"Навбаҳор" яна икки нафар футболчи билан шартнома тузди
“Навбаҳор” клуби кутилганидек, янги футболчилар билан шартномалар имзоламоқда. Клуб матбуот хизмати жамоага қўшилган ўйинчиларни эълон қилди.
Жумладан, “Бунёдкор”да тўп сурган истеъдодли ярим ҳимоячи Нурилло Тўхтасинов 2022 йилги мавсумни “Навбаҳор”да ўтказишга рози бўлди ва жамоа билан шартномага қўл қўйди.
Андижонлик ушбу ўйинчи шу кунга қадар “Сўғдиёна” ҳамда “Бунёдкор” клублари шарафини ҳимоя қилган. Айниқса, унинг “қалдирғочлар” жамоасидаги фаолияти анча ёрқин кўринишда кечди. 2021 йилги Суперлигада Тўхтасинов “Бунёдкор” сафида 23 та учрашувда майдонга тушиб 4 та гол урди. Ўзбекистон Кубоги доирасида эса 4 та ўйинда иштирок этди.
Бундан ташқари, “Навбаҳор” клуби яна бир иқтидор эгаси Ислом Кенжабоев билан ҳам келишувга эришди.
2021 йилги мавсумни Жанубий Кореянинг “Чежу Юнайтед” клубида бошлаб, ёзда “Қизилқум”га қўшилган ўйинчи энди Самвел Бабаян бошчилигидаги “Навбаҳор” учун тўп суради. Кенжабоев навоийликлар сафида 14 та учрашувда майдонга тушган.
Фикрлар