Миллионлар меҳрини қозонган “Барселона”

120 йилдан буён бизларга футбол, дея аталмиш беқиёс спорт турининг чинакам гўзаллигини намоён қилиб келаётган, дунё бўйлаб миллионлаб  мухлисларнинг эътиборини қозонган “Барселона” тарихига назар ташлаймиз.

1899 йилнинг 22 октябри...

Почтальон ҳар бир уйга газета ташлаб кетар, хонадон эгалари уйғониб, қўлларидаги бир финжон кофе билан куннинг муҳим янгиликларини ўқир эканлар,“21 ёшли ҳисобчи ташаббуси билан Барселона шаҳрида ҳам футбол жамоаси тузилади” деган сарлавҳада бир тўхтаб олишади. Менимча, ҳали уйқусираяпман, дея уни қайта-қайта ўқиб кўриб ҳам ишонмай, ўша “қаҳрамон”ни излашга тушадилар.

гампер_1

Эл оғзига тушган йигитча швейцариялик Ганс Жоан Гампер эди. Бу номни эслаб қолинг азизлар...

Атрофдагиларнинг танқидлари, ўша дамдаги нотинчликларга қарамай, ўз қарорида қатъий турган  йигит келажакни кўра оладиган таваккалчилардан эди. Хуллас, ўзининг асл мақсадини 11 нафар кончидан бошқага тушунтира олмаган Жоан Гампер, 29 ноябрь санасида клуб очиб, уни инглизчасига “Foot Ball Club Barcelona”, деб номлашга жазм қилади.

кончилар

Гампер жамоанинг нафақат асосчиси ва биринчи президенти, балки моҳир ўйинчиси ҳам бўлган. 51 та ўйинда, 120 та гол киритиб, асос солган клубининг илк тўпурарига айланган. Клуб оёққа туриши учун у ўз жонини бир неча бор хатарга қўяди, бир нечта таҳдидларга кўз юмади. 24 июнь 1925 йилда эса ўша пайтдаги Испания диктори Примо де Ривера уни Каталония миллатчилигини тарғиб қилишда айблаб, ҳибсга олади. Шундан сўнг Гампернинг соғлиги ёмонлаша бошлайди. Орадан унинг учун оғир йиллар ўтиб, у кучли депрессияга тушиб қолади. 1930 йилда буюк клуб асосчиси ўзини отиб ўлдиради ва бу дунёни эрта тарк этади.

Ўша даврнинг ўзи хавф-хатар ичида эди. Аввалига I жаҳон уруши, кетидан фуқаролар уруши, кейин Испаниядаги қон тўкилишлар – буларинг барчаси кичик клуб учун катта синов бўлган.

1936 йилнинг 6 августида клуб президентлик тахтига Хосеп Сунол ўтиради.  Кўп ўтмай, у ҳам сиқувга олина бошлайди ва бир неча кунлардан сўнг французлар томонидан ҳибсга олиниб, ўлдирилади.  Бир йил ўтгач, жамоа АҚШ ва Мексика сафарига отланиб, оқибатда ярим жамоасиз қайтади. 1938 йил 16 мартда фашистлар “Барcа“ ижтимоий клубини портлатиб, таҳдид қила бошлайди.  Орадан кўп ўтмай, шаҳарни “франкоистлар” эгаллаб олади ва клуб Каталон шаънининг ҳимоячиси сифатида узлуксиз муаммоларга гирифтор бўла бошлайди.  Фуқаролар урушидан кейин каталон тилида сўзлашиш тақиқланиб қўйилади. Шунингдек, испан тилига мансуб бўлмаган атамалардан фойдаланиш ҳам ман этилади.

1941 йилда клуб номини испанча “Club de football Barcelona“га ўзгартиришга тўғри келди. Буни қарангки, ўшанда ҳам жамоа ўзига отилган тошлардан синмай, 1948-1949 йилларда чемпионатни биринчи ўринда якунлайди. Ваҳоланки, ўша вақтларда Испаниянинг биринчи рақамли инсони Франсиско Франко пойтахт жамоаси - “Реал Мадрид”га гол урган футболчиларни қатл эттиришдан ҳам тап тортмаган.

rueb86db767a1

“Барса” эса синовлардан синмай ўз йўлида давом этади. Ярим аср давомида ўзига уй тополмай келган Каталония жамоаси 1957 йилда “Камп Ноу” ўйингоҳига эга бўлади. Шундан сўнг, “Барселона” кўкрагига шамол тега бошлайди, буюк келажак сари қадам ташланади.

unnamed_16

1973 йил... “Барселона” футбол клубини юқори даражага кўтариш вақти келганди. Айнан ўша йил жамоа фалсафаси буткул ўзгариб, жамоага “янги қон қуйилган давр”, деб эсланади. Нега дейсизми? Барчасига нидерландиялик ёқимтойнинг Испанияга қилган сафари сабаб. Ҳа, бу Йохан Кройф. Ўша даврдаги рекорд сумма, 920000 фунт стерлинг эвазига Нидерландиядан олиб келинган юлдуз футболни санъат даражасига олиб чиқади.

