Нима учун “Тоттенхэм” Почеттинони ортга қайтариши керак
Агарда мавсум давом этса, “шпорлар” хатоларини тўғрилашга имкон бўлади…
Премьер Лиганинг 12 тури ортда қолгач, “Шеффилд Юнайтед”га қарши ўйиндаги дуррангдан сўнг (1:1) “Тоттенхэм” мусобақа жадвалида 14 ўринни банд қилиб турган эди. Раҳбарият ниманидир ўзгартириш керак деган қарорга келди ва натижада Почеттинони истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига эса Жозе Моуриньо олиб келинди.
Ўтган йилнинг октабрь ва ноябрь ойи бошида ҳам Почеттинонинг “Тоттенхэм”дан кетишини тасаввур қила олмасдик. Жамоадаги 5 йиллик фаолиятидан сўнг Маурисио “шпорлар”ни олдинга етаклашга ўзида мотив топа олмади.
Жозе Моуриньо билан бўлаётган эксперимент ҳозирча ўзини оқламаяпти. Тўғри, жамоа бир муддат жароҳатлар гирдобига тушиб қолди. Аммо Моуриньодек мураббий ўзини оқлаши учун етарли сабаб эмас.
Ҳаммани хавотирга соладиган нарса – бу Моуриньо “Тоттенхэм”да жуда кам нарсани ўзгартирди. Балки ўзгартиришга ҳам уринмаётгандир. Пресс-конференцияларда ҳам мураббий гўёки ҳозир ёрилиб кетадиган порох бочкасидек ўтиради. Жозенинг қўл остидагилар ҳам унинг бу характерига мослаша олишмаяпти. Почеттинодан сўнг Моуриньо кўзга кўринадиган ўзгариш қилмаган бўлса, мураббий алмаштиришни нима кераги бор эди?
АПЛ коронавирус пандемияси сабаб тўхтатилишидан олдин “Тоттенхэм” ғалабасиз серия қайд этаётган эди. 3 та ўйинда атиги 1 очко тўплай олган жамоа Европа Лигасига йўлланма берадиган ўриндан ҳам пастга тушиб кетганди. Шундан сўнг Почеттино истеъфога чиқарилди ва португалиялик мутахассис олиб келинди.
Шу ерда бир савол туғилади, Жозе Моуриньо “Тоттенхэм”га нима бера олади? Мусобақа якунланишига 9 та тур қолди ва Чемпионлар Лигасига йўлланма берувчи ўринда бўлиши учун эса 7 очко етмаяпти. “Шпорлар”нинг кейинги ўйинлари “Манчестер Юнайтед”, “Вулверхэмптон”, “Челси” ва “Шеффилд Юнайтед” каби мусобақа жадвалида ўзидан юқорида турадиган жамоалар билан бўлишини ҳисобга олсак, Жозе олдида турган вазифани амалга ошириш бир мунча қийиндек, гўё.
Ҳар қанақасига ҳам бу мавсум “Тоттенхэм” учун муваффақиятсиз якунланди. Бу нарсани раҳбарият қанча тез тушунса, шунча тез келаси мавсум учун керакли ҳаракатларни бошлашади. Энг биринчи қилинадиган иш, Жозе Моуриньони истеъфога чиқариб, Моурисио Почеттинони ортга қайтариш керак.
Почеттинонинг истеъфога чиқарилиши лондон жамоасидан кўра, мураббийнинг ўзига кўпроқ фойда келтирди. Ўтган бир неча ой ичида аргентиналик мутахассис фаолиятини давом эттириш учун барча имкониятларини чамалаб олди. Почеттино учун ҳам лондон жамоаси ҳозирда идеал вариант. Нега?
Аввалроқ, Маурисио Почеттино “Реал Мадрид” жамоасига мураббий бўлиши мумкин эди. Лекин мадридликлар Зинедин Зидандан воз кечиш эҳтимоли жудаям кам. Ҳаттоки, ушбу мавсумда Ла Лига чемпионлигини қўлга кирита олмаса ҳам Флорентинио Перес Зиданни истеъфога чиқармаслиги аниқроқ. Почеттино “Манчестер Юнайтед”га мураббий бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар чиққан эди. Лекин Сульшер “Қизил иблислар”ни оёққа турғазиб олди ва қониқарли натижалар қайд этиб келяпти. Демак, Маурисио Манчестерга ҳам бормайди.
Гвардиола “Манчестер Сити”дан кетган тақдирда ҳам Почеттино “шаҳарликлар” таклифини рад этиши тайин. Чунки “Ман Сити” раҳбарияти исталган мураббийга бир мавсум имконият беради ва мана шу бир мавсум мураббий “шок-терапия”ни амалга ошириши керак. У ердаги шартларнинг қатъийлиги Почеттинога ёқмаслиги табиий.
“Тоттенхэм” раҳбарияти эса Почеттинони ортга қайтариб, жамоанинг олдинги стабиллигини қайтара олиши мумкин. Жамоа Маурисио мураббийлигидаги 5 йил мобайнида 4 марта Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритганини ёддан чиқармаслиги даркор.
Агарда жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаса, раҳбарият хатога йўл қўйганини тан олишга мажбур бўлади. Почеттинони ортга қайтариб, стабил ўйинни қайтариш ва мухлислар олқишига ҳам эришиш мумкин.
Фикрлар