Ўзбекистон: Рақиб – яраланган “Пантера”!
27 мартдан 30 мартгача Тошкентда янги мини-турнир — FIFA Series 2026 мусобақаси бўлб ўтади. Унда Ўзбекистон, Венесуэла, Габон, Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари иштирок этади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бу турнир 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик босқичи бўлади.
2026 йил март ҳолатига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА рейтингида 52-ўринни эгаллаб турибди. Таркибнинг тахминий қиймати Transfermarkt маълумотига кўра, 78 миллион еврони ташкил қилади. Бироқ жамоа рўйхатида айрим асосий футболчилар йўқ. Масалан, жароҳат олган Аббос Файзуллаев ва Жалолиддин Машарипов бу гал жамоага ёрдам бера олмайди. Узоқ танаффусдан сўнг ҳужумчи Шерзод Темиров чақирилди, у Ироқ чемпионатининг энг яхши тўпурари ҳисобланади.
Жамоанинг энг қиммат футболчиси — “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдукодир Ҳусанов бўлиб, у 35 миллион евро баҳоланади. Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев 7 миллион евродан баҳоланган.
Габоннинг асосий юлдузи – Обамеянг йўқ
Турнирда Ўзбекистоннинг биринчи рақиби Габон миллий жамоаси бўлади. Учрашув 27 март куни Тошкент вақти билан 19:00 да “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.
Африка қитъасининг бу терма жамоаси ФИФА рейтингида 86-ўринда туради. Жамоа “Пантералар” лақаби билан ҳам машҳур.
2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида Габон гуруҳдан чиқди ва биринчи ўрин учун охиригача курашди. Бироқ якунда Кот-д’Ивуар миллий терма жамоасидан бир очкога ортда қолди. Плей-оффда эса Нигерияга 1:4 ҳисобида ютқазди.
Шундан кейин жамоа “Африка миллатлар кубоги-2025”да жуда муваффақиятсиз иштирок этди, гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда мағлуб бўлди. Бу натижа мамлакатда жуда оғир қабул қилинди. Бош мураббий Тьерри Муйома лавозимини тарк этди, тажрибали футболчилар Пьер-Эмерик Обамеянг ва Брюно Экуэле Манга эса термадан четлатилди.
Шундан сўнг федерация янги мураббий излашни бошлади, аммо ҳозирча муваффақиятсиз. Шунинг учун Ўзбекистонга жамоани вақтинча мураббий Анисе Яла Нгуку олиб келади. Унинг штаби шошилинч тарзда шакллантирилган ва иш фақат Тошкентдаги турнир билан чекланган.
Габон таркибининг тахминий қиймати 29,5 миллион евро. Энг қиммат футболчи — Деннис Буанга, у “Лос-Анджелес” жамоасида ўйнайди. Шунингдек, Марио Лемина (5 млн евро) ва Жак Экоми (4 млн евро) ҳам бор. Бироқ уларнинг ҳеч бири Тошкентга келмайди. Обамеянгни ҳам кўрмаймиз. Шунинг учун Ўзбекистонга келадиган таркиб тахминан 8 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Info241 нашри ёзишича, мураббийлар штаби янги футболчиларни синаб кўриш ва ўйин алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Экспертлар фикрига кўра, ўйин Андре Поко, Иброҳим Ндонг, Йоханн Обианг ва Шави Бабика атрофида қурилади. Шунингдек, таркибда Мишель Мбула (“Мец”) ва Жереми Ойоно (“Фрозиноне”) ҳам бор.
Узоқ вақт давомида Габон Африкадаги энг кучли ҳужум чизиғига эга жамоалардан бири ҳисобланган. Бу кўп жиҳатдан Обамеянг — Буанга жуфтлиги билан боғлиқ. Бироқ ҳозир улар аввалгидек жамоани етаклашга қодир эмас: Обамеянг 36 ёшда, Буанга 31 ёшда. Ўйин асосан тўпни олдинги чизиққа етказишга қурилган, у ерда ҳужумчилар индивидуал маҳорат билан вазиятни ҳал қила оларди. Шу билан бирга, жамоада юқори даражали дарвозабон йўқ. Мана шу номутаносибликларга қарамасдан, Габон узоқ вақт давомида хавфли жамоа бўлиб келган — асосан олдинги чизиқдаги индивидуал ҳаракатлар ҳисобига. Муйома қўл остида жамоа саралашда 10 ўйиндан 8 тасини ютиб, 22 та гол урган.
Бироқ муваффақиятсиз ўтган Африка кубогида барча муаммолар очилиб қолди. Энг асосийси — ҳужум салоҳияти билан ўйин тизими ўртасида узилиш юз берди. Жамоа қарши ҳужумларда хавфли бўлиб қолди, аммо позицион ўйинда барқарорлик йўқ эди. Ҳужумлар кўпроқ вертикал эпизодлар ва индивидуал қарорларга боғлиқ бўлиб қолди. Бу айниқса Кот-д’Ивуарга қарши ўйинда яққол кўринди: Габон 2:0 ҳисобида олдинда бориб, кейин 2:3 ҳисобида ютқазди. Шунингдек, Мозамбикка қарши мағлубият ҳам катта зарба бўлди — ҳал қилувчи гол қўшимча вақтда ўтказиб юборилди.
Бу ердан яна бир муаммо — психологик ҳолат келиб чиқади. Жамоа Обамеянгга жуда боғлиқ бўлиб қолган. У эса бутун ўйин давомида бир хил темпни ушлаб тура олмайди. Биринчи жиддий босимдан кейин жамоа парчаланиб кетади ва кўп гол ўтказиб юборади.
Фикрлар