Нодирбек Якуббоевдан яна бир супер перформанс - Ҳиндистон таслим этилди!
Нодирбек Якуббоевдан яна бир супер перформанс! Ўзбекистон Олимпиададаги энг принципиал рақибларидан бири — Ҳиндистонга қарши баҳсда муҳим ғалабани қўлга киритди.
Айни пайтда Олимпиадада энг ёрқин ўйин кўрсатаётган шахматчилардан бирига айланган Нодирбек Якуббоев нафақат шахсий натижаси, балки терма жамоага келтираётган очколари билан ҳам алоҳида ажралиб турибди. У бугунги ғалабаси билан Олимпиада давомида терма жамоамизга иккинчи бор ҳал қилувчи очкони тақдим этди.
Аввалроқ Туркияга қарши кечган баҳсда ҳам худди шундай манзара гувоҳи бўлган эдик. Ўша учрашувда учта партия дуранг билан якунланган бўлса-да, Нодирбек Якуббоев партияни охиригача давом эттириб, энг муҳим паллада ғалабани илиб кетган ва Ўзбекистонга жуда қимматли очкони тақдим этганди.
Бугун эса тарих яна такрорланди.
Ҳиндистонга қарши баҳсда оқ доналарда ҳаракат қилган Нодирбек партиянинг маълум қисмида ҳам вақт, ҳам позицион жиҳатдан жиддий босим остида қолди. Бироқ ҳамюртимиз яна бир бор ўзининг энг муҳим фазилатини — охиригача курашиш қобилиятини намойиш этди.
Партия тақдирини ҳал қилган асосий бурилиш эса рақибнинг отни f5 катагига олиб чиқиши билан юз берди. Айнан шу юришдан кейин Ҳиндистон вакили Ниҳал Сарин ферзсиз қолди ва ташаббус тўлиқ Нодирбек томонига ўтди.
Якуббоев эса бу имкониятни қўлдан чиқармади. У устунликни босқичма-босқич кучайтириб, партияни ғалаба билан якунлади.
Шу тариқа, Нодирбек Якуббоев Ҳиндистоннинг кучли ва принципиал рақибларидан бири Ниҳал Саринни таслим этди ҳамда Ўзбекистон терма жамоасига яна бир ўта муҳим очкони олиб келди.
Эътиборлиси, Нодирбекнинг бу Олимпиададаги ўйини нафақат натижалар, балки партиялардаги матонати билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У икки бор жамоа учун ҳал қилувчи паллада саҳнага чиқиб, ғалабани таъминлади.
Олдинда эса бизларни яна бир муҳим тўқнашув — Хитойга қарши баҳс кутиб турибди.

Фикрлар