
"Ҳар бир жамоани ўзига яраша камчиликлари бўлади, майдонда фамилиялар ҳал қилмайди" - Шацких ва Темиров матбуот анжуманида
Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг “В” гуруҳидан ўрин олган “Андижон” ҳамда Қатарнинг “Ал-Аҳли” жамоалари ўртасидаги учрашувдан олдин “Бобур арена” стадионида матбуот анжуманида бўлиб ўтди. Дастлаб "Андижон" бош мураббийи Максим Шацких ва ярим ҳимоячи Дамир Темиров қатнашдилар.
Максим Шацких: - Ҳаммага хайрли оқшом. Рақибни яхши ўргандик. Шаклланган жамоа. Ўйинчилари ҳам кучли. Жаҳон миқёсидаги, юқори даражадаги футболчиларга эга. Тезкор, тажовузкор, бақувват ўйинчилари бор. Чемпионатда қийин учрашувлар ўтказдик. Ўйлайманки, эртанги ўйинга тайёрмиз. Яхши ўйин кўрсатамиз.
Дамир Темиров: - Бизда қанақа масъулият турганини ҳис қилиб турибмиз. Нафақат Андижон шаъни, балки ватан шаънини ҳам ҳимоя қиламиз. Оғир ўйин ва томошабоп ўйин бўлади. Мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
- Рақибни қанчалик ўргандингиз? Кучли ва кучсиз томонлари нимада?
- Бош мураббий: Жамоани чемпионатдаги ўйинларини кузатдик. Турли хил учрашувларини кузатиб, таҳлил қилиб чиқдик. Юқорида айтганимдек, улар анча шаклланган ва жамоавий ўйин кўрсатади. Эртага барчасини майдонда кўрамиз. Ҳар бир жамоани ўзига яраша камчиликлари бўлади. Бу ҳақида гапиришни хоҳламайман. Бироқ эртага нуқсонли томонларидан фойдаланиб, керакли натижани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
- Эртанги баҳсдан қандай натижа кутяпсиз?
- Бош мураббий: Биз ҳар доим ғалаба учун майдонга тушамиз. Тўғри, бу осон бўлмайди. Рақибимиз етарлича тажрибага эга. Мухлисларимиз бизни эртага ажойиб равишда қўллаб-қувватлаб туришади. Биринчи навбатда ҳимояни унутмаслигимиз керак. Ўйлайманки, ҳужумда бизда етарлича имкониятлар бўлади. Ҳар бир ўйинда кўп вазиятлар яратяпмиз. Балки эртанги баҳсда у қадар кўп имкониятлар бўлмас. Шу боис яратилган ҳар бир вазиятдан максимал фойдаланиб қолишимиз керак. Бизда ҳар ўйинда етарлича имкониятлар бўляпти. Умид қиламанки, эртанги учрашувда ўз вазиятларимиздан тўлиқ фойдалана оламиз. Ўйин ҳолатидан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз. Худо хоҳласа, натижа биз томонда бўлади. Ўйин тажрибамиз бор. Керакли натижага эриша оламиз.
- “Ал-Аҳли” сафида юлдуз ўйинчилар бор. Сиз учун энг хавфли футболчи ким?
- Футболчи: Бир нарсани айтишим мумкин, майдонда фамилиялар ҳал қилмайди. Ким кўпроқ меҳнат ва ҳаракат қилса Худоим ҳам шунга яраша натижа беради.
Фикрлар