Мураббий Европага кетмоқчи бўлаётган Умаровнинг характерини “синдирмоқчи”!

Россия, Украина, Беларусь ва ҳатто Қозоғистон чемпионатлари ўзбекистонлик футболчилар учун Европага йўл очиш имкониятига эга экани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Чунки бу мамлакат лигаларидаги етакчи клублар Еврокубоклардаги иштироки орқали футболчиларга ўзини европалик мутахассисларга намойиш қилиши мумкин. Қолаверса, УЕФАга аъзо чемпионатлар доир эътибор ва кузатувда.

Жумладан, Элдор Шомуродовнинг Россия премьер-лигасидан “Женоа”га, Жасур Яхшибоевнинг Беларусдаги муваффақиятли мавсумдан сўнг Польша чемпиони “Легия”га ўтгани юқоридаги фикримизга далил бўлади.

Аслида ҳамюртларимизнинг Европанинг кучли чемпионатларини кўзлаётганидан қувонишимиз керак. Лекин Европанинг кучли ёки ўртамиёна лигалари тўғридан тўғри Ўзбекистондан бирор футболчини трансфер қилишига ҳеч ким ишонмайди. Шу боис, ўзбек футболи тарбияланувчиларининг мақсад сари юришларини Россия, Беларусь ва Украина жамоаларидан бошланаётганини оқлаш мумкин.

Европанинг кучлироқ чемпионатларига кетиши мумкин бўлган футболчилардан бири Шаҳбоз Умаровдир. Бу футболчи Беларусдаги иккинчи мавсумини жуда муваффақиятли бошлади. Унинг бу йилги мақсади ҳам аниқ - чемпион бўлиш, энг кўп гол уриш ва голли паслар бўйича ҳам етакчилигини кўрсатиш.

0095e898611eba711a350f7811851

Ҳозирча натижа ёмон эмас. Учта учрашувда учта гол. БАТЭ секин-аста ўзбек легионерига боғланиб қолмоқда. Аслида ҳам борисовликлар Шаҳбозни етакчи ролига таклиф этган.

Хориж нашрларининг ёзишича, Умаровнинг ҳам “кўҳна қитъа”нинг кучлироқ чемпионатига олиб кетишларига шубҳа йўқ.

- Вақти келиб, Умаровнинг ҳам Европа клубларига ўтганини кўришимиз шубҳасиз. Бунинг учун у майдонида маҳоратини кўрсатишда ва “Гомель” дарвозасига киритилган иккита чиройли гол сингари бошқа беллашувларда ҳам рақиблар дарвозасини ишғол қилишда давом этиши керак, - деб ёзади soccer365.ru  сайти журналисти Антон Мартисевич.

БАТЭнинг ҳақиқий топилмаси, деб баҳоланаётган Шаҳбоз Умаров ўзи қаҳрамон бўлган “Гомель”га қарши ўйинни бошланғич таркибда бошламади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, борисовликлар бош мураббий Виталий Жуковский ўзбек футболчисига нисбатан тарбиявий усул қўллаган. Биринчи турда “Слуцк” дарвозасига жамоасининг илк голини уриб, асосий фигура эканини кўрсатган Шаҳбоз Умаров “Динамо-Брест”га қарши ўтказилган ва ҳисоб очилмаган иккинчи ўйинда мураббийга ёқмайдиган характерини кўрсатган.

Мураббий назарида Брестдаги беллашувда яхши ўйнай олмаган легионеримиз, баҳс давомида жамоа етакчиларидан бири Павел Нихайчик билан қулай позициядаги жарима зарбасини ижро этишни талашиб қолган.

Аслида тажрибали мураббий Виталий Жуковский аввал ҳам Шаҳбоз Умаровнинг характери ўзига хослигини инобатга олиб, у билан жиддий шуғулланиш лозимлигини, шунда ўзбек футболчиси янада кучайишини таъкидлаган эди. Мутахассислар Умаровнинг салоҳиятини янада кўпроқ намоён қилиши учун у ўйин бобида барқарорликка эришиши ва эмоционал нуқтаи назардан ўзини назорат қилишни ўрганиши кераклигини айтмоқда.

20210314225641_1

Бироқ, яхши биламизки, спортда инсон характери кўп нарсани ҳал қилади. Ўзига хос характерга эга бўлган спортчилар ўзига кўпроқ ишонади, масъулиятни бўйнига олишдан қўрқмайди, жамоани ортидан эргаштира олади. Характерсиз лидерлар бўлмайди. Жаҳон футболида бунга мисоллар жуда кўп.

Шаҳбоз Умаров учун ҳам Беларусь олий лигаси Европанинг кучлироқ лигалари ва клубларига ўтишида трамплин бўлиб хизмат қилиши лозим.

Диққат: Умаровдан зўри йўқ!

"Кўп гол урсам, Абрамов термага чақиради!"

Тўпурар легионерни терма жамоага чақирсак бўлмайдими?

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)