“Насаф” учун ноқулай схемада ўйнаса-да, кўринганидек кучли бўлмаган “Аш-Шабаб” ўйинини таҳлил қиламиз!

Хабарингиз бор, 19 февраль куни Қаршининг “Насаф” жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси нимчорак финали доирасида Саудия Арабистонининг “Аш-Шабаб” клуби билан куч синашади. Қатар мезбонлик қилаётган плей-оффдаги рақибимиз қандай жамоа? Қандай услубдан фойдаланади? “Насаф”га нималар қўл келиши мумкин? Шу ва ушбу баҳс атрофидаги бошқа муҳим саволларга кичик ҳажмдаги матн билан жавоб берамиз!

Ўйин услуби

Висенте Морено бошчилигидаги “Аш-Шабаб” замонавий футболдаги кўплаб тренддаги “фишка”ларни ўзлаштиришга улгурди. Аввалги бош мураббий Мариус Сумудикадан фарқли ўлароқ, Морено анчагина ҳужумкор жамоани шакллантирган. Испаниялик мутахассис вазиятдан келиб чиқиб, трансформацияга учрайдиган 4-5-1 схемасидан фойдаланади. Бир қарашда барчаси оддийдек кўриниши мумкин, аммо тўп назорати тўлиқлигича “Шабаб” томонига ўтса, бу схема ўз-ўзидан 4-3-3 га ўзгаради.

raqib 4-3-3 orginal
НАСАФ 5 та ҳимоячи билан ўйнаса рақибнинг майдондаги жойлашуви

nasaf 4-4-2_1
Насаф 4 та ҳимоячи билан ўйнаса рақибнинг майдондаги жойлашуви

Қўшимчасига, марказдаги 3 нафар ярим ҳимоячининг 2 таси деярли ҳужум ортидаги сўнгги зарба берувчи ижрочилар позициясига чиқиб боради. Соддароқ қилиб айтсам, агар тўп назорати рақибга топшириладиган бўлса, “Насаф” учун жуда катта муаммолар туғилиши мумкин. Сифатли легионерлар ва кучли марказий ҳужумчи эффекти кичик эпизодларда риёдликларни “аждарлар”дан бир қадам олдинда бўлишини таъминлайди. Бундан ташқари, рақибимиз тўпсиз ҳаракат қилиш борасида ҳам беназир. Бугунги “Аш-Шабаб” XXI асрдаги классик испанча футболнинг замонавийлаштирилган кўринишидир. Яъни, бутун майдон бўйлаб кенг жойлашиб олиб, рақиб прессингини йўққа чиқарган ҳолда, жарима майдончаси ичига позицион ҳужумлар ёрдамида қамаб ташлашга асосланган футбол. Жуда оддий фалсафа. Тўп бизда бўлса, рақиб ҳеч қачон дарвозамизни ишғол қила олмайди.

“Насаф” бу баҳсда енгиши учун нима қўл келиши мумкин?

лўпл34ўпл

Албатта, бизнинг фойдамизга ҳам бир нечта факторлар бор. Юқорида айтиб ўтганимдек, тўп назорати Морено шогирдлари учун жуда муҳим. Улар тарғиб этаётган футбол шу нарса устига қурилган. Агар “Насаф” рақибнинг асосий қуроли – тўп назоратини қўлга олса, рақиб камида 50 фоиз имкониятини намойиш этишдан уёғига ўтолмай қолади. Тўғри, бу осон бўлмайди. Боз устига, “аждарлар” 3 та марказий ҳимоячи билан ҳаракатланишининг эҳтимоли юқори. Бу, катта эҳтимол билан рақиб марказда устунлик қилишини англатади. Бундай ҳолатда “аждарлар” жонига ора кириши мумкин бўлган энг муҳим фактор бу интенсив прессинг! Менимча, Бердиев шогирдлари биринчи пасга эга “Аш-Шабаб”ни эрта прессинг билан рақиб дарвозаси олдида кутиб олмайди. Имкон қадар майдон марказида босим уюштиришга, марказдаги кучларни тенглаштиришга уринади. Тўп қўлга киритилиши билан эса, имкон қадар уни сақлаб қолиш ва рақибнинг “Насаф” ярим майдонидаги футболчиларини ортга чекинишга мажбур қилувчи позицион ҳужумларни уюштиришга ҳаракат қилади. Бу ўйинда энг катта ролни “Насаф”нинг қанот ҳимоячилари ижро этишига тўғри келади. Улар керакли паллада рақибнинг тезкор ярим ҳимоячи ҳамда вингерларини кўздан қочирмаган ҳолда, позицион ҳужумларда олдинга бориши талаб этилади.

