Муҳаммадиевнинг пулларини тўлаш учун машинасини сотгани, Агишевнинг ўйинга тайёр эмаслиги ва "Бухоро"нинг ғалабаси тортиб олинганидан норози бўлган Ҳасан Рўзиевдан жиддий муносабат

“Бухоро” ва АГМК ўртасидаги учрашувдаги ҳакамлик турли эътирозларга сабаб бўлаётгани рост. Ахир Вадим Агишев учрашувга тўрт дақиқа вақт қўшиб берса-ю, рақиб 90+7-дақиқада гол урса?! Ҳақиқатни тан олиш лозимки, “Бухоро” ўз меҳнати билан ғалабага ҳақли эди.

Умумий маънода олиб қараганда, бухороликларнинг ўйинида ижобий тарафга ўзгаришлар бор, легионерларсиз ҳам клуб маҳаллий футболчилар билан бинойидек ўйнай олишини кўрсатмоқда. Айни пайтда “Бухоро” клубида бош директор ўринбосари сифатида фаолият кўрсатаётган собиқ ҳакам – Ҳасан Рўзиевни ҳам ушбу беллашувдаги ҳакамлик иши қаттиқ ғазаблантирди. У билан мулоқотимиз давомида эса бир қанча масалалар бўйича ўз фикрларини билдирди.

“Ютамизми-ютқазамизми, барчаси ҳалол бўлсин”

-  Ҳакам учрашувга тўхталишлар учун тўрт дақиқа қўшиб берди. Бу нима учун? Ўйин давомида футболчиларнинг алмаштирилиши, шифокорларнинг майдонга чиқиб тиббий хизмат кўрсатишгани каби ҳолатлар инобатга олиниб, бош ҳакам тўрт дақиқа қўшди. Мисол учун биринчи ва иккинчи бўлим ўрталарида ўйинчиларга сув берилмади. Кўрдингиз, бизнинг ўйинчиларимиз ёш ва шижоатли. Биз уларга фақат футбол ўйнашни уқтиряпмиз. Эътибор бердингизми, баҳс давомида бирорта футболчимиз ўйин чўзмади, атайлаб майдонга ётиб олмади. Йигитларимизга умуман симуляция ишлатмасликларини уқтиряпмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳалол ўйнашни ва қандай натижа қайд этишимиздан қатъий назар адолатли бўлишини истаймиз. Ёш йигитларимизни шунга ўргатиб келяпмиз, улар энди ўсиб келаётган ғунча. Ўринбосарлар таркибидан ҳам бир қатор ўйинчиларни қўшганмиз.

уйин_1

“Бухоро”га умуман легионерлар керак эмас”

-  Хорижлик легионерларнинг барчасига жавоб бердик. “Бухоро”га умуман легионерлар керак эмас. Аслида эса легионерларнинг барчаси бош оғриқ. Футболдан ҳам юқори даражадаги ишлар бор. Жамоамизда эса молиявий томондан муаммолар йўқ эмас. Мисол учун тўрт ойдан бери маош олингани йўқ, аммо биз чидаб ишлаяпмиз. Бунинг сабаби бор. Шахсий машинамни сотиб олдинги бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев билан ҳисоб-китоб қилдик. Бухоро футболига жоним ачиганидан ўз машинамни сотиб, собиқ мураббийни пулларини тўладик. Агар ишонмасангиз, унинг ўзидан ҳам сўранг. Нима учун бу ишни қилдим? Ўзбекистон, ЎФА, ПФЛ ва Бухоро учун. Яъни, эртага шарманда бўлиб қолмаслигимиз керак эди. “Навбаҳор”да ишлаган мураббийга ўхшаб бу ҳам ФИФАга арз қилмаслиги учун шундай йўл тутдим. Легионерлар бизни “бўғиб” қўйишди. Шунинг учун хорижлик ўйинчиларни олишга одам қўрқиб қолди. Ўзбекистон чемпионатида биргина Черанни ҳисобга олмаганда қолганларини легионер, деб ҳисобламайман. Ундан кўра, ўзимизни қора кўзларимиз бор-ку. Мана, “Бухоро”даги ёшлар АГМКга қарши қандай ўйнади? Бу вазиятда мураббийларимизнинг тажрибалари бор. Жамшид Саидов, Александр Хомяковни яхши биласиз. Улар катта ҳажмдаги ишларни бажаришяпти.

“АГМК билан ўйиндаги ҳакамлик ҳаммасидан ошиб тушди”

