ОЧЛ. "Навбаҳор" саралаш доирасидаги илк ўйинни Наманганда ОФК кубоги ғолибига қарши ўтказади. Ўйин санаси ҳам маълум!

Хабарингиз бор, "Навбаҳор" жамоаси ўтган мавсум Суперлигада вице-чемпионликни қўлга киритиб, Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) йўлланмасига эга чиққанди.

Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) томонидан ОЧЛда Ўзбекистонга 2+2 йўлланмаси тақдим этилгани боис “Навбаҳор” чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидан жой олиш учун ОЧЛ 2023/2024 йиллар мавсуми тақвимига кўра, “плей-офф” доирасида 2 та ўйин ўтказиши лозим.

“Лочинлар”га бу йўлда Уммоннинг “Ал-Сиб” ва Қатарнинг “Ал-Вакра” клублари рақиб бўлади. Уммонликларга қарши кечадиган баҳснинг Наманганда, қатарликлар билан бўладиган беллашувнинг эса Ал-Вакрада бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда “Ал-Сиб” лицензиялаш талабини бажармаганлиги сабаб Самвел Бабаян шогирдлари ОЧЛ “плей-офф”ини иккинчи босқичдан бошлашлари, яъни, Намангандаги ўйин ўтказилмаслиги борасида хабарлар тарқалганди.

Бироқ “Ал-Сиб” клуби ўз расмий сайтида жамоа миллий чемпионат ва ОЧЛ ўйинлари учун лицензияни қўлга киритганлигини маълум қилди.

Ўтган мавсумнинг ОФК кубоги соҳиби, шунингдек, Уммон Профессионал Лигасида 14 жамоа орасида 3-поғонани банд этиб, бронза медалини қўлга киритган “Ал-Сиб” билан “Навбаҳор”нинг Наманганда 15 август куни куч синашиши режалаштирилган. Мазкур жуфтлик ғолиби эса 22 август куни ўтган мавсумда Қатар Юлдузлар лигасида 4-ўринни эгаллаган “Ал-Вакра”га қарши сафарда майдонга тушади.

ОЧЛнинг бўлажак “плей-офф” баҳсларида "Навбаҳор" жамоасига омад ёр бўлиб, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишига тилакдошмиз!

 

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
nawruz.eshmurodoff2017@gmail.com
07/06/2023 18:50
2+2 квота берилади. Бизникилардан эса нари борса 1 таси гурухдан чиқади, шуни ҳам эпласа.