МЮ ва "Боруссия" иштирокидаги учрашувлар учун превью
Кечаги беллашувлар якунида қатор сенсациялар юз берганига гувоҳ бўлдик. "Реал", "Интер" каби жамоалар фаворит мақомида бўла туриб, муроса кўчасини танлади. "Атлетико", "Бавария" катта қийинчилик билан ғалаба қозонди. Демак, бу йилги Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида ҳеч кимга осон бўлмайди. Ушбу тенденция бугун ҳам давом этишига умид қилган ҳолда, "Боруссия" Дортмунд - "Зенит" ҳамда МЮ - "РБ Лейпциг" иштирокидаги ўйинларга эътиборингизни қаратишни мақсад қилдик.
"Боруссия" Дортмунд - "Зенит"
Дортмундликлар омадсиз старт амалга оширди. "Лацио" майдонига сафар қилган "асаларилар" ҳужумкор ўйин кўрсатганига қарамай, рақибга имкониятни бой берди. Тўп назорати, аниқ зарбалар, паслардаги аниқлик бўйича меҳмонлардан устун келган "Боруссия" якунда 1:3 ҳисобида ютқазди. Бунда рақиб сафидаги футболчилар класи катта аҳамият касб этганлигини таъкидлаш ўринли бўларди. Тенг кучли жамоалар жам бўлган гуруҳда улар сўнгги поғонада жойлашган ва бу Европа футболини катта юлдузлар билан таъминлаган клубга ярашадиган ҳолат эмас. Ўз ўрнини топиш учун энг маъқул йўл ғалаба. Бироқ рақиб ҳам анойи эмас. Россиянинг амалдаги чемпиони анча хавфли. Ҳар икки жамоа таркибидаги ҳужумчилар савияли эканлигини ҳисобга олсак, бугун голлар шоуси кўришимиз эҳтимоли юқори. Бироқ бугун турли сабабларга кўра, Эмре Жан, Нико Шульц каби асосий таркиб футболчилари майдонга туша олмаслиги ўйин темпига бироз таъсир кўрсатиши мумкин.
Тахминий таркиб: Бюрки, Пишек, Хуммельс, Аканжи, Менье, Беллингем, Витсель, Геррейру, Санчо, Ройс, Ҳоланд.
Люсиен Фавр: "Бизни жуда кўп қийин ўйинлар кутиб турибди. Менимча, "Зенит"нинг 1-турдаги мағлубияти сенсация бўлди. Улар жуда хавфли жамоа. Бироқ ўша ўйинда яратилган вазиятларнинг аксариятидан фойдалана олишмади. Барчада оғир кунлар бўлиб туради".
"Зенит"
Петербургликларнинг ишлари жойида эмас. Сўнгги икки ўйинда фаворит мақомидаги "Зенит" мағлуб бўлди. Чемпионлар Лигаси дастлабки турида "Брюгге"ни қабул қилган клуб 1:2 ҳисобида енгилди. Қўшимчасига, РПЛда ҳам "Рубин" уларни худди шу ҳисобда ютди. Бунга жамоанинг асосий футболчилари жароҳат олганини ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.
Катта маблағлар эвазига харид қилинган Мальком ва Азмун охирги учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Бугунги баҳсгача эронлик футболчи сафга қайтишга улгурди, аммо унинг майдонга тушиши сўроқ остида. Бразилиялик вингер эса, қачон жароҳатидан тикланиши номаълум. Бу жиҳат "Зенит"га осон бўлмаслигини англатади. Сергей Семак шогирдлари учун гуруҳ босқичидаги вазият аянчли аҳволга келиб қолмаслиги учун бугун улар олдинга ўтишга мажбур. Бу бизга қизиқарли ўйинни кафолатлайди.
Тахминий таркиб: Кержаков, Караваев, Ловрен, Ракицкий, Дуглас Сантос, Оздоев, Барриос, Ерохин, Вендель, Дриусси, Дзюба.
