МЮдаги ўзбекистонлик футболчи ҳақида биласизми? Ёхуд легионеримизнинг дастлабки таассуротлари
Янги мавсумда хорижда тўп сураётган легионерларимиз яна биттага кўпайганди. Гап Таиланд чемпионатига кўчиб ўтган ҳамюртимиз Сардор Мирзаев ҳақида бормоқда. Фарғоналик иқтидор эгаси бир неча йил давомида “Локомотив” шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб келди. Жорий йилда эса у Таиланднинг кучли жамоаларидан бири – “Муангтонг Юнайтед” аъзосига айланди. Шу тариқа, ҳамюртимизнинг фаолиятида янги саҳифа очилди.
Биз 29 ёшли футболчимизнинг у ердаги ҳаёти ҳамда фаолияти қандай кетаётгани билан қизиқдик. Шу сабабли Сардор аввалига янги мамлакатга мослашиш жараёни ҳақида сўз юритди.
- Таиландда вазият анча яхши. Оилам билан шу ердаман. Клуб бизга ҳамма шароитларни яратиб берган. 12 сентябрдан мавсум бошланади, бу борада чемпионатда янги тизим яратишмоқчи. Бу ерда чемпионат тўхтагач, орада икки ҳафтача шуғулланмадик холос. Ҳозирда машғулотларда астойдил ишлаяпмиз. Ҳафтада беш кун шуғулланамиз ва икки кун дам берилади. Энди июль ойигача танаффус берилди. Ундан сўнг чемпионатгача яна йиғин бошланади. Умуман олганда, Таиланд шароитига мослашиб қолганмиз.
Мирзаев фаолиятида илк бор легионер мақомида тўп суриш бахтига муяссар бўлмоқда. Юқорида айтганимиздек, “Муангтонг Юнайтед” Таиланднинг етакчи жамоаларидан бири ҳисобланади. Хўш, ҳамюртимизнинг у ерга кетиши қандай юз берди? Биздаги маълумотларга қараганда, Мирзаевда яна бошқа таклифлар ҳам йўқ эмасди. Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳамюртимиз дастлаб нима учун “Локо”дан кетгани ва МЮни танлагани ҳақида гапирди.
- Тўғри, менда яна бошқа вариантлар ҳам бор эди. Лекин аниқ бир жиддий чорловлар эмасди. Ўзимизда янги мавсум яқинлашиб қолгани боис яна “Локомотив”да фаолиятимни давом эттиришим аниқроқ эди. Аммо кейин кутилмаганда Таиланддан таклиф бўлиб қолди. Бундай ҳолатда ўйлаб ўтиришга ҳам вақт йўқ эди ва мен розилик билдирдим. Кореялик агент менга алоқага чиқди ва у ерда мени ўша агент кутиб олди. Сўнг клуб раҳбарияти билан учрашдик ва барчасини келишиб олган ҳолда шартнома туздик. “Локомотив”дан кетишим эса унчалик қийин бўлмади. Раҳбарият мени осонликча қўйиб юборди. Чунки бунгача улар билан агар четдан аниқ таклиф бўлса, кетишимга рухсат беришлари борасида оғзаки келишувимиз бор эди. Бу борада уларга миннатдорлик билдираман.
Шу билан бирга Сардор янги жамоаси сафида 10-рақамда тўп сурмоқда. Легионеримиз учун рақамнинг қанчалик аҳамияти бор? Умуман олганда, бу рақамни футболчимизнинг ўзи танладими ёки клубдагилар беришдими? Қуйида шу масалага ойдинлик киритади.
- Рақам ҳақида гапирадиган бўлсам, буни менга клубдагилар беришди. Илгари бу жамоада 10-рақам остида терма жамоанинг етакчи футболчиларидан бири ўйнаган экан. Ҳозир у Японияда тўп суряпти. Янги жамоамдагилар эса кучли ўйинчилар 10-рақамда ўйнашади, сен ҳам шунга лойиқсан, деб менга ишониб топширишди. Клубнинг мендан умиди катта. Худо хоҳласа, уларнинг ишончини оқлайман. Ўзимга ҳам 10-рақам остида тўп суриш ёқади.
Ҳар қандай футболчи хорижда ўйнаётганидан кейин легионер сифатида унга бўлган талаб ва эътибор маҳаллий ўйинчилардан кўра кучлироқ бўлади. Мирзаевнинг Таиландга кетишидан асосий мақсад нима? Янги чемпионатда ўйнаб нимага эришмоқчи? Сардор бу борада гапирар экан, мақсадлари тўғрисида фикр билдирди.
