"Сити" ўз юлдузини 99 миллион еврога сотиб юборди
«Манчестер Сити» ва «Тоттенхэм» қанот ҳужумчиси Савионинг трансфери бўйича тўлиқ келишувга келди.
Globo нашри маълумотича, лондонликлар бразилиялик футболчи учун жами 99 миллион евро тўлайди. Шунинг 93,3 миллион евроси — кафолатланган асосий сумма, қолган 5,7 миллион евро эса турли бонуслар кўринишида берилади.
Манбаларга кўра, 22 ёшли вингер кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида жамоани алмаштириш истагини «Манчестер Сити» раҳбариятига етказган. Яқин кунларда Савио Лондонга учиб, «Тоттенхэм» учун тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.
Хабарда таъкидланишича, лондонликлар «Манчестер Сити» ҳужумчиси Умар Мармушни ҳам ўз сафига қўшиб олади. Шу тариқа «Тоттенхэм» икки футболчи учун жами 151 миллион евро сарфлаши режалаштирилган.
Ўтган мавсумда Савио барча мусобақалар доирасида 36 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 3 та голли узатма берди. Умар Мармуш ҳам 36 та учрашувда иштирок этди, унда 8 та гол муаллифи бўлди ва 3 марта шерикларига голли пас йўллади.

Фикрлар