Миржалол Қосимов: "Нимага шунақа саволлар бераверишади?
Суперлиганинг 22-турида ОКМК клуби ўз майдонида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасини қабул қилид ва 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ушбу беллашувдан кейин ОКМК устози Миржалол Қосимов матбуот анжуманида қатнашди.
- Яхши ўйин бўлди. Иккала жамоа яхши ҳаракатланди. Бу шунақа оғир ўйин бўлишини кутгандик. “Нефтчи” ҳам яхши ҳимояланиб, қарши ҳужумда ўйнай олади. Биринчи бўлимда стандарт вазиятдан ўтказиб юборган голимиз қайсидир маънода ўйин тизгинига таъсир кўрсатди. Шошқалоқлик қилишни бошладик. Шунда ҳам биринчи бўлимда иккита вазиятдан фойдаланишимиз керак эди. “Нефтчи” дарвозабони Ботирали ҳам дарвозасини яхши қўриқлади. Иккинчи бўлимда имкон қадар ўйин тизгинини ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик, вазиятлар яратдик. “Нефтчи” яхши ҳимояланди. Футболда гол урмасанг ютишинг қийин. “Нефтчи” ҳақли равишда ютиб кетди. Кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Қувонарли томони жамоамиз 90+5-дақиқагача, охиригача курашди. Буни жуда яхши сифат дейман. Бу мағлубиятдан тўғри хулоса чиқариб, кейинги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз. “Нефтчи”ни ғалаба билан табриклаймиз.
- Таркиб бўйича хато қилдим, деб ўйлайсизми?
- Нимага шунақа саволлар бераверишади?! Ҳеч қачон ҳамманинг кўнглини олиб бўлмайди. Ким тайёр бўлса, ўшалар ҳаракат қилишди. Масалан, бошқа таркибни тушириб, ютқазиб қўйсак, яна хоҳлаймизми-йўқми, таркибни тушириб адашмадингизми, деган савол бўлади. Бу яққол кераксиз гап-сўзлар.
- Иккинчи бўлимда Раҳмонов билан Аҳмадалиев майдонга тушгандан кейин ҳимоя тартибли ва яхши ўйнашни бошлади...
- Биринчи бўлимда ҳам яхши ўйнадик. Айтяпманку, стандартдан гол ўтказиб юбордик. Оддий вазиятларда чап томонда Элдор хатоларга йўл қўйди. Гадоев ҳам шошқалоқлик қилди. Оддий вазиятларда тўпни йўқотдик. Шунинг учун биринчи бўлимдан кейин алмаштирдик. Йигитлар янада югуриб, меҳнат қилишди. Бир-иккита вазиятларда Ботирали жамоасини голлардан қутқармаганида ўйин бошқа натижа билан ҳам тугаши мумкин эди. Дилшод урган гол ҳам кечроқ урилди, деб ўйлайман.
Фикрлар