Нурсултон Рўзибоев: Дўппи тор келиб қолса, сартарошлик ҳам қилавераман

Ўзбек ММА оламида ўз ўрнига эга бўлган. Бир неча йиллардан буён самарали фаолият олиб бориб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган юртдошими Нурсултон Рўзибоев ҳақида кўплаб маълумотларга эгасиз, унинг жангларини томоша қилгансиз... У ҳақида сўнги вақтда кўплаб миш-мишлар, мунозарали ҳолатлар юзага келганди. Шу воқеаларга ойдинлик киритиш мақсадида биз у билан Youtube саҳифамизга интервью қилган эдик. Қуйида унинг қисқача матнли вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Нурсултон аввало, Андижон ҳокими томонидан тақдим этилган совғалар муборак бўлсин!

- Катта рахмат.

- Сизга “Spark” автомобили билан биргаликда 100 млн сўм пул мукофоти ҳам тақдим этилди. Яъни спорт жиҳозлари учун дея, бундан келиб чиқадики, Нурсултон Рўзибоев қандайдир янгиликка қўл урмоқда?

- Тўғри, Шаҳриҳонда ўзимизнинг спорт залимизни бунёд этмоқдамиз. Анча аввал бошлаган эдик. Ҳозирга келиб, фақат ўша жиҳозлар ва ички қисмида бироз таъмирлаш ишлари қолганди. Бундан Шуҳрат Абдураҳмонов хабар топиб, ёрдам тариқасида ушбу маблағни тақдим этди. Бунинг учун, у инсонга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Бу зал фақат ММА га ихтисослашган бўладими?

- Эркин кураш, муайтай, яна бир қатор спорт турлари бўйича тўгараклар бўлади. Умуман олганда барча диққат-эътибор ММА га қаратилади.

- Энди бевосита Тошкентда ўтган GFC турниридаги жангингизга эътибор қаратсак, ушбу тўқнашувда рақибингизни тезроқ нокаутга учратиш мақсадида бироз шошилиб ҳаракат қилгандек таассурот уйғотдингиз?

- Айнан, шундай хаёл пайдо бўлганлиги учун ҳам, жанг узоқ давом этди.

- Мазкур жангдан сўнг, GFC промоушени томонидан шартнома, янги жангларга таклиф бўлдими?

- Шахсан менга ҳали бундай таклиф бўлгани йўқ.

- Узоқ вақтлардан буён Нодир Қодиров мураббийлиги остида фаолият олиб борасиз. Бошқа манфаатли таклифлар ҳам бўлганми?

- Албатта, Нодир акам ҳам муррабийим, менежерим умуман олганда менга боғлиқ барча масалалар билан шуғулланади. Нодир акам ва Шаҳриҳондаги мураббийим Бекзод ака Жияновлар сабабли ушбу даражага етишдим. Тўғри, жуда кўп бундай чорловлар бўлган, яхши мураббийлар бор, бизда машғулот ўтказ дейишган. Лекин халқимизда “Дарахт бир жойда кўкаради” деган нақл борку, бунга доим амал қилиб келаман. Қолаверса, хаёлимга ҳам келмайди бундай юзсизлик қилиш. Бироқ, шундай ҳолатларга гувоҳ бўлиб келяпмиз ҳам. Атрофимиздаги бир-иккитаси учун, Нодир акамни жуда кўп мехнатлари сингди. Аммо улар буни билишмади. Майли, инсофни ўзларига берсин!

- Яқиндагина қирғизистонлик Достон Шаршаев яна бир бор сизни жангга чорлади. Бунга сизнинг жавобингиз қандай бўлади?

- Бу борада шуғулланишмоқда. Агар, шартлари бизни қониқтирса ҳар доим жангга тайёрман.

- Аслида бу жанг керакми сизга?

-  Тўғриси, керак эмас. Чунки у ММАда ўтказган бўлса, битта жанг ўтказган холос. У К-1 да фаолият юритади. Аслида, унданда муҳимроқ жангларни хоҳлайман. Лекин кўп гапириб юборди. ????

- Умуман олганда универсал жангчисиз... Алоҳида бирор бир жиҳатингиз кучли ривожланмаган. Яъни “партер”, қўл-оёқда ҳам бир хил ҳаракат қиласиз. Аслида сиз учун асос бўлган спорт тури қайси?

- Дастлаб каратэ ва қўл жанги билан шуғулланганман. Ҳаваскор спорт туридаги мусобақаларда иштирок этиб кўриб, умуман ғалаба қозона олмаганман. Доимо, мағлубиятга учрайверганимдан сўнг, Россияга ишлагани кетиб қолганман. Маълум вақт ўтгандан кейин келиб, ММАда ўзимни синаб кўрмоқчи бўлдим ва шу оламга кириб келдим.

- Россияда қандай ишлар билан машғул бўлгансиз?

- Эххе, жуда кўп ишлар қилганман. Аслида, профессионал сартарошман. "Дўппи тор келиб қолса" сартарошлик ҳам қилавераман.  ???? Қолаверса, ҳунармандчиликдан ҳам хабарим бор. Чунки, уйда челак ясардик. Россияда эса, цемент заводида ишлаганман. 50 кгли қопларни ташир эдик.

- Қирғизистондаги ноҳуш ҳолатдан сўнг, ушбу мамалакат промоушени WEF турнирларида жанг ўтказасизми?

- Хеч қачон!

- Бунга WEF президенти Руслан Кыдирмышев қандай муносабат билдирди. Умуман ўша воқеадан кейин у билан гаплашдингизми?

- Йўқ гаплашмадим. Аслида яхши инсон. Лекин ўша куни у октагонга чиқиб бир оғиз томошабинларга тинчланишини айтганда, бу даражада бўлмасди.

Тўлиқ ва мукаммал ҳолатини бевосита видео тарзида Youtube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин!