"Насаф" ўз уйида "меҳмон", Лушан собиқ жамоасини кутяпти

15 ва 19 август кунлари Суперлигада 16-тур учрашувлари ўтказилади. Бу турда ҳам қизқарли ва марказий ўйинлар бор. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.

15 август

18:00. “Металлург” – “Нефтчи”

Мезбонлар учун навбатдаги финал ўйини. Мавсум бошидан бери ғалаба нималигини билмай келаётган “Металлург” гарчи ўтган турда Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши учрашувда бир очкони қўлга киритган бўлишига қарамай, охирги ўринга тушиб қолди. Йўқотилаётган ҳар бир очко бекободликларнинг зарарига ишлаяпти. “Нефтчи”га қарши баҳсда мезбонларга ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Майдонда қаттиқ жанг бўлиши аниқ. “Металлург”га натижа муҳимлигини инобатга олсак, улар бунинг учун қўлидан келган барча ишни амалга оширишга тайёр. “Нефтчи” эса бу ўйинда фақат ўз тажрибаси эвазига нимагадир эришиши мумкин. Омад ҳам кўп нарсага боғлиқ.

20:15. “Олимпик” – “Сўғдиёна”

Гарчи Тимур Кападзе “Олимпик” бош мураббийлигидан кетган бўлса-да ва қатор ўйинчилар ҳам жамоа билан хайрлашганига қарамасдан жамоа янги иқтидорлар билан чемпионатни давом эттиряпти. Ўтган турда “Локомотив” майдонида дуранг ўйнаб қайтди. Бу турда эса “Сўғдиёна”ни қабул қилади. “Олимпик” ҳеч қандай босимларсиз ўз ўйинини кўрсатишда давом этяпти. Кўпчилик иккинчи даврада жамоани кучсизланганлигини айтишганди. Аммо Коростиченко ва Жепаров бошчилигидаги “Олимпик” ёмон кўринмаяпти. Доимгидек рақибларига жиддий муаммолар туғдиришда давом этяпти. “Сўғдиёна” билан учрашув ҳам бундан мустасно бўлмаслиги шуҳбасиз.

16 август

19:00. “Динамо” – ОКМК

Самарқандда мухлислар кутган ўйин бўлиб ўтади. Ўтган турда Фарғонада “Нефтчи”га қарши ўйинда “Динамо” 4:2 ҳисобида мағлубиятга учради. ОКМК эса иккинчи даврани кетма-кет иккита муҳим ғалаба билан бошлади. Натижада Миржалол Қосимов жамоаси айни пайтда “Насаф” билан тенг очко жамғариб мусобақа жадвалида қўшҳокимлик қиляпти. Вадим Абрамов жамоаси очиқ ва ҳужумкор футбол намойиш этади. ОКМКга қарши ўйин шубҳасиз томошабоп тарзда ўтиши шубҳасиз. “Динамо” иштирокидаги баҳсда исталган натижа рўй бериши мумкин.

20:00. “Қизилқум” – “Насаф”

Қаршининг “Насаф” клуби шу куни ўз уйида меҳмон сифатида ўйнайди. “Қизилқум” эса “Насаф” майдонида номинал мезбон ролида майдонга тушади. Бу ҳам ўзига яраша қизиқ. Биласиз, “Қизилқум” клуби мавсум бошидан буён ўз уй учрашувларини “Насаф” майдонида ўтказиб келяпти. Бу сафар эса “Қизилқум” уй стадион эгасига қарши майдонга тушади. Барибир “Насаф” номинал меҳмон бўлса-да, “Аждарлар”нинг имконияти юқорироқ баҳоланиши шубҳасиз. Чунки уй эгасини қўллаш учун қаршилик мухлислар кўп келиши тайин. Шундай экан, “Қизилқум”га оғир бўлади.

18 август

19:00. “Андижон” – “Сурхон”

Иккинчи даврани кетма-кет иккита мағлубият билан бошлаган “Андижон” бу турда “Сурхон”ни қабул қилади. “Бургутлар”нинг ўз майдонидаги ҳар бир ўйини ҳақиқий байрамга айланишини барча яхши билади. “Бобур арена”даги фантастик муҳит ҳар бир рақибга қўшимча муаммолар туғдириши аниқ. “Сурхон” ўтган турда “Қизилқум”ни мағлубиятга учратганини яхши биласиз. Хомяков жамоаси иккинчи даврани иккита мағлубият билан бошлагани кутилмаган ҳолат бўлгани табиий. Шундай экан, “Бургутлар”ни ўз майдонида ўтадиган учрашувида ғалаба қозониши шарт. “Сурхон”га қарши беллашув ҳар жиҳатдан қизиқарли ўтиши кутилмоқда.

20:15. “Пахтакор” – “Локомотив”

Чемпионлик учун курашаётган  “Пахтакор” ўтган турда асосий рақобатчиларидан бири “Насаф” майдонида мағлубиятга учраб қайтди. Яраланган “Шерлар” энди Тошкент дербисида “Локомотив”га қарши майдонга тушади. Рости, ҳозирча “Локо” ўзидан кутилган натижани кўрсата олмаяпти. Буни уларни турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнидан ҳам билишингиз мумкин. Агар “Пахтакор” ўз ўйинини кўрсатиб, ўзлари хато қилиб қўйишмаса “Пахтакор” бу имкониятни қўлдан чиқариб юбормаса керак.

19 август

19:30. “Навбаҳор” – “Бунёдкор”

“Навбаҳор”га Сергей Лушан бош мураббий этиб тайинлангач, жамоа ўйинида ўзгариш бўлгани билиняпти. Тўғри, ўтган турда Олмалиқда ОКМКга қарши баҳсда наманганликлар жуда аламли тарзда мағлубиятга учради. “Бунёдкор” эса 15-турга келиб чемпионатдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди. Лекин “Навбаҳор” ўз уйидаги бундай имкониятни қўлдан чиқариб юборгиси келмайди ва Лушан собиқ жамоасига қарши ҳозирги жамоасини жанговар руҳда тайёрлашига шубҳа йўқ. У собиқ жамоасини кутяпти.

Шуҳратбек Жўраев.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!