Ўзбек футболчиси ўйнаган учрашувда жамоаси сенсацион рекорд қайд этди
Озарбойжоннинг "Сабах" клуби пайшанба куни Европа клуб футболининг энг нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигасида ўз дебютини ўтказди. Бироқ бокуликлар дунё гранди ҳисобланган "Манчестер Юнайтед"га жиддий қаршилик кўрсата олмади ва 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради.
"Сабах" умумий босқичгача етиб келиш учун тўртта саралаш раундини муваффақиятли босиб ўтди. Озарбойжон клуби йўлида Уэльснинг "Нью-Сейнтс" (2:0, 2:1), Финляндиянинг КуПС (1:0, 2:0), Даниянинг "Орхус" (1:2, 4:0) жамоалари, шунингдек, Исроилдаги Беэр-Шева шаҳрининг "Хапоэль" клуби (1:2, қўшимча вақтдан сўнг 5:2) мағлубиятга учратди. Шу тариқа "Сабах" футболчилари "Қарабоғ"дан кейин Чемпионлар лигаси асосий босқичида ўйнаган иккинчи озарбойжон клубига айланди. "Қарабоғ" бу мусобақада икки марта иштирок этган, ўтган мавсумда эса плей-оффнинг саралаш босқичигача етиб борган эди.
Жамоани литвалик мутахассис Валдас Дамбраускас бошқармоқда. 49 ёшли мураббий учун ҳам бу – Чемпионлар лигаси ва умуман Европа кубокларидаги илк тажриба. Дамбраускас 2002 йили Литвада ўтказилган "Ким миллионер бўлишни истайди?" ўйинида иштирок этиб, ютган пулларини Англияга кўчиб ўтиш ва мураббийлик таълимига сарфлагани билан танилган.
Дамбраускас Чемпионлар лигасидаги тарихий учрашувда "Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Майкл Кэррикни ҳайратда қолдиришга ҳаракат қилиб, майдонга 11 хил миллат вакилидан иборат таркибни туширди: дарвозабон Стас Покатилов (Қозоғистон), ҳимоячилар Аким Зедадку (Жазоир), Эйден Маккарти (Жанубий Африка), Тимотеуш Пухач (Польша), Рахман Дашдамиров (Озарбойжон), ярим ҳимоячилар Умарали Раҳмоналиев (Ўзбекистон), Кахим Паррис (Ямайка), Кристиан Квачукву (Нигерия), Велько Симич (Сербия) ва ҳужумчи Жой-Лэнс Миккельс (Руанда).
Шу билан "Сабах" Чемпионлар лигасидаги дебют учрашувига 11 хил миллат вакили билан тушган тарихдаги илк клуб сифатида қайд этилди.
Бу мавсумдан бошлаб, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Чемпионлар лигасида илк бор майдонга тушаётган футболчилар учун алоҳида нишон жорий этди. Анъанавий юлдузли тўп тасвири туширилган нашивкага қўшимча равишда "Debut" ёзуви туширилган махсус белги қўшилади. Ўйиндан сўнг ушбу нашивка ечилиб олинади ва футболчининг сурати ва имзоси туширилган карточка билан бирга махсус тўпламга жойлаштирилади.
"Сабах"нинг асосий таркибидан фақат Велько Симич аввал Чемпионлар лигасида ўйнаган – у Сербиянинг "Црвена Звезда" клуби сафида 6 та ўйин ўтказган. Покатилов эса Россиянинг "Ростов" клуби таркибида Чемпионлар лигаси учун рўйхатга киритилган, аммо майдонга тушмаган. Миккельс эса Европа клуб футболининг бош мусобақасида ўйнаган Руанда тарихидаги илк футболчига айланди.
"Йигитлар фақат олға юринг"
"Сабах"нинг Чемпионлар лигасидаги илк рақибиоқ "Манчестер Юнайтед" бўлди. Бу гуруҳ босқичида Озарбойжон клубини яна бир қатор кучли рақиблар кутмоқда: сафарда Англиянинг "Арсенал", Испаниянинг "Вильярреал" ва Норвегиянинг "Викинг" жамоаларига қарши ўйинлар, ўз майдонида эса "Барселона", "Боруссия Дортмунд", "Наполи" ва "Славия Прага" клубларига қарши баҳслар режалаштирилган.
Учрашув бошланишидан олдиноқ "Сабах"нинг ғалаба қозониши ёки камида дуранг қайд этиши эҳтимоли жуда паст экани аниқ эди. Шунга қарамасдан, жамоа капитани ва дарвозабони Покатилов майдонга чиқар экан, жамоадошларини "Йигитлар фақат олға юринг", дея руҳлантирди. Дамбраускас эса ҳимояга чуқур ўтириб олиш, беш ҳимоячи билан ўйнаш тактикасига ўтиб кетмади, балки тўрт ҳимоячи билан одатий схемага таянди. Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида "Манчестер Юнайтед" озарбойжонлик меҳмонларни ўрганиб олди, шу боис "Сабах" ҳам тўпни назорат қилиш ва ўйинга киришиш учун қисқа фурсатга эга бўлди. Энг бошидаёқ меҳмонлар пенальти ишлаб топиши мумкин эди – Паррис тўпни жарима майдонига йўллар экан, у аввал Патрик Доргунинг оёғига, сўнг қўлига тегди. Аммо ҳозирги қоидалар талқинига кўра, бундай вазиятда 11 метрли жарима зарбаси белгиланмайди.
