Мухторхон Ташходжаев Осиё Паралимпия қўмитаси президенти билан учрашди

Бугун Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара енгил атлетика бўйича халқаро Гран-при турнири старт олди.

“Токио-2020” ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган ушбу нуфузли мусобақадан олдин Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид билан учрашди.

Учрашув давомида мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш хусусида фикр алмашилди ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Ушбу истиқболдаги режалар яқин келажакда куч ва ғайратга тўла бўлган пара спортчиларимизнинг кейинги фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбари мулоқот давомида юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга, хусусан Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантиришга давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани ва бунга шахсан Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолик қилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

“Айниқса, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жисмоний имконияти чекланган ёшларни жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш натижасида янги иқтидор эгалари кашф этилмоқда. Бундан ташқари, юртимизда паралимпия спорт турлари қамровини кенгайтириш ва географиясини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди ва бутун мамлакат бўйлаб селекция ишлари кенг йўлга қўйилди. Умид қиламизки, яқин келажакда спортчиларимиз ўз иқтидор ва салоҳиятларини ишга солган ҳолда халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда янада яхшироқ натижалар қайд этиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришади”, – деди Мухторхон Ташходжаев.

Ўз навбатида Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид юртимизда амалга оширилаётган бундай улкан ишлар ҳақида ижобий фикрлар билдириш билан биргаликда, бошланажак мусобақаларда ўзбекистонлик спортчиларга омад тилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!