“Насаф” қай тарзда ғалаба қозонди? Бухорога йўл чиндан ҳам Қарши шаҳридан яқин!

Бугун Ўзбекистон кубоги ярим финал баҳси ўтказилди. “Насаф” Қаршида АГМКни қабул қилди.

Ўйин афиша ва ном жиҳатдан анчагина катта эди. Учрашув шунга монанд ўтди. Мухлислар футболдан завқ олди. Икки мураббий жамоасини яхши тайёрлаган ва беллашув давомида турли юришларни амалга оширди.

photo_2022-10-13_17-49-41

Ўйинга тўхталадиган бўлсак, 10-дақиқада Умар Эшмуродов жамоадоши ташлаб берган тўпни жарима майдони ичидан дарвозага жойлаб қўя олмади. Ундан аввалроқ Ғолиб Ғайбуллаевда имконият бўлганди.

АГМК қанотдан узатмаларга эътибор қаратди. Бу Қосимов жамоаларига хос ҳислат.

13-дақиқада Боаке жарима майдони ичида йиқилди. Қаршиликларнинг бахтига ҳужумчи тўпни қабул қилиб олаётганда ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди.

Шундан сўнг "аждарлар" рақибга қанотлар орқали ҳужум билан жавоб беришди. Ўнг томондан узатилган тўпни Шерзод Насруллаев дарвозага киритиб юборишига бир баҳия қолди.

Олмалиқликлар узун паслар орқали Боакега тўпни етказиб беришга уринди. Бу ҳаракатлар доим ҳам ўхшамади. Бироқ легионер футболчи мезбонлар ҳимоячиларини босимда ушлади.

Тайм ўрталарида қаршиликлар жарима зарбаси ишлаб олди. Стандартдан оширилган тўпни Ботирали Эргашев ушлаб қололмади. Қайтган тўпни мезбонлар вакили дарвозага жойлай олмади.

АГМК футболчиси бурчакдан тўпни дарвозага йўналтирди. Сўнгги паллада Ҳусниддин Алиқулов дарвозага кириб кетаётган тўпни боши билан қайтарди. Анча хавфли вазият бартараф этилди.

37-дақиқада Ҳақназарий ҳимобни очди. Ҳимоядан бошланган ҳужумни Дилшод Аҳмадалиев жарима майдонидаги Сиявушга узатди. Эронлик футболчи чап оёғида дарвозани қийинчиликсиз ишғол қилди.

photo_2022-10-13_18-13-50

Дастлабки бўлимга қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида Ғолиб Ғайбуллаев мувозанатни тиклади. Кетма-кет уюштирилган ҳужумни муваффиқиятли якунлади. У жарима майдони ичида қаровсиз қолдирилди ва тўпни тўрга киритди.

Иккинчи таймда дастлабки вазият Шоҳруҳ Гадоев томонидан содир этилди. Қарши ҳужумдан сўнг Гадоев тепган тўпни дарвозабон ушлаб олди. Кейинги ҳужумда Шоҳруҳ боши билан гол уриши мумкин эди. Бироқ...

Учрашувнинг учдан икки қисми ўтиб бораётганда Алибек Давронов чап қанотдан оширилган тўпни боши билан дарвозага жойлади. Бу ҳолатда Акмал Мозговой чиройли тарзда шеригини тўп билан таъминлагани эътиборга молик. Қаршиликлар ирода намойиш этди.

Бироздан сўнг Ҳусаин Норчаев катта тезликда жарима майдонига ёриб кириб зарба берди. У тепган тўпни Ботирали Эргашев хатога йўл қўйиб ушлаб қололмади. Унинг бахтига тўп устун ёнидан ўтиб кетди.

74-дақиқада "Насаф"дан штурм уюштирди. Дастлаб Марко Станоевичнинг зарбасини Эргашев қайтарди. Қаршиликларнинг ундан кейинги уринишларини ҳам дарвозабон бартараф этди.

90+1-дақиқада Миржаҳон Мираҳмадов жамоадоши Хуршид Ғиёсовнинг узатмасидан сўнг тўпни қабул қилиб зарба берди. Умид Эргашев қайтарди. Қайтган тўпга Анзур Исмоилов зарба берганда қоида бузилган экан. Шу тариқа, Олмалиқ жамоаси мувозанатни тиклаш имкониятидан фойдалана олмади. Натижада "Насаф" бу йил ҳам финалга йўл олди.

photo_2022-10-13_18-28-16

Учрашувдан аввал АГМК клуби матбуот хизмати ўйинга чиройли постерларни телеграмга жойлаб борди. Уларнинг бирида “Бухорога йўл Қарши шаҳридан яқин”, дея номланганди. Ҳа, бу креативлик. Аммо АГМК учун Бухорога Қаршидан яқин эмас экан. Аксинча, Бердиев шогирдлари учун Бухорога Олмалиқдан кўра Қаршидан анча яқин.

Безымянный_10

Ўз навбатида Миржалол Қосимов жамоаси мавсумдаги ҳозирча, энг яхши ўйинини ўтказди. “Насаф” эса ҳақли ғалабага эришиб, финал чиптасига эга чиқди. Энди амалдаги кубок соҳиби "Насаф" Бухорода ўз титулини ҳимоя қилади. 

Энди Наманганда “Навбаҳор” ва “Сўғдиёна” финал учун курашади. Бу беллашув эртага 19:00да старт олади.

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
13/10/2022 22:42
1 golga Akmal Mazgavoy ham yozingda qanaqa pas bergani. 2 golga ham Akmal maydonni kura bilish qoiliyati pas berish shunchaki dahshad. Husniddin ham yonder poliyani. uzi bekorga MTJ yozagini Nasafchila tashkil qilmagani bunoqa uyinlarga bilinadi lekin