Ўрунов янги устоз қўл остига ўтади!
Россия премьер-лигасидаги жойини сақлаб қолишга интилаётган “Уфа” янги бош мураббийни кутмоқда.
Маълумки, ўтган мавсумда жамоа билан яхши натижаларни қайд этиб, ўзига хос ўйин услубини шакллантирган Вадим Евсеев бу галги чемпионатда жамоани ғалабаларга илҳомлантира олмади. Тажрибали мутахассис “Уфа”нинг ўйин сифати тушиб кетганини ёзги трансферлар вақтида Остон Ўрунов бошчилигидаги етакчи футболчилар бошқа клубларга трансфер қилингани ва уларнинг ўрни маҳоратли ижрочилар билан тўлдирилмагани билан изоҳлади.
“Уфа” раҳбарияти ўтган йилнинг октябрь ойида жамоа бошқарувида ўзгаришга қўл урди Натижа кўрсата олмаган Вадим Евсеев ўрнига бой тажриба эгаси Рашид Раҳимов таклиф этилди.
Аввалига ҳаммаси жамоа учун муваффақиятли бошланди. Уфаликлар янги йилгача “Тамбов” ва “Ростов” устидан ишончли ғалабага эришди. Қишки трансферлар вақтида жамоа таркиби кучайтирилди ва “Уфа”га Англияда ўйнаган Мориц Бауэр, Норвегияда ўзини кўрсатган Парфе Бизоза ва “Спартак”дан Остон Ўрунов олиб келинди. Мухлисларда жамоа қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан қутилгандек кўринган эди.
Жамоа кучайтирилганига қарамай, кетма-кет мағлубиятлар Рашид Раҳимовнинг ҳафсаласини пир қилди. Жамоани юқори лигада олиб қолишга кўзи етмаган мутахассис куни кеча якунланган 24-турда “Динамо”дан қақшатқич мағлубиятга учраганидан кейин кутилмаганда истеъфо берди.
Бу орада жамоага Вадим Евсеев қайтарилиши ҳақида хабарлар тарқатилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Уфа” раҳбарияти жамоани Миллий футбол лигасида “Велес”ни муваффақиятли бошқараётган Алексей Стукаловга топширишга қарор қилган. Буни бир неча манбалар тасдиқлади ва уларнинг маълум қилишича, томонлар икки йиллик шартнома шартларини келишиб бўлган. Яқин орада шартнома имзоланиши кутилмоқда.
Аслида уфаликлар бу мутахассисни Вадим Евсеев кетиши билан олиб келмоқчи эди. Бироқ, ўшанда ҳамкорлик шартлари бўйича бир тўхтамга келинмаганди. Энди вазият ўзгарди. “Уфа”ни мураккаб вазиятдалигини инобатга олиб, ҳар қандай мураббий ҳам жамоани қабул қилиб олишга ботина олмайди.
Алексей Стукалов Миллий футбол лигаси дебютанти “Велес”ни муваффақиятли бошқармоқда. Бу жамоа юқори ўринлар учун курашяпти. Ҳозирда Москва шарафини ҳимоя қилаётган ёш клуб мусобақа жадвалида “Нефтехимик” билан еттинчи ўринни бўлишиб турибди. Стукалов шогирдлари 34 та учрашувдан 15 тасида ғалаба қозонган ва ўн марта дуранг қайд этган. Очколар ҳисоби 55 тани ташкил қилмоқда.
Остон Ўрунов тўп сураётган “Уфа” эса 24 та ўйиндан учтасида ғолиб чиққан холос ва бешта дуранг қайд этиб, 16 та баҳсни бой берган. Уфаликлар 14 очко билан 15-поғонада бормоқда. Ўзидан юқоридаги “Арсенал”дан уч очко ортда қоляпти.
Ўзбекистонлик легионер “Уфа”да мавсум охиригача ўйнайди. Клубга бош директор бўлган Шамиль Газизов Ўрунов масаласини чемпионатдан сўнг ҳал қилишини билдирди. Трансфер ҳуқуқи “Спартак”га тегишли футболчини уфаликлар 3 миллион еврога харид қилиш имконига эга. Бироқ бунинг учун жамоа юқори лигадаги жойини чақлаб қолиши керак.
“Уфа” премьер-лиганинг 25-турида ўз майдонида “Ахмат” жамоаси билан куч синашади.
Фикрлар