"Молиявий ишлар учун жавоб бермайман, мен ҳаммасига тайёрман" - Виталий Левченко

“Нефтчи” клуби сафарда “Сурхон”га қарши учрашувда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Беллашувдан сўнг фарғоналиклар устози Виталий Левченко матбуот анжуманида саволларга жавоб берди.

- Вазиятлардан фойдаланилмаган ўйин. Чунки биринчи таймдаги имкониятларимиздан фойдалана олганимизда ўйлайманки, ўйин суръати бошқача тус оларди ва барчаси бошқача бўларди. Бундай вазиятларда қандай қилиб гол урмаслик мумкин?! Тушунмайман! Қандай қилиб дарвозага тўп кирмади? Баҳс кўпроқ позицион ўйинга айланди. Курашларга бой ўтди ва ғалаба қозонишга хоҳиш кўпроқ бўлди. Лекин ғалаба қозонишга озгина етмади.

- Чемпионат тугашига иккита тур қолди. “Нефтчи”ни совринли ўринлар учун қандай имконияти бор?

- Биз курашяпмиз. Қўлимизни туширганимиз йўқ. Ҳар бир тур, ҳар бир очко олтинга тенг. Ғалабалар турнир жадвалидаги ҳолатни ўзгартириб юбориши мумкин. Биз курашамиз. Бошимизни эгмаймиз, кейинги учрашувга тайёрланамиз ва ғалаба учун ўйнаймиз.

- Йил бошида Фарғона вилояти ҳокими сизга чемпионлик вазифасини қўйганди. Аммо биламизки, “Нефтчи”да анчадан бери молиялаштириш бўйича муаммолар бор? Бу чемпионлик учун курашда жамоага қанчалик таъсир ўтказди?

- Жуда яхши савол бўлди. Аммо мен бу саволга жавоб беришни истамайман. Бу менинг ишим эмас. Мен мураббийман, ўз ишимни қиляпман. Молиявий ишлар учун жавоб бермайман.

- У ҳолда клубга чемпионлик учун курашда нима етишмади?

- Чемпионликка курашиш учун ҳамма нарса Швейцариядек бўлиши керак. Швейцария соатидек ишлаш керак. Ҳаммаси аниқ ишлаши лозим. Тизим бўлиши, ҳар бир одам ўзи учун жавоб бериши ва албатта ҳаммаси барқарор бўлиши даркор. Шунда бир нарса дейишим мумкин. Ундай эмас экан, бирор нима дея олмайман. Биз курашяпмиз, дейишим мумкин.

- “Сурхон”да ҳам, “Нефтчи”да ҳам вазиятлардан фойдаланишда муаммолар бор. Умуман, “Нефтчи” ҳужумда зўр ўйнайди. Буни статистикада ҳам кўрса бўлади. Нсунгусунинг йўқлиги бугунги натижага, ўйинга таъсир қилдими?

- Жамоани натижасига боғлиқ эмас. Лекин у жанговар ҳужумчилардан бири. Жамоавий ўйин қуришда у аҳамиятли ролга эга. Аммо ҳар қандай футболчининг йўқотилиши ўз сўзини айтади. Айнан бугун у бизга етишмади, балки. Унинг ўрнига майдонга тушган йигитларга ишонгандик ва бор маҳорати ҳамда кучини беради, деб ўйлагандик. Керакли натижага эришишни кўзлагандик.

- Биздаги маълумотга қараганда, сизга Суперлигани бир нечта клублари қизиқишмоқда. Кейинги йили “Нефтчи”да қолишингизга қандай қарайсиз?

- Жуда қизиқ саволлар беряпсиз. Такрорлайман, мен ўз ишимни қилмоқдаман. Бундан розилар бор ва рози бўлмаганлар ҳам бор. Жамиятлар бор, кимгадир нимадир ёқади, нимадир ёқмайди. Мен ҳаммасига тайёрман. Чунки мен бу соҳада янги одам эмасман, тўғри тушунаман. Ҳар бир курси қимирлайди. Ўрнингдан туриб жавоб берсанг ўрнингни йўқотасан. Шу боис жамоани ўтириб бошқараман (кулади).

- Чемпионат тугашига бир ой қолди-ку!

- Бир ой эмас, иккита ўйин қолди. Олдинда ФИФА кунлари бор. Қайсидир жамоалар танаффусга чиқади, қайсидир жамоалар тайёргарликка киришишади. Яна қайсидир ўйинчилар терма жамоаларга чақирилади. Бизнинг вазифамиз яхши тайёргарлик кўриш ва чемпионатни муносиб тугатиш. Қўлимизни туширмаймиз ва келажакка оптимал равишда қараймиз.

- “Андижон”ни сизга қизиқаётгани ростми? “Истиқлол” клуби билан Осиё Чемпионлар лигасида яхши ишлаганингизни биламиз. У ерга қайтишни хоҳлайсизми?

- “Истиқлол”гами? Улар қайтишимни хоҳлашяпти (кулади). Албатта, ҳар бир спортчи ва мураббийни мақсадлари бор. ОЧЛда ўйнашни истайди. Мен “Нефтчи” билан у ерда бўлишни хоҳлардим. Лекин афсус бундай бўлмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!