Музаффар Ражабов янги лавозимга тайинланди
Ўзбекистон яккакураш оламининг ёрқин намояндаси Музаффар Ражабов яна бир лавозимга тайин этилди.
Нафақат Ўзбекистон, балки бутун МДҲ мамлакатларида юқори нуфузга эга бўлган спортчимиз узоқ йиллардан буён ММА, кикбоксинг, қўл жанги каби яккакураш турлари бўйича юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Деярли 40 ёшни қарши олган ҳамюртимиз спортчилик фаолияти билан биргаликда Бухорода яккакураш турларини ҳам ривожлантиришда қаттиқ меҳнат қилиб келаяпти.
Мисол учун, ушбу жангчимиз ўзининг “Амир Темур” спорт клубига асос солди ва у ерда тарбия қилаётган шогирдлари ажойиб натижалар қайд этшмоқда... Азамат Нуфтиллаев, Ҳасан Бозоров каби истеъдодлар бунга яққол исбот бўла олади.
Шунингдек, мазкур ватандошимиз Ўзбекистон ММА ассоциацияси Бухоро бўлими раиси, Бухоро қўл жанги федерацияси раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Энди, Музаффар Ражабовга яна янги вазифа юкланди. Яъни, у 15 февралдан Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси вице-президенти лавозимида иш бошлади.
Ўйлаймизки, Музаффар Ражабовнинг қадами қутлуғ келади ва янги масъулиятли лавозимда Ўзбекистон кикбоксингини юқори чўққиларга олиб чиқишда жонбозлик кўрсатган ҳолда, ўзига билдирилган ишончни оқлайди!
Фикрлар