Миржалол Қосимов: "Кейинги сафар 12 киши бўлиб, майдонга тушамиз. Шунда икки томонда ҳам тенглик бўлади"
Ўзбекистон Суперлигаси 26-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - АГМК учрашуви ниҳоясига етди. Унда мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучди.
Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "кончилар" устози Миржалол Қосимовнинг фикрлари билан танишиб чиқинг:
"Авваламбор, ассалому алайкум! "Навбаҳор"ни 2-ўрин билан табриклаймиз! Мухлислар учун ажойиб ўйин бўлди. Баҳс қизиқарли бўлди ва кутилмаган голлар ҳам кузатилди.
3-дақиқада бир киши кам бўлиб қолишимизни ҳисобга олмаган эканмиз. Бу нарса биз учун катта дарс бўлди. Русларда шундай гап бор: "Бир аср яшасанг, шунча вақт ўрган".
Биз ғалаба учун майдонга тушган эдик. Аммо ҳар доим ҳам сиз ўйлаган нарса содир бўлавермайди. Қизил карточка ўйин тизгинини тубдан ўзгартириб юборди.
Шунга қарамай, мен ечиниш хонасида йигитларга миннатдорчилик билдирдим. Улар қаддини баланд тутган ҳолда майдонни тарк этишлари мумкин. Жамоа охиригача мардларча курашди.
Аввало, футбол - мухлислар учун! Ўйинга келган томошабинлар ўзлари истаган нарсани кўра олишди. Олмалиқлик ишқибозларни хафа қилмасликка ҳаракат қилдик.
Бизда ҳеч қандай босим йўқ эди. 3-ўринга ҳам чиқа олмасдик. Ортимиздан келаётган жамоанинг тенглашиб олиши ҳам имконсиз эди.
Бу футбол, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шундай экан, йигитларга раҳмат айтиб қоламан.
Келаси мавсумга тайёргарлик кўрамиз. Биз ҳам "Навбаҳор" сингари ОЧЛ саралаш босқичида ўйнаймиз. Ҳалқаро мусобақада Олмалиқ шаънини муносиб ҳимоя қилиб, мухлисларимизни хурсанд қилишни мақсад қилганмиз.
- Пенальтидан урилган биринчи голга муносабатингиз қандай?
- Юқорида айтиб ўтдим. Ҳамма нарсага тайёр эканмиз-у, илк дақиқалардан бир киши кам бўлиб қолишимиз ҳаёлимизга келмабди.
Кейинги сафар 12 киши бўлиб, майдонга тушамиз. Шунда икки томонда ҳам тенглик бўлади (кулади). Хоккейда ҳам бир ўйинчини 2 дақиқага чиқиб туриши анча жиддий таъсир ўтказади.
- Мутахассис сифатида бу йилги чемпионатга қандай баҳо берасиз? Ҳозир ҳамма турлича фикрлар билдирмоқда...
- Ундай гаплар бўлаверади. Ростан гапингиз ўринли. Бу йилги мавсум ўта қизиқарли ўтди. Бунақаси ҳали бўлмаганди.
Юқори ўринлар учун ҳам, элитада қолиш учун ҳам интрига авжида эди. Тўғрисини айтсам, чемпионат жуда қизиқарли кечди.
"Олимпик" бу мавсум "кучли олтилик" жамоаларга имкониятни бой бермади. Фақатгина АГМК Кападзе жамоасига 6 та гол уришга муваффақ бўлди. Бунинг қандай сири бор?
- Бунинг алоҳида бир сири йўқ. Бу футбол. Бошқа жамоалар ҳақида нимадир дея олмайман. Четдан туриб гапириш осон. Улар тўғрисида башорат қилиш ёки хулоса чиқаришни истамайман.
"Олимпик"ка келадиган бўлсак, биринчи даврада мағлуб бўлдик. Иккинчи баҳсда 6:0 га ютган бўлсак ҳам буни тушунтириб бўлмайди.
Кичкина эпизод ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб юбориши мумкин. "Олимпик" билан ўйинда Анзур йиқилиб тушди ва унинг хатосини Ботирали Эргашев ёпиб кетди. Акс ҳолда, барчаси буткул ўзгариб кетиши мумкин эди.
Шунинг учун буни "миллионлар ўйини" дейишади. Унда сиз кутмаган ҳодисалар жуда кўп бўлади.
- "Навбаҳор"нинг бу мавсумдаги иштирокига қандай фикр билдира оласиз?
- Ижобий фикр билдираман, албатта. Клуб бежизга кубок финалига йўл олмади. Натижа нуқтаи-назаридан улар яхши мавсум ўтказишди. Тажрибали ва малакали футболчилардан иборат жамоа шаклланган.
Жамоа 2-ўринни эгаллади ва ўз олдига қўйилган вазифани бажарди. Улар ёмон таассурот қолдирмади менда.
Фикрлар