Сергей Семак: "Эртанги ўйинга бор эътиборимни қаратганман. Футболда барча нарса бўлиши мумкин ва айнан шу унинг энг қизиқарли эканлигини таъминлайди. Бугун бизга Азмун ҳамда Мальком ёрдам бера олмаслиги ёқимсиз ҳолат. Шунга қарамай, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз".
МЮ - "РБ Лейпциг"
Биринчи тур ушбу икки жамоа учун омадли келди. Манкунияликлар меҳмонда гуруҳ фаворити ПСЖни мағлуб этган бўлса, немислар "Истанбул"га имконият қолдирмади. Бугунги ўйин эса, пешқадам номига ойдинлик киритиб беради. Сульшер шогирдлари Парижда бундан натижа кўрсатишини олдиндан тахмин қилиш қийин эди. Чунки шундоқ ҳам "қизил иблислар"нинг ишлари жойида эмас, камига, асосий ҳимоячи Харри Магуайр клуб билан "Парк де Пренс"га бормаганди. Бундай вазиятда дунёнинг энг қиммат ҳужум тандеми МЮ ҳимоясини нима аҳволга солишини олдиндан тасаввур қилган мутахассислар ўша куни мутлақ адашди. Сульшер шогирдлари ҳимояда тартибли, ҳужумда ақлли комбинациялар билан ўйнади. Энг муҳими, футболчиларга ишонч бағишлайдиган ғалаба қўлга киритилди ва энди кайфият кўтарилиши, натижада, "Манчестер Юнайтед" ўз номига яраша ўйинлар кўрсатиши лозим. Бугунги ўйин олдидан эса, таркиб билан боғлиқ муаммолар йўқ.
Тахминий таркиб: Де Хеа, Туанзебе, Магуайр, Линделёф, Уан-Биссака, Фред, Ван де Бек, Теллес, Бруну Фернандеш, Рэшфорд, Марсьяль.
Оле-Гуннар Сульшер: "Иложи борича тезроқ 10 очкодан кўпроқ жамғаришни мақсад қилганмиз. Эртага эса, фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлаяпмиз. Агар мухлислар тўла майдонда ҳаракат қилганимизда, бизда юқори босим ва ҳаяжон бўлиши мумкин эди. Баъзида бу ҳолат бизнинг фойдамизга ишлайди. Биз мухлисларни соғиниб қоламиз".
"РБ Лейпциг"
Ўтган мавсум кучли тўртликка кириб, барчани ҳайратга солган "буқалар" бу мавсум ҳам ўз олдига катта мақсадлар қўйганга ўхшайди. Бежиз ўша ярим финалга чиққан футболчилар катта таклифлар бўлганига қарамай, сотиб юборилмади. Демак, ёш мураббий бошчилигидаги ёш истеъдодлар катта марралар сари қадам ташлаяпти. Ўзига бўлган ишончни янада орттириш, нималарга қодирлигини барчага исботлаш учун "РБ Лейпциг"да бугунгидан қулай имконият юзага келиши мушкул. Кўп жиҳатдан ўхшаш жамоалар курашида зафар қучган томон устунликни янада мустаҳкамлайди. Гуруҳ пешқадами номига ойдинлик киритувчи ўйинда кучлар деярли тенг. Бироқ меҳмонларда таркиб билан боғлиқ баъзи муаммолар ҳам йўқ эмас. Лаймер, Клостерманн, Тайлер Адамс каби футболчилар ёрдамидан фойдалана олмайдиган Нагельсманни "орзулар театри"да жиддий синов кутмоқда. Марҳамат, ғалаба қозон ва карвонбошиликни ишонч билан давом эттир!
Тахминий таркиб: Гулачи, Орбан, Упамекано, Хальстенберг, Кампль, Хенрикс, Нкунку, Анхелиньо, Ольмо, Форсберг, Поульсен.
Юлиан Нагельсманн: "Манчестер Юнайтед жуда мослашувчан жамоа. Улар Чемпионлар Лигасини муваффақиятли бошлаб олди. Аммо биз ҳам стартни ёмон ўтказмадик. Шундай экан, ўзимизга бўлган ишончимиз "қизил иблислар"ни мағлуб этишга етишига ишонаман".
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар