"Навбаҳор"нинг қониқарсиз натижаларига ким жавобгар? Клубга нима етишмаяпти? Жамоа етакчиларидан бири шахсий фикрларини айтди

“Навбаҳор”нинг номи доим жарангдор эшитилади. Ўзига яраша ҳурмати ҳам катта. Шунга монанд ҳар йили олдига жиддий мақсадларни қўяди. Аммо мавсум якунига келганда клубни совриндорлар орасидан топа олмай қоламиз. Бу ҳақиқат, шундай эмасми?

Балки бу гаплар наманганлик мухлисларга ёқмас, бироқ воқеликка реал кўз билан қарасак, ҳаммаси ростлиги кўринади. “Навбаҳор” мисолида биз ҳам чемпионатимизда кучли, совриндор жамоа пайдо бўлишини истаймиз, ўз ўрнида бу Суперлигамиздаги интрига ва савиянинг ортишига хизмат қилади.

Хўш, ҳозирги пайтда “Навбаҳор” қаерда юрибди? Совринли ўринлар учун курашаётган клуб турнир жадвалида 7-ўринда боряпти. Бу ҳам етмаганидек, наманганликлар охирги бор биринчи давранинг 9-турида ғалаба қозонганди. Чемпионатимизда 18-тур якунига етди. Шунча пайтдан бери клуб қандай натижа кўрсатди? Асосан дуранг ва мағлубиятлар. Бу “Навбаҳор”га ярашмайдиган ҳолат, тўғрими?

Аслида эса клуб совринли ўринларга муносиб. Лекин жамоага нима бўляпти? Катта мақсадлар учун курашаётган клуб қандай қилиб, 9 та ўйиндан бери ғалабасиз серияни давом эттириши мумкин? Шу ва яна бошқа саволларга жавоб излаш мақсадида жамоа етакчиларидан бири Мирзоҳид Ғофуров билан суҳбатда бўлдик. 

-  Ҳақиқатан бу йилги чемпионат оғир ўтяпти, - дея суҳбатни бошлади Мирзоҳид Ғофуров. - Пандемия нафақат футболга, балки бутун соҳага таъсирни кўрсатди. Футболчилар асосан режа бўйича тайёргарлик кўради. Карантин туфайли режалар бузилиб кетди. Оқибатда спорт формамизни бир текисда ушлаб туриш қийин бўляпти. Бу ҳол яна давом этмоқда. Мана, энди ФИФА кунлари сабабли чемпионатимизда яна бироз танаффус бўлди. Бундай узилишлар ўйинларга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

-  Бундан чиқди, бу йилги оғир кечаётган мавсумнинг тугашини сабрсизлик билан кутяпсизми?

-  Йўқ, бундай демоқчи эмасман. Шунчаки, мавсумни юқори нотада тугатиш керак.

-  “Навбаҳор”нинг ғалабасиз серияси давом этаётганига реал баҳо берадиган бўлсак, бунинг сабабини нима билан боғлаш мумкин?

-  Бунга биргина ниманидир сабаб қилиб кўрсатиб бўлмайди. Озгина-озгинадан қўшилиб, шундай ҳолатга олиб келяпти. Пандемия ҳаммага ҳар хил таъсир кўрсатди. Бунинг устига бирин-кетин омадсиз ўйинларни ўтказа бошладик. Шунинг эвазига футболчилар руҳий тушкунликка тушиб қолди. Рости, бундай вазиятдан чиқиб кетиш қийин бўляпти. Гарчи жамоадаги барча тезроқ ғалабали ўйинларимиз бошланишини хоҳлаяптию, бироқ қийин бўляпти. Бунгача ўтказган учрашувларимизга эътибор берсангиз, ҳужумлар қиляпмиз, бироқ тўп дарвозага кирмаяпти.

гофуров2_1

-  Жамоанинг олдинги ўйинларида ранг-баранглик бор эди. Футболчиларда азарт деган тушунча ҳам сезилиб турганди. Охирги пайтларда эса “Навбаҳор”нинг ўйини нурсиз бўлиб қолди. Футболчиларнинг кўзи ёнмаяпти, тушкунлик жамоани тарк этмаётгани билиниб қоляпти. Бундай вазиятда масъулиятни ўз зиммасига оладиган етакчи етишмаётгандек...

-  Бизда етакчи йигитлар бор. Лекин ҳаммаси етарлича бўлмаяпти. Биласиз, водийда, айниқса, Наманганда мухлислар жуда ашаддий. Улар фақат ғалаба кутади. Таркибимизга бир қатор янги футболчилар келган ва улар бундай босимни илгари кўрмагани учун қийналяпти. Юқорида айтдим-ку, ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб шу ҳолатга етиб келдики, бундан чиқиб кетиш қийин бўляпти. Етакчи деяпсиз-у, лекин ўша етакчи ҳам керак бўлса ёрдам бера олмайдиган ҳолатга тушиб қолгандекмиз. Аммо бундай муваффақиятсизликдан барибир чиқиб кетамиз. Бунинг охири бор. Балки насиб қилса, чемпионатимизда юзага келган навбатдаги танаффус жамоамизга ижобий таъсир қилар.

-  Тўғрику-я, аммо вақт ҳам қараб турмайди. Чемпионат ярмидан ўтяпти. “Навбаҳор”нинг ғалабасиз ўйинлари эса давом этяпти...

-  Биз ҳар доим ўйинларга бир хилда жиддий тайёргарлик кўриб келамиз. Машғулотларимизни кўрсангиз, футболчилар бор кучини бериб ишлайди. Лекин футболда бундай ҳолатлар учраб туради. Ўтган йили ҳам жамоамиз шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолганди. Ҳаммасини унутган ҳолда навбатдаги баҳсларга янгидан тайёргарлик кўрамиз.

гофуров5

-  Жамоада футболчиларнинг кайфиятини кўтариш ва ғолибона руҳни сингдириш учун нимадир қилиняптими?

-  Ҳар томонлама ҳамма нарса қилиняпти. Лекин ўзимиз ҳам ҳайронмиз-да, қани энди шу муваффақиятсизликларимизнинг жавобини билсагу, шунга қараб ҳаракат қилсак! Ҳаммада ҳар хил фикрлар бўлади, жамоа ютмайди, футболчилар эса ҳеч нима бўлмагандек юраверади, деган гаплар ҳам учраб туради. Қайси ўйинчи майдонга тушгач, ютишни истамайди?!

-  Ҳар сафар “Навбаҳор”нинг олдига совринли ўринларни қўлга киритиш ва Осиё Чемпионлар лигасига йўлланма олиш вазифаси қўйилаверади. Бироқ мавсум давомида клубнинг омадсиз ўйинлари яна ҳаммани ажаблантириб қўяверади. Кетма-кет йўқотилган очколардан сўнг “Навбаҳор”нинг мақсади ўзгардими?

-  Вазифамиз ўзгаргани йўқ, ҳаммаси ўз кучида турибди. Ахир ҳали имкониятимиз бор-ку. Бунинг устига олдимизда Кубок учрашувлари ҳам бор. Тўғри айтяпсиз, ҳар йили жамоамиз олдига катта вазифа қўйилади-ю, бироқ бир сабаб бўлиб омадсизликлар юз беряпти. Мана, ўтган йили мураббийларнинг алмашинуви жамоанинг ўйинига таъсир қилди. Бу йил эса пандемия... Аммо профессионал футболчига баҳона қилиш тўғри келмайди. Футбол бир кишининг ўйини эмас. Мен айтаётган гаплардан бошқалар баҳона қиляпти, деб ўйлашлари мумкин. Аммо мен асло баҳона қидираётганим йўқ. Лекин мавжуд вазиятлар мақсадимизни бажариш йўлида таъсирини кўрсатяпти-да. Албатта, ўзимизда ҳам айб бор. Ўйинимиз қовушмайдиган пайтлар бўлади. Футболчилар ҳам одам, темирдан эмас. Майдон текис, тўп юмалоқ. Лекин ҳамма нарсани тўғри тушуниш керак, демоқчиман.

гофуров_2

-  Бош мураббий Андрей Канчельскис ҳам covid туфайли даволаниб чиқди. Унга ҳам осон бўлмаяпти. Аммо холисона фикр билдирадиган бўлсак, у сизларни қандай руҳлантиряпти? Яъни, Канчельскиснинг роли клубда қай даражада билиняпти?

