"Навбаҳор"да йиғилиш ўтказилди

“Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб вице-президенти Отабек Саматовнинг ташаббуси билан иқтидорли ва ёш футболчиларга эътибор қаратиш мақсадида, ҳар ҳафта “Навбаҳор”нинг маслаҳатчи-мураббийи, шунингдек, фарм, U-21 ёшлар ҳамда U-18 жамоалари мураббийлари ўртасида йиғилиш ўтказиш йўлга қўйилди.

Бугун “Навбаҳор” жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган “Марказий” ўйингоҳда навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Унда клуб вице-президенти Отабек Саматов, “Навбаҳор”нинг маслаҳатчи-мураббийи, тажрибали мутахассис Виктор Жалилов “Навбаҳор – фарм” жамоаси бош мураббийи Рашид Ғофуров, “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоаси мураббийлари – Усмон Асқаралиев ва Алишер Маҳмудов, “Навбаҳор – U-18” жамоаси мураббийи Аъзам Ражаббаев иштирок этишди.

Йиғилиш давомида клуб вице-президенти барча ёш тоифасидаги мураббийлар вилоятдаги иқтидорли ҳамда маҳоратли футболчиларга кўпроқ эътибор қаратишлари, бу борада баҳамжиҳатликда, ўзаро бирликда, фикр алмашган ҳолда иш олиб боришлари лозимлигини таъкидлади.

Мураббийлар ҳам Наманган иқтидорли футболчиларга бой вилоят эканлиги, уларнинг иқтидорларини тўғри йўналтириш лозимлиги, “Навбаҳор” жамоаларидаги айрим футболчилар Ўзбекистон терма жамоаларига номзод эканликлари, уларнинг маҳоратларидан оқилона фойдаланиш кераклиги борасида ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Жумладан, бу борада Виктор Жалилов ўз фикрини билдириб, иқтидорли ва ёш футболчиларни ўз ёшлари бўйича саралаб олиш кераклиги, улар асосий жамоа таркибидан жой олиш учун U-18, U-21 ёшлар ҳамда фарм жамоаларида ўйнаган ҳолда, яъни босқичма – босқич ўз маҳоратларини оширишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Усмон Асқаралиев ҳам иқтидорли ва ёш футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги, уларни фарм, U-18, U-21 ёшлар жамоаларига кўпроқ жалб этиш борасида ўз фикрини билдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!