Наманган вилояти ҳокими: "Навбаҳор" учун янги автобус харид қилинди

Кеча Намангандаги "Марказий" стадионда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Абдураззоқов, Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов, “Навбаҳор” ПФК ва “Марказий” ўйингоҳ раҳбарияти, ходимлари, “Навбаҳор” жамоаси мураббийлар штаби, “Навбаҳор” фан-клуби иштирок этишди.

Йиғилишда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов  йиғилганларни тез кунлар ичида старт оладиган янги – 2021 йилги футбол мавсуми билан табриклаб,  бўлажак мавсумда “Навбаҳор”га омад ёр бўлишини тилади.

Шундан сўнг, Шавкат Шокиржанович “Навбаҳор” клуби структураси ўзгаришини айтиб, шу кунгача клубда вице-президент лавозимида фаолият олиб борган  Отабек Саматовни клуб президенти этиб тайинлади. Вилоят раҳбари ушбу қарорини Отабек Саматовнинг собиқ футболчи бўлганлиги, футболни теран тушуниши билан изоҳлади. 

Шунингдек, шу кунгача “Одил Жуниор” футбол мактабида фаолият юритаётган Акмал Соҳибов ҳам “Навбаҳор” ПФКда иш бошлайдиган бўлди.  

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шунингдек, “Навбаҳор” клуби учун янги, замонвий автобус харид қилинганлиги ва автобус тез кунлар ичида Наманганга етиб келиши, мухлислар янги мавсумда жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришлари лозимлигини таъкидлади.

“Навбаҳор” бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов янги мавсумда жамоа ҳужумкор ўйин намойиш этиши, мақсад ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!