лотерали: Рафаэль Геррейру

Геррейру чап қанот лотераллари орасида ушбу ҳафтада энг яхши ҳаракат қилгани бўлди. Унинг ишончли ўйини Антони Лопеш дарвозасини анча хавфли ҳужумлардан сақлаб қолди. Яхши мавсумдан сўнг терма жамоадаги ажойиб ўйин ҳам керак эди. Португалиянинг жамоавий футболи ҳозир барчанинг эътиборида. Айни ўша футболни ташкил қилганлар бугунги рамзий терма жамоамизнинг ярмини ташкил қилади.

геррейру

Марказий ярим ҳимоячи: Николо Барелла

Манчини ўзи учун яна бир иқтидорни шакллантириб олмоқда. Аввал “Интер”да, энди Италия терма жамоасида ўзининг муқим жойини топиб бораётган Николонинг ҳар икки учрашувдаги ўйинидан бирдек завқландик. Кичик жуссаси ва жисмоний имкониятларига қарамай, анча ақлли ҳаракатлари билан барчани ҳайрон қолдирди. 172 сантиметрлик бу болакай куни кеча ҳимоясида Ван Дейк бўлган Голландияга боши билан гол урди.

барелла

Марказий ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш

Брунунинг ўйинини кўриш доим ёқимли. Ван де Бек билан кучайган МЮ ярим ҳимоясини кузатиш эса янада мароқли бўлади. Фернандеш иккита турда жами 3 та ассист амалга оширди. Португалия Роналдусиз ҳам, Роналду билан ҳам ғалаба қозонмоқда. Бунда 26 ёшли хавбек катта ўрин тутади.

бруну

Ҳужумчи ортидаги футболчи: Жоау Фелиш

“Атлетико” вундеркинди энди терма жамоа етакчилари қаторида тилга олинмоқда. Унда ёшига хос хатолар учраб турибди. Вақт ўтиши билан бу ҳам йўқолади. Муҳими, унда характер бор. Ғалабага интилиш, жамоа натижаларига дахлдорлик ҳислари мавжуд. Ривожланаётган футболчи учун энг кераклиси ҳам шу аслида. Хорватия дарвозасига дебют голини киритишини мана шу тарзда тақдирлашга қарор қилдик.

фелиш

Марказий ҳужумчи: Ансу Фати

Яна бир дебют гол муаллифини қарши олинг! Германияга қарши муҳим беллашувда терма жамоадаги дебютини нишонлаган 17 ёшли болакай Украина дарвозасига илк голини урди. Унгача эса Рамоснинг пенальтисини ишлаб берди. Ўша вазиятда биз Роналдуда кўришга ўрганиб қолганимиз - “қайчи” финти билан ҳимоячини доғда қолдириши эса шунчаки супер бўлди. Муҳими, бизники каби алқовлар ичида ҳавойи ҳисларга берилиб кетиб қолмаслиги. Ҳаммаси унинг ўз қўлида.

фати

Марказий ҳужумчи: Криштиану Роналду

Савия 50 ёшда ҳам йўқолмайди. У фаолиятини якунлагач, қайсидир хайрия ўйинига фахрий футболчи сифатида таклиф этилса ҳам қолганлардан ажралиб турса керак. Жарима зарбасини жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидан бери бу қадар чиройли амалга оширмаётган эди. Иккинчи голи эса даҳшатли кўриниш олди. Ўша вазиятда Олсен ҳеч қандай хатога йўл қўймаганди. Шунчаки, зарба шу қадар идеал кўриниш олдики, швед посбонининг ўрнида бошқаси бўлганда ҳам ушбу тўпни ушлаб қолиши қийин эди.
Али Дайигача яна 8 та гол қолди. Катта эҳтимол билан Роналду ушбу рекордни янгилашни уддалайди. Келгуси ойда бўлиб ўтадиган Миллатлар Лигасининг навбатдаги турлари бунинг учун катта имкон.

роналду_1

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!