MMA: Ўзбек жангчиси чемпионлик камарини қайтариш учун машғулотларга киришди (фото)
Ads


Аралаш яккакураш жангларида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Махмуд Мурадов жароҳатидан фориғ бўлиб, яна машғулотларга қайтди. Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида бўлиб ўтган навбатдаги беллашувда анчайин тажрибали бразилиялик Давид Рамиресга қарши рингга кўтарилган ва жароҳат олиб жангни давом эттира олмаган эди.

Бироқ яқинда у спорт формасини тиклаш мақсадида тайёргарликларга зўр бермоқда. У сўнгги 8 жангидан 6тасини ўз фойдасига ҳал қилган.

SPORTS.uz мухбири спортчимиз билан боғланганида, у сўнгги жангдаги вазият ва бўлажак режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

– Ассалому алайкум. Барча юртдошларимни кириб келган янги йил билан табриклайман. Кириб келган 2017 йил барчага омадли келсин, – дея сўз бошлади спортчимиз. – Ўтган йилдаги сўнгги жангда ғалаба қозонишни мақсад қилган эдим. Афсуски, сўнгги жангда жароҳат олиб имкониятни бой бердим. Ўшанда биринчи раунднинг иккинчи дақиқасида ўмров суягим синган экан, бироқ шунга қарамай курашни давом эттирдим. Иккинчи раунднинг иккинчи дақиқасида эса оғриқдан чап қўлимни кўтара олмадим ва жанг тўхтатилди.

Mahmud Muradov

– Айни дамда машғулотлар қандай ўтмоқда?

– Аввалига енгил машғулотлардан бошладим. Бундай аҳволда бирор нарса қилмай тура олмайман. Мағлубият менга салбий таъсир қилдими? Йўқ. Мен ўзимни тиклаяпман. Бундан ташқари реванш жанги борасида ҳам келишиб олдик. Тўқнашув июнь ойида бўлиб ўтади. Бир ойдан сўнг эса тўлиқ машғулотларга қайтаман. Шундан сўнг яна кўплаб таклифлар бўлиши кутилмоқда. Ҳозирча соғлиққа кўпроқ эътибор бериш зарур. Апрель ёки майда битта жанг ўтказмоқчиман. Реванш олдидан яхши бўларди.

MMA - Mahmud Muradov

– Бўлажак рақибингиз ҳақида нима дея оласиз?

– Рақибни ҳали билмайман. Ҳозир унга тайёргарлик кўриш зарур. Кейин барчаси маълум бўлади, аммо июндаги рақибим аллақачон аниқ бўлган. Унда реванш бўлади. XFN (мусобақалардан бири – Sports.uz) камарини қайтариш вақти келди.

MMA - Mahmud Muradov

– Шу ўринда ўтган вақтда мени қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорлигимни билдираман. Жуда кўпчилик расмларимни саҳифаларига жойлаб, соғлиқ, омад тилашган. Рахмат ҳаммага, – дейди Маҳмуд Мурадов SPORTS.uz порталига.

Маълумот учун: X Fight Nights MMAнинг янги, профессиональ ва ўз-ўзини молиялаштирадиган лигаси ҳимобланади. XFN ареналарида жаҳон даражасидаги энг яхши жангчилар ўзаро тўқнаш келадилар. XFN спортда энди порлаётган юлдузлар ажойиб имконият ҳамдир.

Биз ҳам спортчимизнинг кейинги жангларида омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

sports.uz