Эртага Cоcа Cола Суперлигада 12-тур учрашувлари давом эттирилади. Тур доирасида АГМК ва “Навбаҳор” жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади. Аммо ушбу учрашувдан олдин "лочинлар" сафида 6 нафар футболчида коронавирус аниқланди.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ҳам ушбу хабарни расман тасдиқлади ва қуйидаги хабарни ўз расмий сайтида эълон қилди.
"Covid-19 тарқалишига йўл қўймаслик ва карантин давридан чиқиш вақтида “Футбол бўйича мамлакат чемпионати ва кубоги учрашувларини ва машғулотлар жараёнини қайтадан бошлаш” бўйича ишлаб чиқилган Регламентнинг 3.2.1 бандига асосан, тоза ҳудуд саналувчи стадионга фақатгина касалликнинг ҳар қандай симптоми бўлмаган шахсларгина қўйилади. Ушбу шахсларнинг ўйин бошланишига 48 соатдан кам қолмаган вақт оралиғида CОВИД-19га ПЗР усули билан топширган тестлари натижалари манфий бўлиши лозим.
“Навбаҳор” жамоасининг АГМК билан баҳс олдидан топширган тести хулосаларига кўра, клубнинг 6 нафар футболчиси, шунингдек 5 нафар ходимида ПЗР натижалари мусбат чиққан. Шу сабабли айни пайтда мазкур футболчи ва ходимлар алоҳида изоляцияга олинган ва шифокорлар назорати остида бўлиб турибди. Клуб ихтиёрида бўлган қолган футболчиларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли. ЎзПФЛ қошида ташкил қилинган тажрибали шифокорлардан иборат комиссия жараённи тўлиқ назорат қилиб бормоқда.
Эртанги ўйинда ЎзПФЛ комиссияси аъзолари – Насиба Алимова ва Бобур Абдазов учрашув давомида ҳам “Навбаҳор” жамоасига яқиндан кўмак беради.
Қайд этиш жоиз, мазкур Регламентнинг 3.2.2 бандига кўра, агар жамоа ихтиёрида 16 нафардан кам бўлмаган майдондаги футболчилар ва 2 нафар дарвозабон бўлса, клуб ўйинга тайёр дея ҳисобланади", - деб ёзилади хабарда.
Фикрлар