6 жамоа мусобақадан чиқиб кетди, 10 та янги жамоа қўшилди ёхуд биринчи лигада нима гап?
ЎзПФЛ барча ўтказиладиган мусобақаларини пухта ва профессионал нуқтаи назардан сифатли тарзда кўриниш олишини таъминлаб келмоқда ва бу борада доимо қатъий позициясига эга. Лига матубот хизмати янги мавсумда старт оладиган биринчи лига мусобақаси хусусида ҳам атрофлича тўхталди.
Биринчи лиганинг жорий мавсумида 29 та жамоа иштирок этади. Бир йил муқаддам уларнинг сони 30 тани ташкил этган эди.
Шунга қарамай, Лига байроғи остида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи жамоалар сони ўтган мавсум билан солиштирганда 7 тага кўпайди. Буни Про лига қатнашчилари сонининг ортиши билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, ассоциация ҳузурида ташкил этилган 14 та ҳудудий футбол академияси ҳамда Республика футбол академиясининг фарм жамоаси илк бор тўлиқ таркибда биринчи лигада тўп суради.
Биринчи лиганинг минимал талабларини лозим даражада бажара олмаган клублар Лига қатнашчилари сафидан чиқарилди. Маълумки, исталган мусобақамизда иштирок этувчи клуб Лига билан қатнашчилик бўйича шартнома имзолайди. Клуб мазкур шартнома шартларига риоя қилиш, шунингдек, мусобақа билан боғлиқ регламент талабларини лозим даражада бажаришни кафолатлайди, акс ҳолда Лиганинг қатнашчилар сафидан чиқариш бўйича қарорини қабул қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўтган мавсум биринчи лигада иштирок этган Боғдодчи, Қумқўрғон, Чиғатой, Иштихон, Замин (мусобақанинг амалдаги ғолиби) каби клубларга фаолиятини ҳудудий иккинчи лига мусобақасида давом эттириш тавсия этилди.
Мазкур клублар орасидан Қумқўрғон ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита қарорлари ва Лига талабларига беписанд муносабатда бўлганидан келиб чиқиб, ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарори билан аввалроқ мусобақалардан четлаштирилганди. Чиғатой эса бир неча мавсум давомида биринчи лигада имтиёз асосида иштирок этиб келган бўлса-да, Лиганинг жорий мавсум 31 январга қадар белгилаб берган талабига лоқайд муносабатда бўлди, шунингдек, футбол мактабининг том маънода клубга айланиш борасидаги таклифларини ортга суриб келди. Мазкур ҳудудларнинг Сурхондарё ФА ҳамда Тошкент ФА каби жамоалари эса ассоциация билан келишилган ҳолда биринчи лигага қўшилди.
Боғдодчи ҳамда Иштихон клубларининг мусобақада фаолиятини давом эттириши бўйича Лига томонидан йўл харитаси белгилаб берилди. 24 март куни Лига ишчи гуруҳи мониторингнинг сўнгги босқичи учун Иштихонда бўлди. Ишчи гуруҳ баёнига кўра, клуб мутасаддилари ўтган вақт давомида фақатгина Лигани чалғитишга ҳаракат қилган, бироқ ҳудуддаги стадионда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бунгача қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича қолган. Шундан келиб чиқиб, мазкур икки клубга иштирокини Иккинчи лигада давом эттириш юзасидан тавсия берилди. Фарғона вилоятидан Ҳавоканд, Самарқанднинг эса бир йўла уч клуби — Самарқанд ФА, Шердор ва Азур Лига мусобақасида қатнашади.
Намангандаги Марказий стадионда таъмирлаш ишларини олиб бораётган, асосий таркибда бир қатор ислоҳотларни амалга оширган Навбаҳор клубининг фарм жамоаси ўз хоҳишига кўра турнирдан чиқиб кетди. Ассоциация томонидан ўтказилган пулка мусобақасида муваффақиятли иштирок этган вилоятнинг Баркамол клуби эса мусобақага қўшилди.
Мусобақага янги қўшилган клублар 2026 йилги мавсум давомида Лига мониторингида бўлади. Улар Каттақўрғон, Лочин каби клублар сингари ривожланиши, Дўстлик, Локомотив БФК, Цементчи каби аниқ йўналишга тушиб олиши ёки юқорида номлари келтирилган клублар каби мавсум сўнгида мусобақадан четлаштирилиши мумкин. Регламент талабларига риоя қилмаган ва уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлган клублар Лига қатнашчилари сафида бўлмайди.
Фикрлар