Мустафо Байрамов "Ал-Иттиҳод" ҳақида: "Бундан чўчимаслик керак, чунки юлдузли таркибга эга жамоани ҳам енгса бўлади"
Хабарингиз бор, 28 декабрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдаги ОФК бош қароргоҳида Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ)нинг 1/8 финал босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Қуръа натижасига кўра, нимчорак финалда жамоамизга Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” (Жидда) клуби рақиб бўлди.
Қуръа борасида “Навбаҳор” клуби техник директори Мустафо Байрамов ўз фикрларини билдирди.
- Қуръа натижасига кўра, жамоамизга “Ал-Иттиҳод” рақиб бўлди. Тўғри, Саудиянинг ушбу клуби яхши шаклланган жамоа. Шунингдек, “Ал-Иттиҳод” таркибидан жаҳон футболи юлдузлари ўрин олган. Аммо бундан чўчимаслик керак. Чунки юлдузли таркибга эга жамоани ҳам енгса бўлади.
Бунга мисол тариқасида 1996 йили, Осиё кубок эгалари кубоги доирасидаги, Наманганда Эроннинг “Истиқлол” (Теҳрон) жамоасига қарши кечган баҳсни келтириш мумкин. Ўшанда теҳронликлар сафида кўплаб Эрон терма жамоаси етакчилари, мазкур мамлакат футболи юлдузлари ўйнашарди. Шунга қарамай, ўз майдонимизда “Истиқлол”ни йирик – 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганмиз ва Наманган аҳлига байрам туҳфа этганмиз.
Жамоамиз “Ал-Иттиҳод”га қарши кечадиган нимчорак финал баҳсларида ҳам ижобий натижаларни қайд этган ҳолда, чорак финал йўлланмасини қўлга киритиб, наманганликларга қувонч улашади, деган умиддаман, - деди Мустафо Байрамов.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар