Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов фаолиятидаги энг қийин жанг ва Олимпиада ҳақида 1 ой олдин нималар деганди?

Бугун Токио Олимпиадаси чемпиони, Ўзбекистон тарихига таэквондо бўйича Олимпия ўйинларининг биринчи медалини тақдим этган Улуғбек Рашитов 9 июнь куни SPORTS.uz сайтига берган интервьюсида қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди:

-“Turkish open” турнири финалида жанг якунига 16 сония қолганида ажойиб камбэк уюштирган эдингиз. Ўша кундаги эмоциялар ҳақида гапириб ўтсангиз

"3-раунд олдидан 17:8 ҳисобида мағлубиятга учраётган эдим. Туркиялик рақибим бўйи пастлиги туфайли менга жиддий муаммо туғдирганди. Бутун жанг давомида қийналдим. Туркияда туркиялик спортчига қарши курашяпман, қолганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Мураббийларим охиригача жанг қилишим кераклигини айтди ва шундай қилдим. Озгина ақлимни ишлатиб, характер кўрсатиш эвазига ғалаба қозондим.

Жанг тугашига 3 сония қолганида рақибим клинчга кириб бир-неча зарбалар берди ва яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Мен хаёлимда: “Вай, ҳозир ҳакам яна унга очко бериб юборади”,-деб ўйлагандим. Бироқ ундай бўлмади ва мен ғалаба қозондим". 

-Ўша жараёнда реферилар очкони анча пайт муҳокама қилди. Бу вақт оралиғида ҳаёлингиздан нималар ўтди?

"Ҳакам рақибимдан очко олиб ташлашини кутмаган эдим. Шунинг учун қолган бир неча сония ичида қайси усулда зарба беришни режалаштирдим. Лекин рефери унга жарима қўллади ва ўз-ўзидан мен ҳисобда олдинга чиқиб олдим". 

-Фаолиятингиздаги энг қийини сифатида қайси жангни эътироф этган бўлардингиз?

“Менимча, 2019 йилги Рим шаҳрида бўлиб ўтган Гран-придаги жангим бўлганди. Бу катталар ўртасидаги мусобақалардаги илк иштироким эди. Турнирдан бир ой олдин қўлимни синдириб олгандим. На машғулотларда қатнашдим, на югурдим, на спарринг тушдим, кейин гипсни ечдим ва менга Гран-прига боришимни айтишди. Даянга чиққач, бир дақиқадан кейин умуман кучим қолмади, ҳеч қачон бу даражада чарчамагандим. Ўшанда шуғулланмасдан ютиш мумкин эмаслигини англаб етганман. 

-Ҳаётдаги энг катта мақсадингиз нима?

Худо хоҳласа, Олимпиада чемпиони бўлиш. Ҳозир ҳаёлимда фақат Олимпия ўйинлари бўлиб турибди.

Қуйида тўлиқ интервьюни томоша қилиш имкониятига эгасиз:

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!