"Навбаҳор" энг зўри, "Насаф" гуруҳдан чиқадими? "Пахтакор"да имкон борми? Барча гуруҳлардаги ҳолат. (Батафсил)
Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи ўз авж палласига чиқиб бормоқда. Ортда қолган 4 турдан сўнг, квартетлардаги ҳолат ва энг яхши иккинчи ўрин эгалари ўртасидаги пойга ҳақида батафсил маълумотлар билан танишинг!
А гуруҳи
"Ал Айн" меҳмонда Саудия Арабистони клуби - "Ал Фейха"ни ортиқча қийинчиликсиз енгиб, плей-оффга биринчи ўрин билан чиқишни нақд қилиб қўйди. 4 ўйинда 4 ғалаба қозонган БАА клубидан кейин иккинчи ўринни олиш учун "Пахтакор" ва "Ал Фейха" асосий даъвогар. Ҳозиргина якунига етган Ашхободдаги баҳсда эса, кутилмаганда "шерлар" дурангга имзо чекиб плей-офф учун имкониятини кескин пасайтириб юборди. "Ал Айн" Тошкент клуби учун қулай натижани қайд этганига қарамай, 2 ўринни эгаллаган 5 жамоанинг барчаси ҳам плей-оффга йўл олмаслигини унутмаслик лозим.
28-ноябр, Абу Даби
"Ал Айн" - "Пахтакор"
05-декабр, Тошкент
"Пахтакор" - "Ал Файҳа"
"Б" гуруҳи
"Шаржа" етакчилик қилаётган квартетда вазият анча чигал. "Ас Садд" 4 очко билан 3 ўринда бораётганига қарамай, қатарликларда ҳам плей-офф учун имконият сақланиб қолинган. "Насаф" эса, 5 турда "Ал Файсали"ни ўзида қабул қилади. Бу баҳсдаги "аждарлар"нинг ғалабаси гуруҳдаги иккинчи ўрин масаласига ойдинлик киритиб қўйиши ҳеч гап эмас. Сабаби, "Ас Садд" 5 турда "Шаржа" билан дуранг ўйнаса ҳам, муддатидан аввал кейинги босқичга чиқиш имкониятини йўқотади.
27-ноябр, Қарши
"Насаф" - "Ал Файсали"
04-декабр, Доҳа
"Ас Садд" - "Насаф"
"C" гуруҳи
Кутилмаганда меҳмонда мағлуб бўлган "Ал Иттиҳод" пешқадамликни ҳеч кимга берганича йўқ. Уни ортидан қувиб келаётган "Сепахон"да 7 очко мавжуд. ОКМК "Озоди"да қабул қилинган жавобсиз 9 голдан сўнг, кейинги босқичга чиқиш уёқда турсин, руҳан тикланиб олиши ҳам улкан воқеа сифатида қабул қиладиган аҳволда. Бу гуруҳда Ироқнинг "Ал Қува" ("Эйр Форс") клубида ҳам 7 очко мавжуд бўлиб, улар ҳам плей-офф йўлланмаси учун жанг таклиф этиши мумкин.
27-ноябр, Олмалиқ
"ОКМК" - "Ал Иттиҳод"
04-декабр, Бағдод
"Эйр Форс" - "ОКМК"
"Д" гуруҳи.
Саудиянинг "Ал Ҳилол" жамоаси "Навбаҳор" билан биргаликда квартетда пешқадамлик қилмоқда. 1,2 ўринлар айнан бу жамоалар ўртасида тақсимланади. Агар "Навбаҳор" Ҳиндистонда "Мумбай Сити"дан устун келса, катта эҳтимол билан Намангандаги тўқнашув гуруҳни энг зўри ким эканлигини бизга аниқлаб беради.
28-ноябр, Наманган
"Навбаҳор" - "Ал Ҳилол"
04-декабр, Мумбай
"Мумбай Сити" - "Навбаҳор"
"Э" гуруҳи
Роналду бошчилигидаги "Ан Наср" ОЧЛ гуруҳ босқичини юқори кайфиятда ўтказмоқда. Эроннинг "Персаполис" жамоаси иккинчи поғонада мустаҳкам жойлашиб олган. Катта эҳтимол билан, якунда биринчи ва иккинчи ўрин эгалари номи ўзгармайди.
Энг яхши иккинчи ўрин учун кимларда имконият мавжуд?
Айни дамда, энг яхши иккинчи ўринни эгаллаб турган 3 жамоанинг 2 таси бизнинг клублар эканлиги хурсанд қилади, бироқ ҳали кураш якунлангани йўқ. "Насаф" қолган 2 ўйинда камида 4 очко ишлаши керак бўлса, "Пахтакор" "Ал Айн" ва "Ал Фейҳа"ни енгиши шарт. "Навбаҳор"да эса, имконият анча яхши. "Лочинлар"га катта эҳтимол билан 2 ўйинда жамғарилган 1 очко ҳам етарли бўлиши мумкин.
Фикрлар