Шомуродов яна тарихий рекордни янгилади
Халқаро футбол федерация – ФИФА томонидан йўлга қўйилган янги мусобақа – FIFA Series 2026 турнири доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Габон футболчилари билан куч синашди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон, Венесуэла, Габон, Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари иштирокидаги бу мусобақа ҳамюртларимиз учун 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан муҳим тайёргарлик босқичи вазифасини ўтайди.
Тошкентдаги учрашувда ҳисобни рақиблар ҳужумчиси Тедди Аверлан 7-дақиқадаёқ очди. Бироқ меҳмонларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 14-дақиқада 14-рақам эгаси Элдор Шомуродов жарима нуқтасидан узатилган тўпни бир уринишда рақиб дарвозасига жойлади.
Иккинчи бўлимда эса, шу куни Ўзбекистон таркибида дебют учрашувини ўтказган Жаҳонгир Ўрозов аниқ зарба билан терма жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин якунаниши арафасида эса, Алишер Одилов ғалаба тўпини киритди – 3:1.
Бу гол 30 ёшли ҳужумчи учун янги рекорд сифатида қайд этилди. Маълумки, Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган футболчи сифатида рекорд ўрнатган.
Габон терма жамоаси дарвозасига киритилган тўп Элдор учун халқаро майдондаги 44-гол сифатида қайд этилди. Шомуродов бу кўрсаткичга терма жамоа сафидаги 89-учрашувида эришди.
Sports.uz портали вазиятдан фойдаланиб, Элдор Шомуродовдан гол ўтказган мамлакатлар терма жамоалари рўйхатини ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
Элдор Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятини 2015 йилнинг 3 сентябрида бошлаган ва ўша йилнинг ўзида учинчи учрашувида Баҳрайн дарвозасига дебют голини урган.
Шундан сўнг моҳир ҳужумчи турли қитъа вакиллари дарвозасини ишғол қилишни уддалади. Шомуродов гол урган терма жамоалар орасида футболи ривожланган мамлакатлар ҳам бор.
Элдор халқаро майдондаги фаолияти давомида Ливан, Канада, Ироқ, Ўмон, Япония, Хитой, Яман, Саудия Арабистони, Эрон, Швеция, Коста-Рика, Қозоғистон, Боливия, Тожикистон, Қатар, Кувейт, Габонга биттадан тўп киритган.
Грузия, Сурия, Фаластин, Жанубий Судан, Гонконг, Қирғизистон терма жамоаларига қарши учрашувларда Шомуродов иккитадан гол муаллифи бўлган.
Сингапур, Уганда, Мальдив ороллари Ўзбекистон миллий терма жамоаларига қарши учрашувларда Элдордан учтадан гол ўтказган.
Шомуродов учун энг қулай терма жамоа Туркманистон ҳисобланади. Бу мамлакат вакилларига қарши баҳсларда тажрибали тўпурар беш маротаба гол нишонлаган.
Элдор 27 мамлакат терма жамоаси дарвозасини ишғол қилгандан ташқари, халқаро миқёсдаги учрашувларда жамоадошларига 12 та голли пас узатиб, уларнинг гол уришига имкон яратиб берган.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида урган ҳар бир голи янги рекорд сифатида қайд этилаверади.
Фикрлар