-  Мураббий доим қўлидан келганича жамоани руҳлантириш ҳаракатида бўляпти. Бироқ ҳеч ким омадсизликнинг аниқ жавобини билмаяпти. Ҳар сафар ўйингача бўлган ҳолатда кайфият зўр бўлади, ишга бўлган ёндашув ҳам юқори даражада ва машғулотларда яхши ишлаяпмиз-у, майдонга тушгандан кейин нимадир ўхшамай қоляпти. Омадсиз ўйинларимиз кўпайиб кетяпти. Ўзимиз ҳам тушунмай қоляпмиз.

-  Балки бош мураббий ролида бошқа мутахассис бўлганида “Навбаҳор”ни оғир вазиятдан олиб чиқиб кетган бўлармиди?

-  Билмадим. Балки олиб чиқиб кетган бўларди. Олдиндан нима бўлишини билиб бўлмайди. Балки Канчельскиснинг ўрнида Зидан ёки Моуриньо бўлса ҳам шундай ҳолат давом этаверар. Футболда ҳар нарсани кутса бўлади. “Пахтакор” зўр жамоа, кучли. Ўзимизни чемпионатда ютқазган жойи ҳам бўлди. Осиё Чемпионлар лигасида эса менман деган рақиблардан ҳам яхшироқ ўйнаган пайтлари бўлди. Аммо чорак финалда тўхтади. Футбол шуниси билан ҳам қизиқ-да. Унда кутилмаган ҳолатлар кўп учрайди.

гофуров3_2

-  Бошқа клублардан хабардор футболчи сифатида айтинг-чи, айнан “Навбаҳор”да ўйнаш анча оғир, деб ўйлайсизми?

-  Ҳа, жуда оғир. Бошқа жамоаларга қараганда, бу ерда ўйнаш осон эмас. Айниқса, ишқибозлари ниҳоятда талабчан. Тўғрисини айтиш керак, бошқа жамоаларга қараганда, бу ерда босим жуда катта. Бунга дош бериб ўйнай олишни билиш  керак. Лекин мухлисларимиз учун биз ҳам тезроқ ғалабаларимизни тортиқ қилишни жуда хоҳлаяпмиз. Бу борада улар бизни мана шундай қийин пайтларда қўллаб-қувватлашда давом этишларини истардим. Албатта, ғалабали кунларимиз ҳам келади. Ахир бизнинг ҳам мақсадимиз ишқибозларимизни хурсанд қилиш-ку, бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.

-  Айнан шу ҳолат ҳам якуний натижага таъсир қиляптими?

-  Нима десам экан, баъзи пайтларда ўша босим ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Майдонга тушганда албатта ютишимиз шарт, деган ўй-хаёллар миямизда айланаверади. Ўзимни зўр, демоқчи эмасман, аммо бундай босимларга мослашиб бўлганман. Фақат юқорида айтдим-ку, “Навбаҳор”га янги келган футболчиларга босимни енгиб ўтиш осон бўлмаяпти.

гофуров4_1

-  Шунингдек, “Навбаҳор”нинг ички ва ташқи атрофдаги воқеликлар ҳам доим жамоатчиликнинг эътиборини тортади. Натижада ҳар йили клубда нимадир бўлади. Раҳбарият, мураббийлар штаби ёки футболчилар борасида ўзгаришлар бўлиб туради. Мисол учун яқинда Илҳом Мўминжоновнинг клубга қайтиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар чиқди ва шундан сўнг жамоада йиғилиш ҳам ўтказилди. Бундай ҳолатлар футболчиларга қанчалик таъсирини кўрсатиши мумкин?

-  Шундай воқеликлар ҳам таъсир қилади, албатта. Аммо кимга қанақа таъсир қилиши футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Ҳамма бир хил эмас. Ўйиндан аввал ўша хабар чиқди ва буни ҳар ким турлича тушуниши мумкин.

-  Аслида Мўминжонов ҳақида фикрингиз қандай? У чиндан ҳам “Навбаҳор”га қайтса, вазият ўзгаради, деб ўйлайсизми?

-  Бу ҳақда гапирсам ҳамма ҳар хил тушуниши мумкин. Лекин Мўминжонов “Навбаҳор”да ишлаб кетган, бу ердаги ҳолатни кўрган ва билади. Бу билан бошқа мураббийлар тўғри келмайди демоқчи эмасман. Шунчаки, унга бу ерда ишлаш осонроқ, бу ердаги муҳитни билади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!