Нега Олимпиадага чиқа олмадик?
Хабарингиз бор яқинда Таиланд яшил майдонларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Айтиш керакки, ушбу турнир “Токио-2020” ёзги Олимпиада ўйинларига лицензия бериши билан ҳам аҳамиятли эди. Бироқ амалдаги чемпион ҳисобланган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мусобақада 4-ўринни эгаллади ва Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга кирита олмади.
Келинг, терма жамоамизнинг муваффақиятсизлигига нималар сабаб бўлганини бироз таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Биринчидан, мусобақага 2 ой муддат қолганида кетма-кет Дубай шаҳрида узоқ муддатли ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди. Қайд этиш лозимки, Бирлашган Араб Амирликлари ва Таиланднинг об-ҳавоси умуман бир-биридан фарқ қилади. Табиийки, ушбу вазиятда футболчиларимиз икки ҳил об-ҳавода ҳаракат қилишларига тўғри келди.
Иккинчидан, Суперлига ўйинлари якунланиши биланоқ олимпия терма жамоаси аъзолари ҳеч қандай дам олмасдан йиғинга жалб этилишди. Ўқув машғулотлари эса хорижда ўтказилди. Назаримизда, ўшанда йигитларга чемпионат ниҳоясига етгач, маълум муддат чарчоқларини чиқаришлари учун имконият бериш зарур эди. Бутун мавсум давомида жамоаси сафида асосий таркибда ўйнаган етакчи футболчиларимиз учун бу қўшимча чарчоқни келтириб чиқарди. ОТЖ аъзолари Дубайдаги дастлабки ўқув-машғулотларидан сўнг қолган тайёргарликни Тошкентда давом эттириб, янги йилни ўз оиласи бағрида кутиб олиши ва шундан сўнг Таиландга тўғри Тошкентдан йўл олиши керак эди. Чунки тинимсиз машғулотлар шундоқ ҳам мавсум давомида бор кучи билан ҳаракат қилган футболчиларимизни янада толиқтириб, уларни керак бўлса майдондан бездирган бўлиши ҳам мумкин.
Агар ўртада озроқ “пауза” қилиниб, кейин мусобақага кетилганида йигитлар майдонни соғиниб ҳаракат қилишлари мумкин эди. Узоқ муддатли сафарлар эса футболчиларга салбий таъсир кўрсатиши ҳам бунгача бир неча бор амалда ўз исботини топган. Яъни, ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган бир қатор мутахассислар ҳам терма жамоамизнинг муваффақиятсиз иштироки ҳақида фикр билдирар экан, аксарияти терма жамоамизнинг сафарга анча эрта чиқиб кетгани ва натижада бу ҳол ўйинчиларимизга ҳам турлича таъсир кўрсатганини билдиришмоқда. Мисол учун футболимиздаги таниқли шахслардан бири, “Пахтакор” клубининг спорт директори Жаъфар Ирисметов қуйидагича муносабат билдирди:
- Терма жамоамиз таркибида етарлича ротация қилинмаганлиги ҳақида кўпчилик гапиряпти ва мен ҳам бу фикрларга қўшиламан. Бир ой олдин футболчиларни олиб кетишди. Масалан, “Пахтакор” охирги ўйинини 4 декабрда ўтказган бўлса, 7 декабрда терма жамоа йиғинга кетди. Табиийки, у ерда “Пахтакор”дан ҳам футболчилар бор эди. Ўзимиз ҳам футболчи бўлганимиз учун бундай жараёнлар жуда оғир бўлишини ҳам яхши биламиз. Ўйлашимча, бу ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Қўшимчасига юқорида айтганимдек, таркибда ротация қилинмади. Оқибатда мусобақа давомида 11-12 нафар футболчимизга катта юк тушган. Эътибор берсак, йигитлар деярли 40 кундан ортиқ вақт давомида уйларида бўлишмади. Бундай ҳол эса уларнинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин. 40 кун давомида футболчиларни бир жойда ушлаш бу нотўғри, - дея ўз фикрини билдирди, Ирисметов.
Учинчидан, мусобақа бошланиши билан футболчиларимизга бағишлаб турли роликлар тайёрланди, уларга катта ишонч билдирилаётгани бот-бот такрорланаверди. Бизнингча, бу вазиятда йигитларни бундай нарсалар билан фикрини чалғитмасдан, уларни эркин қўйиб бериш керак эди. Натижада футболчиларимиз ўта катта босим остида қолишди. Улар хато қилиб қўйишдан қўрқиб ўйнашди. Якунда эса ушбу ҳолат йигитларимизнинг ўз кучларига бўлган ишончларини йўқотишларига сабаб бўлди. Чунки кўпчилик терма жамоамизнинг Олимпиада йўлланмасига эга бўлиши борасида бир қадам ёки ярим қадам қолди, қабилидаги фикрларни кўп айтишди ва бундай муносабатлар албатта жамоа аъзоларига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмасди. Бунинг оқибатида йигитлардаги босим ўз-ўзидан янада кучайиб кетди.
