Энди у ҳеч қачон “Барса” учун ўйнолмайди!
Таниқли собиқ футболчи ва мураббий Бернд Шустер “Барселона”нинг германиялик дарвозабони Марк-Андре тер Штеген ўзига янги жамоа топиши зарурлигини уқтирди.
- Ҳаммага маълум, “Барселона” ўзига керак бўлмай қолган ўйинчиларнинг кўнглига қараб ўтирмайди ва уларга нисбатан қатъият кўрсатади. Тер Штегеннинг ўрнида бўлганимда январда янги жамоа топишга ҳаракат қилардим.
Бош мураббий Ханс-Дитер Флик учун асосий дарвозабон Жоан Гарсия экани очиқ кўриниб турибди. Унинг ўринбосари сифатида Войцех Шчесни эътироф этилган. Тер Штегенга эса, энди шунчаки имконият берилмайди, - деди Бернд Шустер.
Таъкидлаш жоизки, узоқ йиллар “Барселона”нинг асосий дарвозабони бўлиб келган Марк-Андре тер Штегеннинг клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан муносабати бузилди. Флик ўз ҳамюртидан асосий дарвозабон мақомини олиб қўйганидан кейин каталонияликлар ёзда уни сотиб юборишга ҳаракат қилган эди.
Марк-Андре тер Штеген клубга қарши бориб, бошқа жамоага ўтишдан бош тортди. Кейин германиялик дарвозабон жароҳати туфайли узоқ муддатга сафдан чиқди. Аммо ўрнига олинган янги голкипер Жоан Гарсияни рўйхатдан ўтказиш имконини берадиган ҳужжатларни имзоламай, клубга анчагина “бош оғриғи” бўлди. Унинг клуб билан яна уч йиллик шартномаси бор.



Фикрлар