"Насаф" Осиёда ҳеч кимга ўхшамайди, бу ерга келиб-кетиш учун келмадим" - Азизбек Амонов билан суҳбат

Осиё Чемпионлар лигаси 2-турида ҳам “Насаф” яна барча мухлисларни қувонтирди. Ўз майдонида Қатарнинг “Ал Садд” клубиин қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда иккита гол урган Азизбек Амонов эса чин маънода баҳс қаҳрамонига айланди. Унинг голлари ва жамоасига фойда келтиргани мақтовларга сазовор бўляпти.

- “Насаф”нинг “Ал Садд”га қарши ўйини энг муҳимларидан бири эди ва мана шундай баҳсда иккита гол уриб учрашув қаҳрамонига айландингиз. Бундай ўйиндан сўнг кечинмаларингиз қандай?

- Табрик учун раҳмат. Аллоҳга шукр, ғалабага эришиб, бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизни, яқин инсонларимизни хурсанд қилдик. Жуда муҳим ўйин эди ва яна ўз майдонимизда мухлисларга қувонч улашиб, уларга байрам қилиб бермоқчи бўлдик. Худога шукрки, бунга эришдик. Бу ўйинга дадам ҳам келганди. Уларнинг кўз ўнгида гол уриш бу бошқача ҳис туйғуларни берди.

- “Ал Садд” дарвозасига урган иккита голингиз кўпчилик томонидан эътироф этиляпти. Учрашувдан аввал дублга эришишингизга ва ўйин қаҳрамонига айланишингизга ишончингиз комилмиди?

- Ҳар бир ҳужумчи сингари мен ҳам жамоамга ёрдам бериш иштиёқида, гол уриш учун майдонга тушаман. Голлар урганим эса бу жамоадошларимнинг меҳнати. Улар менга имконият яратиб беришди ва гол уриш менга насиб қилди.

амонов5_1

- “Ал Садд”ни барча яхши биларди. Ўйиндан аввал ҳам “Насаф” бош мураббийи рақиб тўғрисида илиқ гапларни айтганди. Айтинг-чи, “Ал Садд” сиз кутган даражада ўйин кўрсатдими ёки “Насаф” ҳар жабҳада уларни зарарсизлантира олдими?

- Чемпионлар лигасида кучсиз жамоа йўқ. Биз ҳам яхши тайёрлангандик. Бу ўйинда кўпроқ хоҳиш муҳим роль ўйнади, деб ўйлайман. “Насаф”да ҳар доим ҳужумкор ўйин таклиф қилишга ҳаракат қиламиз. Ютсак ҳам, ютқазсак ҳам. Натижа эса Худодан. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, учрашувдан олдинги интервьюни ўқидим. “Ал Садд” бош мураббийига “Насаф”ни Қатардаги қайси жамоага ўхшатасиз, деган маънода савол берилган. Тўғриси, бу саволдан жахлим чиқди. “Насаф” Осиёда ҳеч кимга ўхшамайди. Бежизга қаршилик мухлислар “Насаф”га ўхшаши йўқ дейишмайди. Илтимос қилардимки, ўзбек жамоаларини бошқа Осиё клубларига ўхшатишмасин.

- Нима деб ўйлайсиз, ўша матбуот анжуманидаги гаплар ҳам балки сизга янада мотивация бергандир...

- Бўлиши мумкин. Лекин ўша гаплар бўлмаса ҳам биз нафақат Қарши ёки “Насаф” номидан, балки Ўзбекистон номидан майдонга чиққанимизни барча футболчилар яхши ҳис қилиб тургандилар. “Ал Садд” таркибида 12 нафар Қатар терма жамоаси аъзолари бор, адашмасам.

амонов7

- Ўтган турда Суперлигада 25-сонияда гол урдингиз, бу сафар ОЧЛда дублга эришдингиз. Амонов яна олдинги сермаҳсуллигини кўрсата бошлади. Шу нарса биринчи даврада унчалик кўзга ташланмагандек бўлди, бунга нима сабаб, умуман бу фикрга қўшиласизми?

- Бу гапни ўйиндан кейин ҳам, ҳозир ҳам айтаман: ҳар бир футболчи каби гол уриш ва жамоага ёрдам бериш ниятида майдонга тушаман. Қолгани Худодан.

- Адашмасам, биринчи даврадан кейин сизда яна бошқа вариантлар бор эди, сир бўлмаса қаердан эди ва “Насаф”да қолишингизга нима туртки берди?

- Мен “Насаф”га келиб-кетиш учун келмадим. Бу ерда ажойиб оила шаклланган.

- “Ал Садд” дарвозасига урган иккала голингизга қандай таъриф берасиз? Учинчи голдан сўнг ғалабага мутлақо шубҳангиз қолмаганмиди?

- 3:0 дан кейин ҳам агар эркинликка берилганимизда ғалабани қўлдан бой беришимиз ҳеч гап эмасди. Бу – футбол. Футболда 10 дақиқада ҳам ўйин тақдири ўзгариб кетиши мумкин. Голларимнинг таърифини жамоадошларимнинг меҳнатлари деган бўлардим.

амонов8

- Эрондаги фаолиятингиз ҳаётингизда энг қийин лаҳзалар бўлиб қолдими ёки сизга манзур бўлган томонлари ҳам бўлганми?

- Яхши савол. “Ал Садд”га қарши учрашувдан кейин Sports.uzда битта расм кўрдим ва унда Эрондаги омадсиз фаолиятдан кейин қайтиш, дейилганди, адашмасам. Худога шукр, Эронда чемпион бўлдим, 2 та Кубок олдим. Баъзи-бир сабабларга кўра кетганман. Буни айта олмайман. У ердаги фаолиятимни омадсиз демаган бўлардим.

- “Насаф” чемпионатда ғолиб чиқишга қанчалик қодир ва бу борада реал имконияти қандай?

- Охиригача курашамиз, қолгани Худодан.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Kesh
05/10/2023 19:25
Амонов тиник фикирлай оладигон ва правакацион саволоврга журналистни
Чиройли жавоб билан журналистни гирт тупой эканлигини курсатиб куйибди. Зур Амонов молодец
&
Турсунов Рамазон
04/10/2023 23:03
Насаф Узбекистонда колаверса Осиёда зур унга ухшаган каманда йук олга Насаф биз сен билан олга Рузикул сенга ишонамиз.
&
Олға насаф
04/10/2023 18:53
Ҳақиқатан Насафга ўхшаши йўқ.