Энг ёмони футболчиларни қўллаб-қувватлаш учун уларнинг ота-оналари, яқинлари, Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиев каби мураббийларнинг Таиландга олиб кетилганлиги бўлди. Чунки уларни кўргач футболчиларда бўлган босим икки баробарга ошди. Ота-она, устоз олдида хато қилишдан қўрқиш хисси пайдо бўлди. Натижада айрим футболчилар ўзларини кўрсатиш учун жамоавий ўйинни унутишди, мураббийларнинг кўрсатмасини ҳам тўлиқ бажара олишмади.
Бешинчидан, футболчиларимизга ҳеч қандай ваъдалар берилмаслиги лозим эди. Улар майдонга фақатгина ўз ватани шаънини ҳимоя қилиш учун тушишлари керак эди. Олдиндан ваъда қилинган қимматбаҳо нарсалар, пуллар футболчиларнинг миясини захарлади. Мутахассисларнинг фикрича спортчига олдиндан ниманидир ваъда қилсангиз, у кечаси билан шуни ўйлаб чиқади ва эртага бўладиган муҳим беллашувга руҳан тайёр бўла олмайди.
Умуман олганда, олимпия терма жамоаси Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга жуда муносиб эди. Аслида-ку, бунга ҳақли ҳам эди. Терма жамоамиз Таиландда жами олтита ўйин ўтказди. Эътибор берган бўлсангиз, вакилларимиз биргина Жанубий Кореядан кучсизроқ кўринди. Бошқа рақиблардан эса асло кам эмасди. Ўйин томонлама ҳам йигитларимиз устун жиҳатларини кўрсата олишди. Жанубий Корея эса ҳақли равишда Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Биз эса учун чемпионлик у қадар устивор вазифа ҳисобланмаса-да, аммо Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш биз учун ҳамма нарсадан устун турганди. Лекин муносиб бўла туриб, нима учун охирига келганда қандайдир сабаблар туфайли қоқилаверамиз?! Масалан, миллий терма жамоамиз ҳам жаҳон чемпионати йўлланмаси учун жуда яқин келади-да, якунда бир-иккита гол ёки очко етмай қолгани рўкач қилинади. Олимпия терма жамоамизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Ҳамма айтганидек, ўша бир қадам қолганда биз яна ортга чекиндик. Бу эса чиндан ҳам жуда аламли вазиятдир.
Шунингдек, Олимпиада йўлланмасидан қуруқ қолганимизда бош мураббий Любинко Друлович ҳам танқид остига олинмоқда ва бунга табиий ҳол сифатида қараш лозим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бирор жамоа мақсадига эриша олмаса биринчи навбатда бош мураббийга танқид тошлари отилади. Ахир натижа учун биринчи навбатда бош мураббий жавобгар эканлигини ҳамма яхши билади. Друловичнинг ўзи ҳам охирги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида танқидлар бўлиши нормал ҳолат эканлигига ишора қилиб ўтганди. Шу ўринда айнан мураббий масаласида бироз фикр юритиб ўтсак ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Сербиялик мутахассис ўтган йилнинг январь ойида олимпия терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланганди. Ўтган вақт давомида унга муносиб тайёргарлик кўриш учун чиндан ҳам яхши шароитлар яратиб берилди. Таркиб масаласида ҳам унда кенг танловлар бўлди ва ўзи истаган футболчиларни олиб кетди. Албатта, мусобақа давомида деярли бир хил таркибдан фойдалангани ҳам кўпчиликка ёқмади. Агар ишонинг, биз Олимпиадага чиққанимизда ҳеч ким буларни эсламасди. Аммо вазифа бажарилмадими, демак ўз-ўзидан танқид қилинган ҳолда қаерларда хатоларга йўл қўйгани муҳокама қилинади. Юқорида айтганимиздек, биз мусобақада фақат Жанубий Кореядан кучсизроқ эдик холос. Гуруҳда қийинчиликларга дуч келишимиз ўзи мусобақа олдиданоқ маълум эди. Ахир Жанубий Корея, Хитой ва Эрондек рақиблар билан бир гуруҳда курашиш ҳар қандай жамоага қўшимча қийинчиликлар