- Тўғри айтяпсиз, ҳар бир футболчининг хорижда легионер мақоми остида тўп суриш мақсади бўлади. Шу ёшга кириб менга ҳам четда ўйнаш насиб қилди. Энди бу ерда ўзимни янада яхшироқ кўрсатиб, Япония, Жанубий Корея ёки бошқа янада кучлироқ чемпионатларга кетишга ҳаракат қиламан. Таиланд чемпионати бошланиб қолса, бу ердан бошқа мамлакатларга кетиш имконияти кўпроқ экан. Олти йил “Локомотив”да ўйнаганим боис, энди менга ҳам янги чақирув керак эди. Яъни, янги жамоага ўтиш орқали менга ҳам янги мотивация керак эди. Ҳали мен учун ҳеч нима кеч эмас, бундан кейин ҳам ўсишга ҳаракат қиламан. Лекин тўғри айтяпсиз, легионер бўлиб келинганидан кейин бунинг масъулияти янада кучли бўлар экан. Бу ҳолатни энди сезиб турибман.
Барибир ҳамюртимиз учун бу янги мамлакат ва янги клуб ҳисобланади. Табиийки, мослашиш учун вақт керак. Бу борада эса унга янги жамоадошлари билан яхши тил топишиб олиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро мулоқот давомида Мирзаев жамоадошлари билан муносабати, яқин дўсти ва бошқа легионерлар хусусида ҳам гапирди.
- Янги жамоадошларим билан тезда тил топишиб кетдим. Таиландлик футболчилар ҳам яхши экан. Ўзимизникиларга ўхшаган очиқкўнгил йигитлар. Жамоамизда уч нафар бразилиялик легионерлар бор. Марказий Осиёдан биргина мен. Шунингдек, Шарқий Осиёдан ҳам яна уч нафар ўйинчилари бор. Жамоамиз дарвозабони эса вьетнамлик. Унинг онаси россиялик, отаси эса вьетнамлик. У рус тилини билгани боис ўша билан тез-тез гаплашиб тураман. Бир сўз билан айтганда, ҳамма футболчилар билан яхши муносабатдаман.
Таиланд футболи билан Ўзбекистон футболини солиштирганда қанчалик фарқлар кўзга ташланиши мумкин? Ўз навбатида легионеримиз у ерда ўзимиз учун ўрнак олишимиз мумкин бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритди.
- Ўтган сафар ҳам мендан шу ҳақида сўрашганди. Таиландда ўрнак оладиган сифати шундаки, маркетинг, ҳомийлар билан ишлаш, телетрансляция борасида ишлар анча яхши. Таиланд чемпионатида VAR тизими ҳам йўлга қўйилган. Тўғриси, шароитлари бизникидан кўра анча кучли. Тўғри, Ўзбекистонда футболчиларнинг сифати яхшироқ, аммо бу ерда ҳам футбол ўсиб боряпти. Легионерлари кучли, футболга эътибор ҳам ортиб боряпти.
Фикрлар
Lekin bu jurnalistika sohasida bunday qarorlaringiz nooʻrin ! Kechirasiz-u bu ketishda oʻquvchilarni yoʻqotib boraverasiz
Sizga shaxsiy va doʻstona fikrim: men sportning deyarli barcha turlarini muntazam ravishda kuzatib boraman va undagi voqeliklarni matbuot da qanday yangrashini, jurnalist sarlavhasi qanday boʻlarkin, Hayrulla Hamidov, Davron Fayziyev kabi mavzuga oʻta mos soʻzlarni topa olarmikin ??? ...ana shu kabi oʻquvchining talabini qondira oladigan maqola yoki yangilik boʻlsa, oʻqib xumordan chiqsam-da maza qilsam bu silarga "+ +" boʻladi. Aks holda shu yoʻsindan ketaversangiz menda sizlarga boʻlgan eʼtibor susayib, rus matbuotini kuzatishim oshib boraveradi ! Gap bu yerda meni til bilishim va sizni "ee bu oʻzi bittagina obunachi holos ku bu obunachini yoʻqotsak ertaga yana bittasi qoʻshiladi..." degani emas. Gap oʻz ona tilimizga boʻlgan hurmat! Undagi zavq boshqacha, oʻqilishida, mazmunida, ohangida... Oʻz ona tilingizga va oʻz obunachilaringizga GʻAMXOʻR boʻling !!! Biz duoda boʻlaylik
Sogʻ boʻling!