Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов 1 ой аввал: Токиодаги мусобақада энг ёш иштирокчи менман. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!
Бугун Токио Олимпиадаси чемпиони, Ўзбекистон тарихига таэквондо бўйича Олимпия ўйинларининг биринчи медалини тақдим этган Улуғбек Рашитов 9 июнь куни SPORTS.uz сайтига берган интервьюсида қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди:
“Ёшлигимдан спортга қизиқишим баланд бўлган. Уйда, турли киноларни кўргандан кейин иштиёқ пайдо бўлган ва дадам мен спорт тўгарагига боришим кераклигини айтганди. Шу-шу таэквондо билан шуғулланиб келяпман. 6 ёшимдан бери бир мураббий қўл остида машғулот олиб бораман”.
-Анчадан бери спорт билан шуғулланиб келяпсиз. Айтингчи, бу орада спортдан кетиш нияти бўлмаганми?
“Бўлган. Тўғриси, футболга ўтиб келмоқчи бўлганман. Футболни жуда яхши кўраман. Ҳатто, болалигимда кўчада юрсам, онам машғулотларга боришимни тайинлаб, қўнғироқ қиларди. Ўша пайтда дўстларим билан футбол ўйнашни хоҳлардим. Футбол тўгарагига бир неча кун борганман ҳам, бироқ таэквондо бўйича мураббийим барчасини ўз жойига тушириб қўйган”.
-Футболдан воз кечиб, таэквондони танлашингизга сабаб нима?
“Тўғриси, ҳозир аниқ сабабини эслай олмайман. Таэквондо машғулотига келдим, менга маъқул бўлди ва футбол ўз-ўзидан миямдан чиқиб кетди. Лекин ҳозир вақт топиб, футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз. Баъзида ўқув-машғулот йиғинларида ҳам “ўйин куни” ташкил этамиз”.
-Аксарият жангларингизда катта ҳисоб қайд этилади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
“Одатда, биринчи раундда очко жамғаришга камроқ ҳаракат қиламан. Чунки баҳс бошида рақибни ўрганиш кўпроқ муҳим. У қандай ҳаракат қилиши, услуби, заиф нуқталарини ўрганиш лозим. Кейин, иккинчи ва учинчи раундда миямни ишлатиб ҳужумга ўтаман”.
-Ёшлар ўртасидаги Олимпиадада иштирок этганингизга кўп бўлмади. Энди бир неча ойдан кейин катталар ўртасидаги Олимпия ўйинларида иштирок этасиз. Ушбу икки турнир ўртасидаги қанчалик фарқ бор, деб ўйлайсиз?
"Ҳозир фарқни аниқ айта олмайман-ку, лейин 100% биламан, катталар ўртасидаги Олимпиада қийин бўлади. Мен ёшлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига 12 кг миқдорда вазн ташлаб борганман. Шунинг учун, кучим етмай қолганди. Токиодаги мусобақада энг ёш иштирокчи менман. Ҳамма рақибларим 20 ёшдан ошдан йигитлар. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!"
Қуйида тўлиқ интервьюни томоша қилиш имкониятига эгасиз:
Фикрлар