туғдириши шубҳасиз. Кутилганидек, гуруҳда бизга осон бўлмади. Кучли тўртта жамоа бир гуруҳга тушиб қолар экан, ким ҳам осонликча таслим бўлишни истайди, ҳеч ким! Бунда фақат энг кучлилар ва муносибларгина кейинги босқичга чиқади. Натижада Жанубий Корея билан Ўзбекистон чорак финал йўлланмасига эга бўлди. Айнан бизнинг гуруҳда кимдир якунда чемпион бўлиши ёки ҳеч бўлмаса финалгача етиб бориши олдиндан кутилганди. Ярим финал йўлланмасини тақдим этувчи чорак финалда футболчиларимиз БААни ҳар томонлама чиройли тарзда мағлуб этди. Бир-биридан чиройли голлар, ўз кучига бўлган ишонч ва ажойиб ўйин. Табиийки, 5:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин Олимпиада йўлланмасига бўлган ишонч янада ортди. Ярим финалда Саудия Арабистонига қарши ўйин бизни кутиб турганди. Бу биз учун у қадар қўрқинчли бўлмаган рақиб эди. Лекин ўйиндаги босим барибир йигитларда сезилди. Шунга қарамай, жамоамиз ўйин давомида рақибга қараганда фаолроқ ўйнади. Қатор имкониятларга ҳам эга бўлдик. Аммо ҳужумда ўйнаган Бобир Абдуҳолиқовдаги имкониятларни бир эсланг. Ҳеч бўлмаганда у бўш қолган дарвозани ишғол қилганида балки ҳозир бундай мақолани ёзиб ўтирмасдан, Олимпиада шукуҳидаги мақолани ёзаётган бўлармидик?! Аммо бўш қолган дарвозага гол ура олмаса, мураббийда нима айб? Ахир у майдонга тушиб Бобирнинг ўрнига гол уриб бера олмайди-ку! Очиғи, биз мағлубиятга мутлақо муносиб эмасдик. Лекин қандайдир рикошет орқали ўтказиб юборилган гол охир-оқибат бизни финалдан ҳам, Олимпиададан ҳам маҳрум қилди. Ўша учинчи ўрин учун Австралияга қарши учрашувда йигитларимиздаги босим ниҳоятда кучли эди. Якунда эса биз ярим финал иштирокчилари орасида жуда аламли тарзда тўртинчи бўлдик.
Мадомики, биз катта-катта мусобақаларда четда қолаётган эканмиз, бунга мураббий ёки кимнидир асосий айбдор қилиб кўрсатишдан аввал вазиятга чуқурроқ кириб бориш даркор. Энг аввало биз ички чемпионатимиз савияси, футболимиздаги тизим каби муҳим масалалар ҳақида жиддий бош қотиришимизга тўғри келади. Бу борада гапирадиган бўлсак гап кўп, албатта. Футболимизда қанақа муаммолар борлигини эса ҳаммамиз яхши биламиз. Нега биздан иқтидорли ёшлар Европа клубларида ўйнашмаяптими? Нима учун улар фақат Осиё клублари билангина чекланиб қолишяпти? Япония, Жанубий Корея ва яна бошқа мамлакатлардан етишиб чиқаётган ёшларни қаранг, улар Европанинг етакчи чемпионатларида тўп суришяпти. Чунки уларда футбол тизими тўғри йўлга қўйилган. Шунинг учун доимий равишда ўша мамлакатнинг ёш ўйинчиларига Европада талаб харидоргир. Лекин ўзбекистонлик ёшларга-чи? Афсуски, бизнинг футболимиз ва чемпионатимиздаги ўйинчиларимиз ҳозирча европаликларни ўзига жалб эта оладиган даражада эмас. Бунинг учун футболимиздаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этмас эканмиз, бундан кейин ҳам жаҳон чемпионати ёки Олимпиада йўлланмаларидан аламли тарзда четда қолиб кетаверамиз...
Шуҳратбек Жўраев,
Бахтиёржон Тоштемиров.
Фикрлар
Vodiylik muxlislarga xurmat saqlagan xolda shuni aytish kerakki bunaqa qilib chirangan bilan baribir bizni futbolda 1.2.3 urinlarni kim olishi boshidan ma`lum buladi.
Shunchun bor etiborni yoshlarga qaratish lozim deb uylayman.
Agarda Odil junioor uz mevasini bera boshlasa
Nasaf ,bunyodkor,Mashal akademiyalari shu yusinda ishlashsa biz oxirgi 4-5 yilda yaxshi rivojlanishga erishishimiz mumkin.
Shunchun qayoqdagi legionerlarga sarf xarajat qilgandan kura Nasaf klubiga uxshab yul tutish kerak menimcha