1978 йили жамоага Хосеп Луис Нуньес президент этиб сайланади ва ушбу инсоннинг ақлли сиёсати билан клуб гуллай бошлайди. Бир йил ўтиб, жамоа ўзининг халқаро майдондаги биринчи соврини – “Кубок эгалари кубоги”ни ютиб, Европада тенгсиз, деб топилади.

1978-79

Каталонияликлар таъбири билан айтганда, дунёнинг 8-мўъжизаси –  Ла Масия” (“Барселона” болалар футбол мактаби) ҳам Нуньеснинг президентлик даврида қурилади. Бу мактаб ҳамон “Барса”нинг муваффақиятларида “мотор” вазифасини бажариб келмоқда.

1988 йилда эса бутун футбол оламига “тотал футбол”, “тики-така” каби терминларни олиб кирган “Барса” афсонаси Йохан Кройф жамоа мураббийлик постига ўтиради ва тарихни бойитишда давом этади. 1992 йилда жамоа ўзининг илк Чемпионлар Лигаси кубоги ва УЕФА Суперкубогини қўлга киритади. Голландиялик даҳо ўзининг мураббийлик фаолияти даврида Каталон клуби совринлар музейига 21 та титул олиб келади.

“Тики-така” бу майдон марказидан ўзаро қисқа паслар билан рақиб жамоа футболчиларини гангитиб, таблода ҳисоб ўзгаришига олиб келадиган футбол тактикаси.

Кройф Каталонияда “орзулар жамоаси”ни йиға бошлайди. Андони Субиссаррета, Хосе Бакеро, Микаель Лаудруп, Рональд Куман, Христо Стоичков, Эусебио Сакристан, Ромарио, Луиш Фигу каби дунё тан олган маҳоратли чарм тўп усталари иродаси метиндек “Барса”га жаҳон ареналарида зафарга қучишга ёрдам беради.

photo_2020-06-06_11-35-40

Шундан сўнг, “Барса”да бирин-кетин раҳбарият алмашинуви юз беради, чунки кўзга ташланадиган натижалар деярли бўлмайди.

Каталон клуби тарихида, мухлислар юрагида ўчмас из қолдирган Лапорта жамоанинг янги президенти этиб сайланади. У келиши биланоқ, жамоага голландиялик ёш мутахассис Франк Райкардни чорлайди. Аксарият мухлислар бу қарорга қарши чиқиб, уни бир муддат ёмон кўриб ҳам қолишади.

Райкард бу қарор тўғри эканлигини исботлаш мақсадида ўзи учун бирин-кетин муҳим фигураларни йиға бошлади: бразилиялик раққос Роналдиньони олиб келиниши Каталония жамоаси ишқибозларини доим позитив кайфиятда ушлаб турди. Ўзига махф этувчи ўйини, финтлари, тўпсиз ҳаракатлари, гол нишонлаши ва ҳаттоки унинг такрорланмас табассуми ҳам “Барселона” жамоаси мухлисларини бемалол бошқа клуб фанатлари олдида гердайиб юришига имкон яратиб берганди. Таркибида мана шундай футболчиси ва Ларссон, Это`О, “Ла Масия” мевалари – Пуйоль, Иньеста, Хави, Вальдес билан “Барса” аллақачон футболда ўчмас битик қолдириб бўлганди.

1584227905_messironald

Йил сайин “Барселона” музейи катталашиб, ичидаги ялтироқ кубоклардан гўзаллашиб борарди. Азалий рақиби бўлмиш  Мадриднинг “Реал”идан очко ва унвонларни тортиб олиш эса “Камп Ноу” эгаларининг  “хобби”сига айланганди. Айнан Франк Райкард “кўк-анор ранглилар”нинг тарихида иккита ёдда қоладиган саҳифа очилишида муҳим роль ўйнаган. Бири “требл” бўлса, иккинчиси - Лионель Месси... 

Испания клублари орасида биринчи бўлиб ички чемпионат ва кубок, Европа тожини бир мавсумнинг ўзида қўлга киритган илк жамоага айлантириш ва бўлажак футбол афсонасини асосий жамоага ўтказиш  айнан унинг қўлидан келганди.

