"Мухлислар олдида жуда ҳижолатдаман, балки бу ерга келмасдан у ёқда юрганим яхшимиди?!". "Динамо" футболчиси жамоасининг Суперлигада қолишига ишоняптими?

  • 18 октябрь, 2022, 16:07
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Самарқанднинг “Динамо” клуби ҳар бир турдан кейин Суперлига билан хайрлашиб про лига томон “салом” йўллаётгандек. Бу жамоа ҳамон ягона ғалабаси билан қоляпти ва асосан рақибларига очко улашиб келяпти. Мағлубиятлар серияси эса давом эттирилмоқда.

Бу сафар ўз уйида “Металлург” жамоасига имконият бой берилди. Учрашув охирларида “Динамо”дан Шохруҳ Абдураҳмонов билан Эркин Бойдуллаев четлатилди. Энди улар жамоага ёрдам бера олмайдилар. Sports.uz журналисти Абдураҳмонов билан боғланди.

- “Динамо” бу турда яна мағлубиятга учради. Нима бўлди, ўзи?

- Ҳаракат қиляпмиз. Ҳамма қийин ҳолатга тушиб қолган. Бундай вазиятда бир нима дейишим ҳам қийин. Ҳамма курашяпти, лекин ўхшамаяпти-да. Ёш футболчилар майдонга тушириляпти. Уларга ҳам қаердадир тажриба етишмаяпти.

- Ўйин охирларида учта қизил карточка кўрсатилди. “Динамо”дан сиз билан Эркин Бойдуллаев майдондан четлатилди. Ўз вазиятга қандай изоҳ берасиз?

- Иккита сариқ карточка бўлиб қолди. Аслида шунақа ўйин эди. Бошқа илож йўқ эди. Қанақа ўйнаш керак, билмадим. Ўйин вазиятидан келиб чиқиб карточка кўрсатди. Иккинчи четлатишда жамоамиз сардори Эркин ака Бойдуллаев қизишиб кетди, шекилли. Менимча, жахли чиқиб кетди. Рақиб жамоанинг захирадагилари аралашиб нима қилишарди? Аралашмаса ҳам бўларди. Менда бунгача битта сариқ карточка бор эди. Ҳаммаси ҳакамнинг қарори.

- “Динамо” оғир аҳволда қолган. Бу ҳам етмаганидек, энди кейинги учрашувда сиз билан Бойдуллаев жамоага ёрдам бера олмайсизлар...

- Ҳа, жамоамиз қийин вазиятда эди. Энди янада оғир ҳолатда. Нима дейишни ҳам билмайман.

абдурахмонов

- Турнир жадвалига қарасак, ҳақиқатан “Динамо” ўта мураккаб аҳволга тушиб қолган. Деярли ҳеч ким “Динамо”ни қийин вазиятдан чиқиб кетишига ишонмаяпти. Бу масалада фикрингиз қандай?

- Ҳали умидимиз сўнггани йўқ. Ҳозир ҳам қандайдир умид бор. Барчаси Худодан. Вазият кутилмаганда тескарисига ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Омад етишмаяптими ёки бошқа нарсами, билмай қолдим. Яна қайтараман: ҳали умид сўнмади. Назарий жиҳатдан имкониятимиз бор.

- Вадим Абрамов тажрибали мураббий. Лекин клубга бош мураббий бўлиб келганидан бери жамоа ютолмаяпти. Гарчи вазиятни ўзгартиришга уринаётган бўлса-да, натижа йўқ. “Динамо”га мураббий келганидан кейин нимадир ўзгардими?

- “Динамо”га қайтганимдан кейин аввал Андрей Шипилов билан ишладим. У ҳам яхши мураббий эди. Вадим Карленович ҳам маҳоратли мутахассис. Жамоанинг ҳолатидан келиб чиқиб ўйнаяпти. Барибир қаердадир хато қилаётгандир. Абрамов ҳам жамоанинг ички имконияти, футболчиларнинг ҳолатидан келиб чиқиб ўйнатяпти. Балки мураббий хоҳлаган тактикага ўйинчилар мос тушмагани учун бошқача тактикадан фойдаланаётгандир, яна билмадим.

абдурахмонов1

- Ўтган йили легионер сифатида Беларусь чемпионатига кетдингиз ва бу йил ярмида “Динамо”га қайтдингиз. Ўшанда самарқандлик мухлислар қайтганингиздан хурсанд бўлишгани рост. Лекин ҳеч нима ўхшамаяпти. Бу ҳолатда ўзингизни айбдордек ҳис қиляпсизми?

- Ўзим учун ва мени кутган самарқандлик мухлислар учун ҳам жуда ҳижолатдаман. Рости, уялаётганимдан зўрға юрибман. Балки бу ерга келмасдан у ёқда юрганим яхшимиди, деб ўйлаб қоляпман. Мени чақиришган ва “Динамо”га ёрдам бериш учун келгандим. Самарқандга яна катта ниятлар билан қайтгандим. Ҳар доим ҳам инсонни айтгани бўлавермас экан.

- Мухлисларга нима дейсиз?

- Ишқибозларимиздан узр сўрайман. Бизни доим қўллаб-қувватлашяпти. Уларнинг олдида хижолатдаман. Бунақа ҳолатга тушиб қолишимиз ҳаёлимга ҳам келмаганди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!