ОФК профессионал футбол бўйича семинар ташкил этди
20-22 август кунлари Малайзия пойтахти Куала Лумпурдаги Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳида Профессионал футбол семинари бўлиб ўтди.
ОФКнинг Профессионал футбол бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда клубларни лицензиялаш жараёнидаги янгиликлар ва ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берилди. ОФК мутахассислари билан бир қаторда УEФА вакиллари ҳам Европадаги лицензиялаш жараёни ҳақида, ФИФА мутахассислари эса ташкилотнинг профессионал футболни ривожлантириш бўйича лойиҳалари хусусида тақдимот ўтказди. Шунингдек, семинарда ОФК байроғи остидаги мусобақаларда иштирок этиш шартлари ва ортда қолган мавсум бўйича Осиё футболи сарҳисоби ҳақида сўз борди.
3 кунлик семинарда ОФКга аъзо мамлакатлар вакиллари қаторида Ўзбекистон номидан ЎзПФЛ Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зохиржон Акрамхонов ҳамда ушбу бўлим етакчи мутахассиси Жалолхон Иноғомхўжаев иштирок этди.
Қолаверса, қитъа ва жаҳон футболи экспертлари, шунингдек ОФК Профессионал футбол қўмитаси раиси Парк Жи Сунг ва мазкур қўмита аъзоси Диёр Имомхўжаев ҳам семинарга таклиф этилди.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар