Одил Аҳмедов ЎзМУда ўз футбол академиясини очди
Бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкил этиш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Юртимиз спортчиларининг Осиё ва Олимпия ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, республикамиз ҳудудларида жаҳон андозаларига мос муҳташам спорт иншоотлари барпо этилаётгани, талаба-ёшлар ўртасида «Универциада» спорт ўйинлари оммалашиб бораётгани айниқса эътиборлидир.
2020 йил 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланган эди. Мазкур ҳужжатга асосан, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгилаб берилди.
Мамлакат раҳбарининг Фармонига лаббай дея жавоб берган Ўзбекистон Миллий университети ташаббуси билан эндиликда футбол мухлислари тилида «Ўзбек Марадонаси» номини олган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг футбол академияси ўз фаолиятини бошлайди.
Бугун университет ҳаётида бошланаётган янги тарихий қадамни ташлаш ва унга расмий мақом бериш мақсадида Ўзбекистон Миллий университетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибиятининг мудири Баҳодиржон Онорбоев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Абсоатов, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азизбек Ҳайдаровлар ташриф буюришди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир байрамона тус олди. Меҳмонларни университетнинг турли факультетларида таҳсил олаётган талабалар: спорт турлари бўйича 11 нафар жаҳон чемпионлари, 100га яқин Осиё ва халқаро мусобақалар ғолиблари кутиб олишди.
Чинакам спорт байрамига айланиб кетган тадбир «Спортчи ва ёшлар» очиқ мулоқоти ҳам қизғин баҳс-мунозара, таклиф ва мулоҳазаларга бой бўлди.
Англашув меморандуми олдидан сўзга чиққан спортчи - "Мен учун академияни сифатли ривожлантириш жуда муҳим. Келажакда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишини ва унинг таркибида университетимиз тарбияланувчилари бўлишини истайман. Бу ҳар қандай пулдан ҳам қиммат туради. Асосийси, биз қобилиятли ўйинчиларга диққатни қаратмоқчимиз. Биласизми, ёш футболчилар учун асосийси – бу бор куч-ғайратини аямайдиган устоз. Афсуски, ҳозир бундай устозлар кам. Бугунги кунда кўплаб тренерлар болаларга тўп бериб қўйиб, шу билан пул ишламоқда. Шунинг учун ҳам биз академияга тажрибали чет эллик мутахассисларни таклиф қилмоқчимиз. Чет эллик мутахассислар ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўришади. Бундан ташқари, бизнинг ҳам ёш мутахассисларимиз бошқа мамлакатларга бориб тажриба орттиришлари мумкин. Менимча, шундай йўл билан керакли натижага эришиш мумкин", — деди Одил Аҳмедов.
Фикрлар