ОФК ўзбек клубларини эътироф этди

Осиё Футбол Конфедерацияси Марказий Осиё минтақасидаги миллий чемпионатларга эътибор қаратди. Coca Cola Суперлигасида иштирок этувчи жамоалар орасида Олмалиқнинг АГМК клуби Осиё футболи мутасаддиларининг эътиборини ўзига қаратди. Биз эса мақоланинг биз учун тааллуқли қисмини таржима қилишга қарор қилдик.

Ўзбекистон: АГМК "Пахтакор" йўқлигида фарқни қисқартирди

Пайшанба куни ўзининг кетма-кет 3-ғалабасини нишонлаган АГМК "Пахтакор" йўқлигидан фойдаланиб, орадаги фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди. Миржалол Қосимов шогирдлари "Сурхон"га қарши Дарко Станоевичнинг автоголи ҳисобига ғалаба қозонди ва пешқадам билан 2 очколик фарқни юзага келтирди. Бироқ амалдаги Ўзбекистон чемпиони Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштироки туфайли, 2 та кам учрашувда майдонга тушган.

Олмалиқликлар 3-ўриндаги "Насаф"дан 6 очко олдинда. "Аждарлар" бугун 10-поғонани банд этган "Машъал"га қарши ҳаракат қилади ва умумий ўйинлари сонини 18 тага етказиб, бу борада АГМК билан тенглашиб олади. Қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, Қосимов шогирдлари тур якунига кўра, 2-ўринни сақлаб қолади.

Титул пойгасидан ташқарида бўлса-да, "Локомотив" сўнгги баҳсларда ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Мавсумни тушунарсиз бошлаган "темирйўлчилар" жамоа бошқарувига Андрей Микляев келганидан сўнг, кетма-кет ўйинларда муҳим очколарни жамғариб келмоқда. Улар "Металлург"га қарши кечган учрашувда 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекди ва мағлубиятсиз серияни 4 ўйинга етказди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)