Нега Наманганда ғалаба қозониш осон эмас? Миржалол Қосимовдан жавоб

АГМК Суперлига 25-турини сафарда "Навбаҳор"га қарши ўтказди. Беллашувда 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этиди. Олмалиқликлар матбуот хизмати Миржалол Қосимовнинг ўйиндан кейинги фикрларини тақдим этди.

Ҳар доим таъкидлаб келганман, Наманганда "Навбаҳор"га қарши учрашувлар доим шиддатли ва қизиқарли кечади. Наманганда ғалаба қозониш осон эмас. Чунки бу жамоани ҳақиқий ва ашаддий мухлислари майдондаги 12-ўйинчига айланади. Бундай ажойиб муҳит нафақат мезбонларга, балки рақиб сифатида бизга ҳам қизиқ ҳамда ёқимли. Ўйлайманки, стадионга келган ишқибозлар шиддатли ва юқори темпдаги футболни томоша қилишди. Ўйиндаги дуранг натижаси ҳам адолатли бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, олмалиқлик футбол мухлисларини АГМК жамоасининг совриндор бўлгани билан табриклайман. Шунингдек, футболчиларга ва штабдаги мураббий ҳамда барча персоналга миннатдорлик билдираман. Қолаверса, комбинатда ишлайдиган барчани ушбу муваффақият билан табриклайман. Қоровулдан тортиб раҳбариятгача ўз миннатдорлигимни билдираман. Ўтган йили натижа яхши бўлмаганига қарамасдан, раҳбарият ишонч билдиргани учун ташаккур айтаман. Ўйлайманки, бу авваламбор уларнинг ютуғи. Шу боисдан ўзим ва футболчилар номидан раҳбариятга катта раҳмат айтаман.

Ўзбекистон кубоги финали Наманганда ўтади. Шу боисдан ҳам мазкур мусобақа доирасида яна Наманганга келиш ниятимиз бор, - деди Миржалол Қосимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!