Каннаваро бу футболчини терма жамоага чақирмайди!

CHERY AUTO

2026 йилда турли мамлакат чемпионатларида тўп тепиб келган ўзбекистонлик футболчилар яна юртимиз жамоаларига келиб қўшилмоқда. Хусусан, Қозоғистон Премьер-лигасидаги охирги вакилимиз  Шаҳбоз Умаров ҳам “Тобол” билан хайрлашиб, “Бунёдкор” жамоасига келди.

Tecno

26 ёшли универсал футболчи ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси бўлгани ва бу йил ҳамюртларимиз АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиши боис, футбол жамоатчилиги Шаҳбоз Умаровнинг трансферига алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, Қозоғистоннинг  ASnews.kz сайти анчадан бери Ўзбекистонда ишлаб келаётган россиялик скаут Николай Егоричевдан охирги мавсумларни қўшни мамлакатнинг “Ордабаси”, “Турон” ва “Тобол” каби клубларида ўтказган Шаҳбоз Умаровнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайтиш имкониятлари ҳақидаги фикрларини сўради.

- Бунёдкор”га ўтгани билан Умаровнинг вазияти барибир сезиларли  даражада ўзгармайди. Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳужумкор футболчилар позициясида ҳар икки қанотда рақобат жуда кучли.

Умаров эса, бу борада  асосий номзодлар гуруҳига кирмайди. Ҳозирда ундан юқорироқ баҳоланаётган Остон Ўрунов, Аббосбек Файзуллаев, Ҳожимат Эркинов, Русланбек Жиянов, Алишер Одилов, Жалолиддин Машарипов каби футболчилар бор.

Бундан ташқари, “Бунёдкор” ҳозирги пайтда Ўзбекистон чемпионати мезонларига кўра топ-клуб ҳисобланмайди. Ўтган мавсумда жамоа турнир жадвалида бешинчи ўринни эгаллади.

“Бунёдкор”дан терма жамоага футболчилар жуда кам чақириляпти. Охирги мисол сифатида Одил Ҳамробековни  айтиш мумкин, у кейинроқ Эроннинг “Трактор” клубига ўтган эди.

Асосан терма жамоага хорижда тўп сураётган легионерлар ҳамда мамлакатнинг етакчи клублари – “Пахтакор”, “Насаф” ва “Нефтчи” вакиллари чақирилади. Ўтган мавсум якунларига кўра ҳам айнан шу уч жамоа чемпионатда кучли учликдан жой олганди, - деди Николай Егоричев.

Тажрибали мутахассис, шунингдек, терма жамоанинг янги бош мураббийи омилини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Шаҳбоз Умаров анча вақтдан бери терма жамоага чақирилмаяпти, ҳозирги бош мураббий Фабио Каннаваро эса, уни умуман танимайди. Шаҳбоз охирги марта икки йил олдин, Осиё кубогида иштирок этиш учун аввалги мураббий Сречко Катанец даврида чақирилган эди.

Фабио Каннаваро узоқ вақтдан бери терма жамоада ўйнамаган футболчини тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига ёки ҳатто тайёргарлик жараёнига чақириши эҳтимоли жуда кам.

Албатта, Шаҳбоз Умаровнинг мундиалга бориш имконияти йўқ деб бўлмайди, лекин бунинг учун у 2026 йил мавсумининг биринчи қисмини жуда ишончли ва сермаҳсул ўтказиши керак.

Бироқ, фақат натижадорликнинг ўзи ҳам терма жамоага кириш учун кафолат эмас. Ёрқин мисол сифатида ҳужумкор футболчи Хуршид Ғиёсовни келтириш мумкин. У ўтган мавсум ОКМКда жуда зўр ўйнади ва ҳозир “Нефтчи”га кўчиб ўтди. Хуршид 34 та ўйинда барча мусобақаларда 12 та гол ва 11 та ассист қайд этди. Чемпионатнинг энг самарали ўйинчиларидан бири бўлди, аммо шунга қарамай, терма жамоадан чақирув олгани йўқ, - деди Николай Егоричев.

Футболга оид манбалар 26 ёшли Шаҳбоз Умаровнинг Қозоғистон Премьер-лигасини тарк этиб, Ўзбекистонга қайтганини жаҳон чемпионати олдидан доимий ўйин амалиётига эга бўлиш мақсади билан боғламоқда. 2025 йил давомида универсал футболчи “Турон” жамоасида 10 ўйинда битта гол ва учта ассист қайд этди. Ёзда “Тобол”га кўчиб ўтганидан кейин ишлари бироз орқага кетди ва янги жамоасида асосий таркибга кира олмади.

Фаолиятининг катта қисмида Ўзбекистон, Беларус ва Қозоғистон чемпионатларида муваффақиятли тўп тепиб келган  Умаров миллий терма жамоада бешта учрашувда майдонга тушган. Энди “Бунёдкор”даги фаолияти орқали Шаҳбоз терма жамоа мураббийлар штаби вакилларини эътиборини тортишга ҳаракат қилади.

Ҳусанов аср рекордида иштирок этди

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!