"Навбаҳор" Ўзбекистоннинг "Барселона"си бўлса, унинг "Месси"си ким?
Ниҳоят, бугун Ўзбекистон чемпионатига старт берилади. Суперлига жамоалари ўтган вақт давомида қизғин тайёргарлик кўрдилар. Демак, футболчиларга қарата шундай деймиз: "репетиция тугади, ҳамма катта саҳнага!"
Бугундан "Мавсум-2021" бошланади. Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида “Сўғдиёна”ни қабул қилади.
Яқинда “Навбаҳор”нинг янги мавсум учун тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир жуда чиройли, кўтаринки руҳда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Наманганликлар азалдан ташкилий ишлар бўйича фаоллик кўрсатиб келишган. Ушбу анъана клубда сақланиб қолинганлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Вилоят ҳокимининг жамоага қаратаётган эътибори маҳаллий мухлисларни қувонтиряпти. Умуман айтганда, “Навбаҳор” ва унинг ишқибозлари янги мавсумни сабрсизлик билан кутди. Мақсад эса жиддий. Лекин шу ўринда бир нарсани ҳам айтиб ўтишимиз керакки, “Навбаҳор” ҳар йили ўз олдига совринли ўринлар учун курашиш вазифасини қўяди ва бу сафаргиси ҳам бундан мустасно бўлмади. Фақат чемпионат якунида клубни ўша айтилган жойда топа олмасдик.
Хўш, бу сафарги юриш қандай бўларкин? Ўша таништирув маросимида вилоят ҳокими барчага баралла 2021 йилда “Навбаҳор” чемпионлик учун курашишини айтди. Бу албатта мухлисларга ёқади. Шундан кейин жамоа бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ҳам сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдирар экан, балки тўлқинланиб кетдими, билмадик, аммо бир гап айтдики, очиғи кутмагандик. Яъни, “реал”чилар хафа бўлмасин, бу йил “Навбаҳор” “Барселона” бўлади, деди. Унинг ушбу сўзлари эътиборимизни ўзига тортди. Аслида ушбу гапларни айтиш керакмиди ёки керак эмасмиди, буни муҳокама қилмоқчи эмасмиз, чунки нима дейишни мураббийнинг ўзи билади. Ахир бу йил таркибни ўзи йиғди, ҳеч ким аралашмади, натижага жавобгар у. Биз фақат Ҳасановнинг билдирган ўша гапининг мазмун моҳиятига эътибор қаратмоқчимиз.
“Навбаҳор” “Барселона” бўла оладими? Дастлаб шу саволга жавоб бериш керак. Балки бу гап билан мураббий футболчиларини руҳлантиришни истагандир ёки чиндан ҳам унинг жамоаси шу даражада тенгсиз ҳолатга келиб қолгандир. Буни ҳозирча билмаймиз. Аммо наманганликлар “Барселона” бўлиши учун 100 фоиз тайёрми? Энг қизиғи, Испаниянинг “Барселона”сини Мессисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Агар Месси бўлмаса, “Барса” қандай аҳволга тушиб қолганини бир неча бор кўрганмиз-ку. Аргентиналик юлдузни сизларга ортиқча таърифлашнинг кераги йўқ, нималарга қодирлигини. Фақат Нўъмон Ҳасанов “Навбаҳор”ни Ўзбекистон “Барселона”си бўлади, деб айтган бўлса, унинг “Месси”си ким, деган ҳақли савол туғилади. Ахир ҳозир айтганимиздек, “Барса” ва Месси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Чунки жамоа ўйини унинг атрофида қурилган. Шунинг учун “Навбаҳор”нинг ҳам ўз “Месси”си бормикин?
Ҳасанов йиғган таркибга назар ташлаб, ўша “Месси” ким эканини қидириб кўрмоқчи бўлдик. Балки Азиз Турғунбоев кетмаганида у бу борада муносиб номзод сифатида айтилиши мумкин бўларди. Тўғри, “Навбаҳор”нинг бу йилги таркиби чакки эмас. Яхши савиядаги ўйинчилар бор. Бош мураббий уларга ишоняпти ва ниманидир билгани учун юқоридаги гапни қўрқмасдан айтган бўлса керак. Лекин бу ўта жиддий ёндашув. Агар “Навбаҳор” чемпионат давомида қоқиладиган бўлса, бу мураббий учун оғир зарба бўлади. Энди тақдимотда айтилган ўша гапи учун ҳам клубга нисбатан эътибор ҳам, босим ҳам янада кучаяди. Шунчаки, бизни қизиқтиргани “Навбаҳор”нинг “Месси”си ким бўларкин? Буни албатта мавсум давомида билиб олармиз. Ёки кимдир кашфиётга айланар, буниси ҳозирча мавҳум.
Яна бир гап: “Навбаҳор”га натижа ва айниқса, совринли ўрин жуда зарур. Аммо чемпионатни барқарор ўтказиш ҳам осон эмас. Шундай экан, Нўъмон Ҳасанов қандай жиддий ишга киришганини ўзи яхши тушуниб турган бўлса керак. Демоқчимизки, ўтган йилги омадсизлик такрорланишига бу сафар ҳеч ким йўл қўймайди. Агар яна шундай ҳолат юз берса, шубҳасиз, бош мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилса, ажаб эмас. Чунки “Навбаҳор” азалий орзуси бўлган чемпионлик учун курашиши айтилди, бунга мураббий жавобгар бўлгани боис, энди фақат ундан натижа талаб қилинади. Бу ўз майдонидаги ҳамма ўйинни ютиши шарт ва сафарда ҳам максимал очко йиғиши кераклигини англатади. Ҳасановнинг ўша “Навбаҳор” “Барселона” бўлади, деганидан келиб чиқсак, у нимагадир ишоняпти. Шунинг учун жамоа ўйинини кузатиш бизга ҳам қизиқ туюляпти, ростдан ҳам “Барса” услубида ўйнармикин?! Агар шундай бўлса, бош мураббийга саволим бор: ўша гап: “Навбаҳор”нинг “Месси”си ким?
Фикрлар
Чемпионликни орзу қилмаган мураббий мураббийми.
Яхши ният ярим давлат, чуқулаб титкилаб, ковлаб, ҳидлаб кўриш керак эмас.
Тушунгандирсиз ўқимаган "хум калла" журналист.