Месси отаси билан Каталонияга учиб келган пайтидаёқ “Барселона тарихи” китоби учун муқова яратилиб бўлинганди. Лео майдонда амалга оширолмайдиган бирор бир иш йўқ, унинг мислсиз истеъдодини тан олмайдиган футбол ихлосмани бўлмаса ҳам керак. 5 ёшидан Аргентинанинг қандайдир кўчасидан “Барселона” назарига тушиб, ўзидан бўйи ва гавдаси жиҳатдан анчагина катта болаларни тўп билан “ўйнатиши”, Роналдиньо каби сеҳргарнинг рақамини тортиб олиши, аср-аср тарихи бор клубларнинг биринчи рақамли душманига айланиши, футбол оламидаги барча индивидуал совринларни қўлга киритиши, қанчадан-қанча мураббийларни унга қараб ўйин услуби танлаши, миллионлаб одамларни ўзининг исми туширилган футболкаларда юришига беихтиёр мажбурлаб қўйиши унинг нақадар буюк ва ушбу клуб учун мукаммал инсонлигидан далолат беради.

RAIKARD_Frank15

Райкард ўз миссиясини ортиғи билан бажариб жамоани “Ла Масия”дан чиққан мутахассис, Хосеп Гвардиолага топширганди. Пеп эса бунгача мазкур жамоа фалсафасини, унинг моҳиятини сув қилиб ичиб юборганди ва унинг мана шу тушунчаси Каталон клубининг “тики-така”сини “пик”ка чиқарди. Испаниялик мутахассис “Барса”ни икки бор Европа ва жаҳонда тенгсиз қилди, Испаниядаги совринларни гапирмаса ҳам бўлаверади.

Унинг фаолиятининг аксар қисми клубнинг янги президенти Россель даврига тўғри келди. Янги раҳбар клубда деярли ўзгаришлар қилмади, шунчаки унинг бахти - Гвардиоланинг сермаҳсул мураббийлик даврига тўғри келиб қолганида бўлди.  Бу ҳаётда ҳеч бир нарса абадий эмас деганларидек, Пеп ҳам, жамоа президенти Россель ҳам клубни тарк этди. Мураббийлик курсига тактик чизмалари билан машҳур, Тито Виланова келган бўлса, “Барселона”нинг янги “босс”и Хосеп Бартомеу бўлди. Йиллар давомида шаклланиб келган “тотал футбол”, “тики-така” ўйин услубларини муносиб давом эттириш ниятида Тито Йохан Кройф, Франк Райкард, Хосеп Гвардиоланинг қўл чизмаларидан усталик билан фойдаланиб, “кўк-анор ранглилар” аравасини торта билди. Виланова умрининг сўнгги дақиқаларигача “Барса” деб яшади ва рак касаллиги туфайли бу оламни эрта тарк этди. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун “Барселона” машғулот базаси Тито Виланова номи билан аталди.

Янги президент Бартомеу “отнинг калласидай” пуллар эвазига бошқа клубдан футболчи таклиф қилишга жуда қизиқар ва шу сабаб “Ла Масия”га эътибор сустлаша бошлади.

Вилановадан кейин Луис Энрикенинг шонли дамлари бошланган эди. Месси-Суарес-Неймар триосини  яратиб, қисқа масофадаги паслар сонини қўпайтириш орқали бир нечта клубларнинг ҳақиқий “бош оғриғи”га айланганди. Жамоа тарихида иккинчи бор “требл” деган сўзни ёзиб қўйишга муваффақ бўлди.

1207c296e11ea98ced434acbf66fd

“Испаниялик мутахассисдан сўнг, мураббийлик курсисини кимга топширсак экан?” деган савол жаноб Бартомеуни кўп қийнади ва у клубга янгилик олиб кириш истагида “Барселона”да тўп сурган бўлса-да, унинг системасидан йироқ бўлган Эрнесто Вальвердени таклиф қилди. Афсуски, йиллар  мобайнида гуллаб келган ўйин услаби Вальверди даврига келиб сўна бошлади, каталонияликлар кетма-кет уч йил Чемпионлар Лигаси кубогидан бўса олишолмади, мураббийнинг саргузаштлари шу билан якун топди. Эрнестонинг ягона ютуғи – бу “иккинчи Месси” дея қаралаётган Ансу Фатини кашф қилиниши бўлди. 17 ёшидаёқ футбол юлдузлари билан елкама-елка тўп суриш, унинг нақадар иқтидорли эканлигидан далолат беради.

1164157794.jpg.0

Шундан сўнг, клуб раҳбари клубга “Барселона” сўзини тушунадиган инсон керак эканлигини тушуниб етди ва Кройфдан андоза олиб ишлайдиган мутахассис, футбол ва шахмат спорт турини бирлаштиришни ёқтирадиган инсон, машҳур бўлмаса-да, ўйин услуби ва тактикалари “Барса”га мос тушадиган Кике Сетьенни олиб келди. Каталон клуби футболчилари қадрдон ўйин услубига қайтишни бошладилар, мураббий эса анча вақт ҳувуллаб қолган “Ла Масия” иқтидорларини тез-тез асосий жамоада ўйната бошлади. Кўрамиз, сеҳрли перо ҳозир Сетьеннинг қўлида, асарни давомини унга боғлиқ...

                                                                                                            

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)