-   АГМК билан баҳсда биз ҳеч бир жабҳада ютқазмадик. Ушбу учрашувда озгина қаҳрамонлик кўрсатмоқчи бўлгандик. Бунинг учун футболчиларимиз қаттиқ ҳаракат қилишди. Бу бизнинг ютадиган ўйинимиз эди ва ҳатто ғалаба қозонгандик ҳам. Олмалиқликларнинг мавсумдаги биринчи мағлубиятини биз қўймоқчи эдик. Ўйиндан кейин ёш футболчиларимиз ечиниш хонасида қаттиқ изтироб чекишди, йиғлашди. Ҳакам тўрт дақиқа қўшдими, ўша вақт тугадими, бўлди тугатиш керак эди. Лекин Вадим Агишевни қилган иши...У эсанкираб қолди, чемпионатда кетма-кет тўртинчи учрашувни бошқарди, балки шунинг учун чарчаб қолдими? Агишевни мутлақо тушунмадим. Факт шуки, у кечаги ўйинга тайёр эмасди. У эса енгил ўйин бўлади, деб ўйлаган. “Бухоро” охирги ўринда, АГМК 4-5 та гол уради, деб ўйлаган бўлса керак, аммо қаттиқ адашибди. Биз энди бундай ўйнамаймиз. Кўраётган бўлсангиз, жамоа ўйини ўзгарган. Энди барча жамоага чинакамига бош-оғриқ бўламиз. 5 сентябрда “Пахтакор”га қарши ўйнаймиз, ўша беллашувда ҳам охиригача курашамиз. Фақат йигитларимизнинг руҳий ҳолатини ўзига келтириб олишимиз керак. Чунки АГМК билан учрашув футболчиларимиз учун оғир руҳий зарба бўлди. “Бунёдкор” билан ўйнаганимизда офсайддан гол уришди, ҳакамлар буни ҳисоблашди ва икки очкодан маҳрум бўлдик. “Қизилқум”га қарши ўйинда эса йўқ жойдан пенальти белгилашди, дарвозамизга. АГМК билан учрашувдаги ҳакамлик эса ҳаммасидан ошиб тушди, бу шармандалик! Бўлди-да энди, пичоқ бориб суякка қадалди. “Бунёдкор” ва “Қизилқум”га қарши беллашувлардаги ҳакамларнинг хатолари учун индамагандик. Кечаги учрашувдан кейин эса бухоролик кўплаб мухлислар бизга қўнғироқ қилиб ҳакамлик учун жиддий эътирозларини билдиришди ва арз қилишларини айтишди, биз эса уларни тинчлантиришга ҳаракат қилдик.

“Агишев “Бухоро”нинг ғалабасини тортиб олди”

-  90+6-дақиқада ҳакам пенальти белгилади. Эътибор беринг, Агишев аслида тўрт дақиқа қўшган ва бу вақт аллақачон тугаган. Пенальти тепилишидан аввал эса, бош ҳакам барча ўйинчиларга пенальти тепилгач, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйин тугайди, деб уларни огоҳлантириши керак эди. Агишевнинг хатоси эса шунга амал қилмади. Дарвозабонимиз пенальтини қайтарганидан кейин эса ҳимоячимиз Бобур Омоновнинг ортидан рақиб ҳужумчиси Шаҳзод Нурматов туртилди. Ҳеч бўлмаса ана шу вазиятда бош ҳакам учрашув тугагани ҳақидаги ҳуштагини чалмайдими? Аммо у “Бухоро”нинг ғалабасини тортиб олди ва бизни икки очкодан маҳрум қилди. Ҳолбуки, яхши ўйин бўлди, бизнинг ва уларнинг дарвозаларига чиройли голлар урилди.

уйин2

“Пенальти белгиланганида ўйин тугаб бўлганди”

-  Белгиланган пенальтига келсак, ўша вазиятда ўйинчимиз рақиб футболчисига тегиниб кетди, лекин ўзи буни атайин қилмаганди. У ерда пенальти йўқ эди, деган гапдан йироқман. Ҳозир оқни оқ, қорани қора, дейдиган пайт келган. Бироқ ҳакам пенальти белгилаганида ўйин аллақачон тугаб бўлганди.

“Шикоят ёзсак ҳам, ёзмасак ҳам ҳакамлар департаменти вазиятни кўриб чиқади

-  Шикоят ёзсак ҳам, ёзмасак ҳам ҳакамлар департаменти бу вазиятни ҳал қилишади. У ердаги мутахассислар албатта кўриб чиқишади. Ўзим эса ҳакамлар департаменти бошлиғи Арслон ака Ҳотамовга мурожаат қилиб, вазиятларни кўриб чиқинглар, бу биринчиси эмас, асосан “Бухоро” иштирокидаги учрашувларда шундай ҳолатлар бўлаётганини айтдим. Боя айтдим-ку, “Бунёдкор” ва “Қизилқум”га қарши ўйинлардаги ҳакамларнинг хатолари учун индамагандик, майли ҳамма ҳам хато қилади, ўзим ҳам ҳакамлик қилганимда хато қилгандим. Аммо бизга қарши бундай ҳолатлар кетма-кет содир бўляпти-да. Бироқ АГМК билан учрашувдаги ҳакамнинг иши хато эмас, у атайин қилди. Хўп, Агишев ўйинни чўзар экан, унда 4 дақиқа ўрнига 8 дақиқа қўшиб бермайдими? Яна қайтараман, у ўйинга тайёр эмасди. Тўғри, АГМК кучли таркибга эга, Миржалол Қосимовни ҳурмат қиламиз, тажрибали мураббий. Лекин ҳакам қўрқиб ўйинни бошқармаслиги керак. Ахир Бухорода ҳам ҳокимдан тортиб, базанинг қоровулигача ҳамма мухлислик қилиб туришибди. Агар АГМКни ютганимизда 9 очко билан 12-ўринга чиқиб олардик. Клуб икки очкоси борлигида олинди, орадан бир-икки  ой ўтди. Биласиз, “Бухоро” ҳаммага ютқазаётганди. Мана энди, жамоа ўйинида ўзгариш бор. Жамоамиздаги ўйинчиларга қандай қоидабузарликларга сариқ ёки қизил карточка берилишини, симуляция қилиш бизда тўхтатилганини, жароҳат олса ҳам эркакчасига ўйнашни, вақтни сунъий чўзмасликни, ҳакам билан тортишиш керак эмаслиги ҳақида тинмай уқтиряпман. Бироқ тажрибали ҳакам ҳисобланган Вадим Агишевнинг хатти-ҳаракатлари ҳаммасидан ошиб тушди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Orifjon navbahor
31/08/2020 00:26
Qaytar dunyo xasanboy bir vaqtlari sizxam shunaqa ish qilgansiz ayniqsa navbahor sizoniga penalti bergansiz bilib quying uzbek futboli ulib bulgan xaqiqat yuq