Умуман олганда, ўйин ташаббуси "Манчестер Юнайтед" қўлида бўлди. Шунга қарамасдан, илк бурчак зарбасини айнан "Сабах" ишлаб олди. Меҳмонлар сафида энг фаол футболчи Паррис бўлди – у тўпни олдинга олиб чиқишга ҳаракат қилди, аммо бу ҳужумларга етарлича ўткирлик қўшмади. Вақт ўтиши билан инглиз клуби рақибни яхши ўрганиб олди ва фаол ҳужумга ўта бошлади. Бир лаҳзада "Манчестер Юнайтед" футболчилари "Сабах" жарима майдонида қисқа узатмалар билан "квадрат" ўйнашга ҳам улгурди – бу каби манзаралар кўп учрамайди, айрим эпизодларда мезбонлар ҳатто рақиб жарима майдонида тўпни эркин назорат қила бошлади.
"Сабах" "Олд Траффорд"да дарвозасини 27 дақиқа дахлсиз сақлаб турди. Шундан сўнг Доргу чап қанотдан тўпни қабул қилиб, жарима майдонига паст узатма берди, Матеус Кунья эса яқин масофадан зарба билан ҳисобни очди. Қизиғи шундаки, бу гол олдидан "Сабах" футболчиси Парриснинг хатоси қайд этилди – у ўнг қанотдан олдинга ўтиб, ўз ярим майдонида марказга ноаниқ пас берди ва тўп рақибга ўтиб кетди. Шу голдан сўнг озарбойжон клуби бутунлай йўқолиб қоладигандек туюлди, аммо 36-дақиқада "Сабах" ҳисобни тенглаштиришга яқин келди. Паррис ўнг томондан жарима майдонига кириб бориб, аниқ узатма берди, аммо Миккельс яқин масофадан дарвоза йўлини топа олмади.
Айнан шу эпизод "Сабах" учун бурилиш нуқтасига айланди. Танаффусгача "Манчестер Юнайтед" ҳисобни 3:0 қилиб қўйди. 42-дақиқада Юри Тилеманс жарима майдонида тўпни жамоа капитани, яримҳимоячи Бруну Фернандешга узатди, у эса Покатиловни мағлуб этди. 45-дақиқада Беньямин Шешко дарвозабон билан яккама-як вазиятга чиқиб, тўпни унинг ёнидан ўтказиб, бўш дарвозага гол урди.
Иккинчи бўлимда ўйин натижаси деярли аниқ бўлиб бўлган эди. Шунга қарамай, "Сабах" ҳам бир бор хавфли зарба йўллашга муваффақ бўлди – Пухач жарима зарбасини яхши ижро этди, аммо тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди. 68-дақиқада "Манчестер Юнайтед" тўртинчи голни урди: стандарт вазиятдан кейин "Сабах" дарвозаси олдида чалкашлик юзага келди, бир неча рикошетдан сўнг Леандро Мартинес тўпни бўш дарвозага киритди. Шу голдан кейин ўйин амалда расмий тартибда давом этди, холос.
"Сабах"нинг келажаги
63-дақиқада майдонга Россия фуқаролигига эга озарбойжонлик футболчи Алексей Исаев туширилди, 72-дақиқада эса Абдулла Хайбуллаев ўйинга қўшилди. Ўйин тугашига яқин Миккельс яна бир бор гол уриш имкониятига эга бўлди, аммо унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Учрашув охирида "Манчестер Юнайтед" анча бўшашиб қолди ва гол ўтказиб юбориши ҳам мумкин эди. Миккельснинг узатмасидан сўнг Патрик Мбина бош билан хавфли зарба берди, аммо тўп дарвоза устуни устидан учиб ўтди. Умарали Раҳмоналиев ҳимояланиш ва жамоаси ҳужумларини ташкил этишда жонбозлик кўрсатди.
Шунга қарамай, учрашувда кутилмаган сенсация қайд этилмади, аслида бундай натижа кутилмаётган ҳам эди. Кейинги турда "Сабах" Чемпионлар лигасидаги илк уй ўйинини ўтказади – 13 октябрь куни Бокуга "Славия" келади. "Манчестер Юнайтед" эса шу куни сафарда Испаниянинг "Атлетико" клубига қарши майдонга тушади.
Чемпионлар лигасида Раҳмоналиевнинг жамоаси, Ҳусановнинг эса ўзи “экзотик”, деб топилди

Фикрлар