"Олтин тўп" ижрочи директори ОАВда тарқалган рўйхат бўйича изоҳ берди

"Олтин тўп" ижрочи директори Марк Лас испан ОАВларида пайдо бўлган овоз бериш натижаларига жавоб берди.

“Ғолибни фақат икки киши билади - мен ва France Football раҳбари. Кимдир ғолибни биламан ёки рўйхати бор деса, ёлғончи бўлади”, — дея Ласанинг сўзларидан иқтибос келтирди Madrid Universal нашри.

Эслатиб ўтамиз, ОАВда пайдо бўлган рўйхатга кўра, бу галги "Олтин тўп" соврини "Реал"нинг бразилиялик вингери Винисиус Жуниорга берилади. Бу борада иккинчи ўриндан "Манчестер Сити" футболчиси Родри жой олган. Кучли учликни "Реал"нинг яна бир вакили Жуд Беллингем якунлаб берган.

Оммавий ахборот воситаларига сиздирилган иккинчи рўйхатда натижалар бошқачароқ. Унга кўра, "Олтин тўп"га "Манчестер Сити" ярим ҳимоячиси Родри сазовор бўлади. Винисиус иккинчи, Беллингем эса яна учинчи ўринни эгаллайди.

"Олтин тўп"ни аслида ким олишини бугун, 28 октябрь куни билиб оламиз. Маросим Париждаги Шатле театрида Тошкент вақти билан 23:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!