dssf

Умуман олганда, қаршиликларни ҳам руҳан, ҳам жисмонан оғир баҳс кутиб турибди. Бежизга, “аждарлар” Туркиядаги йиғин доирасида бошқа ўзбек клубларидан кўпроқ ўйин ўтказгани йўқ. Рўзиқул Бердиев йиғин олдидан биринчи навбатда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини аъло даражага келтириш лозимлиги ҳақида айтганди. Тўп назоратини хуш кўрувчи, креатив ижрочилар ва юқори савиядаги марказий форварди бор рақибни бошқачасига тўхтатишнинг имкони йўқ. “Насаф” бу жангда ғолиб чиқишни истаса, рақибни уни услубида таслим этиши шарт. Яъни, тўп назорати. Буни қўлга олиш учун эса, “аждарлар” майдонда прессинг учун жуда катта куч сарфлашига тўғри келади. Қаршиликлар жисмоний тайёргарлик борасида сўнгги йилларда халқаро ва ички майдонда яхши таассурот қолдираётганини инобатга олсак, бу ишни уддалаш мумкин. Бугунги “Шабаб” “Насаф” учун тактик томондан ноқулай бўлиши мумкин, аммо “аждарлар” кучли прессинг эвазига рақибнинг асосий қуролини йўққа чиқара олиши ҳеч гап эмас. Бердиев шогирдлари ОЧЛ гуруҳ босқичида интенсив прессинг қилишни аъло даражада уддалаганини инобатга олсак, бу аспектда жамоамиздан муваффақият кутишга ҳақлимиз.

Катта номлар – яхлит механизм тўқнашуви!

ergzgvs

Дарҳақиқат, “Аш-Шабаб” – “Насаф” баҳси замонавий футболда сўнгги пайтлардаги энг катта қарама-қаршилик саналган класс ва кучли жамоавий ўйин тўқнашуви дейиш мумкин. Саудия Арабистони клуби асосий урғуни таблодаги натижага таъсир кўрсата оладиган легионерларга қаратган бўлса, вакилларимиз "мушт бўлиб тугилган" кучли жамоавий ўйин ва боғламларнинг аъло даражадаги кўринишига таянади. Икки омил ҳам замонавий футболда натижа бермоқда. ОЧЛ плей-оффидаги энг афишабоп ўйин бўлмаса-да, бу тўқнашувда контраст бор. Яъни, ранг-баранглик. Тўғри, ижрочилар маҳорати борасида рақибимиз яхши молиявий имкониятга эга бўлгани боис биздан олдинда. Шунга қарамай, 11 футболчининг умумий фойдали иш коэффициенти борасида “Насаф” “Шабаб”дан кучлироқ эканлиги ҳам факт. Айнан шу омил “аждарлар”нинг ОЧЛ "ўлим гуруҳи"дан омон чиқишини таъминлагани гувоҳига айландик.

Disha2

Риёдликлар ҳам ўзи ўрин эгаллаган квартетда ижрочилар даражасидаги фарқ сабабли ортиқча қийинчиликка учрамади. Бугунги футболда айрим эскпертлар класс намойиш этувчи ижрочиларнинг маҳорати асосий ўринда эканлигини таъкидласа, бошқалар кучли жамоавий ўйин исталган супер юлдузнинг ўйиндан тушиб қолишига сабаб бўлишини бот-бот такрорламоқда. Хулоса ўринда айтиб ўтаман, бу баҳс олдидан икки клуб ҳам ўз устунликларига эга ва томонлар бу “шанс”дан қай даражада оқилона фойдалана олиши якуний натижани белгилаб беради.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abbos Asadov
18/02/2023 20:40
Nasafga omad nasib bo'lsa Shababdan o'tamiz