Муҳаммадқодир Абдуллаев: Боксчи бўлганимдан фахрланаман
Ads

Бугун сиз азиз мухлислар эътиборига Sports.uz инетернет портали бокс бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев билан суҳбатни ҳавола этади.

1973 йили Андижонда таваллуд топган Муҳаммадқодир Абдуллаев спортчилик фаолиятида Олимпиада ва жаҳон чемпионилигини, кўп маротаба мамлакатимизнинг биринчи рақамли боксчиси Эрон, Туркия, Таиланд, Хитой, Франция каби бир қатор давлатларда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори бўлган.

Шунингдек, Муҳаммадқодир ўзининг юксак хизматлари мамлакатимиз шарафини халқаро майдонда ўтган спорт мусобақаларида муносиб ҳимоя қилганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1995 йили «Шуҳрат» медальи ва 1999 йили эса «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.

– Ассалому Алайкум! Муҳаммадқодир ака спортга илк маротаба кимнинг маслаҳати билан келгансиз?

– Ассалому Алайкум! Тўғрисини айтсам болалигимда спортга умуман қизиқмаганман. Лекин отам мажбурлаб вилоятимиздаги бокс тўгарагига сен албатта, чемпион бўласан сенга ишонаман деб олиб келганлар.

– Боксдаги мураббийларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Мен Андижонда дастлаб Шуҳрат Абдуллаев қўл остида шуғулланиб, бироз вақтдан сўнг Марс Қўчқоров ва Лочин Қўчқоров каби тажрибали мураббийлардан бокснинг сир-асрорларини ўрганганман.

– Боксчилик фаолиятингизда илк маротаба қачон шоҳсупага кўтарилгансиз?

Бу ғалабага 33 йил ўтган бўлсада, худди кечагидай эслайман. 1985 йили Андижон вилояти чемпионати ўтказилди ва мен унда ил олтин медальимни қўлга киритдим. Шунингдек шаҳар ва республика мусобақаларида бир неча бор ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгалладим. 1990-1991 йилларда Совет иттифоқи чемпионатида зафар қучди. Шунингдек, ёшлик пайтларимда бир неча бор халқаро турнирларда турнирларда ғолиб бўлганман.

– Биламиз ҳар бир спортчи шоҳсупа тўрига кўтарилганда кўзига ёш келади. Сиз ғолиблик шоҳсупасида турганингизда нималарни ҳис этасиз?

– Мен шоҳсупада турганимда кўзимни юмиб, ота-онамни, халқимиз ва Президентимизнинг ишончини оқлаганимга шукр қиламан. Ахир биз спортчилар улар дуо қилгани учун ғолиб бўлиб, бошимизни тик кўтариб юрамиз.

– 2000 йил ёзги Олимпия ўйинларида олтин медальни қўлга киритганингизда ҳам кўзингизга ёш келган эди. Бу олтин медальга эришганингизда кўнглингиздан қандай туйғулар ўтган?

– Олимпиадага кетиш олдидан Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовга мен албатта чемпион бўламан ва Ватанимиз байроғини янада юксалтираман деган эдим. Энг аввало, ҳар бир жангда ушбу ваъдамни бажариш учун ғалаба сари интилганман. Йигит киши берган лавзида туриши керак, бўлмаса, бундай лавз бериш керак эма деган фикрлар финал жангига қадар бошимда айланиб юрган. Финалда ғолиб бўлиб, олтин медальни қўлга киритганимда, мен ваъдамни бажардим, Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқладим дея кўзимдан қувонч ёшлари қалқиган.

– Сизда нуфузи мусобақалардан қандай таассуротлар қолган?

– 1999 йили Америкада ўтган жаҳон чемпионатида мен, Тўлқин Турғунов ва Ўткирбек Ҳайдаров жаҳон чемпионатида иштирок этиб, икки олтин ва битта кумуш медальни қўлга киритганмиз. Ўшанда ББC канали Марс Қўчқоровдан интервью олиб, Ўзбекистонда Андижон шаҳри кўпми дея сўраган. Шунда мураббийимиз йўқ юртимизда битта Андижон вилояти бор ва у ердан олдингизда турган жаҳон чемпионлари ва совриндорлари етишиб чиққан деган. Ушбу гапдан сўнг барча хорижий ОАВлар Марс акага тан берган. Мен ўшанда ўзбек эканимдан жуда фахрланганман. Мана шу воқеа ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

– Ҳозирда бокс мамлакатимизда энг ривожланган спорт турига айланди. Шу сабабли ҳам сиз ёш боксчиларга нималарни маслаҳат берасиз?

– Яқинда биз ҳам шогирд бўлиб, мураббийларимизнинг кўрсатмаларини бажарар эдик. Мен ёш боксчиларга шуни маслаҳат бераман. Мураббийларнинг барча топшириғини бажариш шарт! Ўшандагина ғолиб бўласиз. Ғолиб бўлиш учун эса тинимсиз меҳнат қилиш керак. Халқимизда бир нақл бор, меҳнатнинг таги сариқ олтин. Бу нақл спортчилар учун жуда муҳим. Меҳнат қил ва олтин медальни ол!

– Айтингчи машҳур бўлиш осонми, ёки чемпион?

– Чемпион бўлиш учун тинимсиз меҳнат кўп йиллик машаққият керак бўлади. Чемпион бўлдингми машҳурликка кўникиш керак. Агарда чемпион бўлиб уни ушлаб турмасанг, машҳурлик ҳам йўқолади. Шу сабабли мен чемпион бўлишни қийин деб биламан.

– Ғалаба ва мағлубият орасида нима бор?

– Ғалаба ва мағлубият орасида ва бор(кулади). Бу иккиси эгизакдир, тинимсиз меҳнат ғалабага олиб келади, меҳнат қилмасанг мағлубиятга учрайсан. Мен учун улар ўртасида фақат меҳнат бор.

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

– Сизларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Sports.uz  интернет портали ва  uzsport_no1 каналини кузатиб боринг!