Мутахассислар унга шундай таъриф беришмоқда: Элдор Шомуродов ўзбек футболининг рекламаси!
Дунёнинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида ўзбекистонлик футболчилар ҳам тўп суришини худди жаҳон чемпионатига чиқишимиз сингари орзу қилардик, тўғрими? Ҳамма нарса вақти соати билан дейишганидек, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов энди Италия А сериясида тўп суради.
Тўғри, анча йиллар илгари яна бир ҳамюртимиз Илёс Зейтуллаев Италиянинг кўплаб клубларида ўйнаганди. Аммо кейинчалик уни “йўқотиб” ҳам қўйдик. Лекин бу энди бошқа масала. Шомуродов эса Италияга тайёр, тажрибали футболчи сифатида кўчиб ўтди. У ўйин вақти қачон келишини кутиб ўтирадиган ёшда эмас. “Женоа” эса ҳамюртимиз орқали ҳужумдаги камчиликларини бартараф этишни кўзлаб турибди. Қолаверса, бу янги рақобат ҳам деганидир. Элдорнинг фаолиятида янги саҳифа очилди.
Умуман олганда, ўзбекистонлик футболчининг Италия А сериясига йўл олганининг мазмун моҳиятига чуқур назар солсак, бу жуда кўп нарсани билдиради. Кўриб турибсиз, сайтимиз орқали ҳам бериб боряпмизки, кўплаб халқаро экспертлар, мутахассислар Шомуродовнинг “Женоа” билан шартнома имзолаганини фақат олқишламоқдалар ва бу борада ўз фикрларини билдиришмоқда. Ўзимиздаги мутахассислар Шомуродов масаласида қандай муносабат билдиришяпти? Унинг имкониятларини қай тариқа баҳоламоқдалар? Шомуродов Италия футболига қанчалик мос тушади? Айрим мутахассисларимиз ушбу масалаларда ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.
Усмон Тошев (Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи):
- Элдор Шомуродов ҳақидаги янгиликни эшитиб, ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистон футболини жаҳонга реклама қиладиган ўйинчиларимиз кўпайса, футболимизни янада кўпчилик билади ва эътибор қаратишни бошлайди. Биринчи навбатда унга омад тилайман. Умид қиламанки, ўзбек йигити у ерда ўйнаб кетади. Шомуродовнинг ўйинига пандемия анча ҳалақит берди. Шунинг учун анча вақт гол ура олмади. Унгача эса, Элдор ўзининг голлари билан бизни ўргатиб қўйганди. Аммо у яна гол уришни бошлади. “Женоа” эса уни ҳар томонлама таҳлил қилган. Шомуродовни нима учун бемалол ўйнаб кетади деяпман? Чунки у жиддий йигит. Юришидан, гапиришидан, ўйинидаги ҳаракатларидан Элдорнинг оддий, тарбияли, камтарин эканлиги сезилади. Бунақа футболчилар фақат ўсади. Албатта, Италияда ўзини йўқотиб қўймаслиги ва ортиқча ҳаяжонланиб қолмаслиги лозим. Ўзбекистонда барибир урф-одатларимиз ўзгача. Бироз уялиш, камтаринлик, соддалик, ҳурмат қилиш каби хусусиятлар бизда бор. У ерда эса фақат курашиш ва ўзини кўрсатиш талаб этилади. Аммо Шомуродов профессионал. Карпин ҳам, собиқ жамоадошлари ҳам, қолаверса, агентлари ҳам унга Италияда ўзини қандай тутиш борасида маслаҳатлар беришган. Асосий таркибдаги жойини топиш учун асло уялиш керак эмас. Вазиятнинг яна бир томони бор, яъни, янги клубда Шомуродовни қандай қабул қилишади? Унга қанчалик ишонч билдиришади? Янги жамоадошлари эса Элдорни янги муҳитга мослашишига ёрдам беришлари муҳим. Европа футболини билган мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, у ерларда муҳит яхши бўлади. Мураббий ва футболчилар профессионал, янги жамоадошини илиқ қарши оладилар, деб ўйлайман. Шомуродов оддий шароитда улғайган бола, қаттиқ меҳнат қилди ва мана энди Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирига кетди. Агар ҳамюртимиз ўзини кўрсатса европаликларнинг яна бошқа ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиши ортади.
Ёрқин Назаров (“Бунёдкор-2” бош мураббийи):
- Элдор Шомуродовни Италия А сериясига кўчиб ўтгани барча ўзбекистонликларни хурсанд қилди. Бу ёғига ҳам унга фақат омад тилаб қоламан. Ўйнаб кетадими, у ерга мос тушадими, деган савол ҳам бор. Менимча, Шомуродовга ўхшаган барча хусусиятларга эга бўлган ҳужумчилар Италия, Германия ёки керак бўлса Англия чемпионатига ҳам мос туша олади. Ҳамюртимиз “Женоа”да ўзини кўрсатишига ишоняпман. У Европа футболида кўтарилиш босқичини айнан “Женоа”дан бошлади. Ёдингизда бўлса, анча йиллар олдин Илёс Зейтуллаев деган футболчимиз Европа футболида ўзини кўрсатишни “Ювентус”дан бошлаганди. Аммо унинг иши юришмасдан, кейинчалик футболда кўринмай кетди. Шунга Шомуродовни ўртамиёна жамоадан бошлаётгани ҳам яхши бўлди. Мазкур жамоада ўз сўзини айтиб, янада кучлироқ клубларга кетади, деб ўйлайман. Элдорни ўзбекистонлик футболчилар орасида биринчи рақамлиси, деса ҳам бўлади. Агар тўпурарлар орасида юрадиган бўлса, у ердаги агентлар ва мутахассислар ўзбекистонлик бошқа футболчиларни ҳам диққат билан кузатишни бошлашади. Шомуродов учун жуда хурсандман.
Камолиддин Мурзоев (Ўзбекистон профессионал футболчилар уюшмаси раҳбари):
- Бу аввало нафақат Элдор, балки ўзбек футболи учун катта чорлов бўлди. Умид қиламанки, ҳамюртимиз Италия футболига тез мослашиб кетади ва ўзининг ортидан янги ўзбек футболчиларига йўл очади. Албатта, бунинг учун ундан катта меҳнат, куч ва сабр талаб этилади. “Женоа”нинг ҳужум чизиғида Пандев, Дестро, Пьяца каби кучли ўйинчилар бор. Бундай ҳужумчилар билан рақобатлашиш ҳам катта машаққат ва завқ бағишлаши турган гап. Шомуродовга қандай маслаҳат берган бўлардим? Аввало, ўзига бўлган ишончи ҳеч қачон сўнмасин. Ўз олдига янада катта мақсадларни қўйса ва меҳнат қилишда давом этаверса, “Женоа” унга трамплин вазифасини ўтаб беради. Роналду, Ибрагимович каби жаҳон юлдузлари билан бир чемпионатда тўп сурар экансиз, футбол чўққисига йўл қаерда эканини билиб оласиз ва қаерга интилиш кераклигини тушуниб етасиз.
Фикрлар
тчи бугунча канча куч ва маблаг сарфлаган, ахир сарфланган пул бу халкни пули эмасми? Бунёдкор у учун 200 минг ишлаган буса, ростов 8 млн. Бунака футболчилар терма учун жонини бериб уйнаши керак деб уйлиман, керак булса легионерлар хакида канакадир конунгарчилик чикариш керак