ЎФAда муҳим масала юзасидан йиғилиш ўтказилди

Хабарингиз бор, футболимиз тиббиёти самарадорлигини янги савияга олиб чиқиш, барча терма жамоалар, футбол академиялари тиббий ходимларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини замон талабига мос равишда мувофиқлаштириш мақсадида ЎФA қошида Тиббий қўмита ташкил этилди.

Кеча мазкур қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ЎФA раҳбарияти ва турли ёшдаги терма жамоалар ҳамда академиялар шифокорлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб барча ёшдаги терма жамоаларимизда тиббиёт соҳасидаги амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан, шифокорларни тиббий ускуналар, дори-дармонлар, витаминлар билан таъминланиши ва мавжуд камчиликларни бартараф этилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Миллий терма жамоа билан бир қаторда, ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз, аёллар ва футзал терма жамоаларида шифокорлар ва массажчилардан иборат доимий тиббий штаб бириктирилди.

Шунингдек, футболимиз келажаги бўлмиш ёш футболчилар униб-ўсаётган академияларда малакали тиббий хизматни ташкил қилиш, академия ва футбол маҳорат мактабларидаги тарбияланувчиларнинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлишида тўғри овқатланиш ҳамда зарур витаминизацияни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шу ўринда тарбияланувчиларнинг мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб боришни ташкил этиш муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, футбол тиббиётини тизимли ривожлантириш, ушбу соҳага янги кадрларни жалб этиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва улар фаолиятини мукаммаллаштириш борасида қилиниши керак бўлган ишларга тўхталиб ўтилди.

Йиғилиш сўнгида мутахассислар фикрлари тингланиб, келгуси режалар муҳокама қилинди. Иштирокчилар айрим масалалар юзасидан ўзларининг таклифларини билдириб ўтдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!